Қонун тили халқона бўлса...



 
  Расм манбаси : Aniq.uz

Коллеж ўқувчиси тенгдошига тиғ урди... Жисмоний тарбия ўқитувчиси ўқувчининг тоғаси томонидан пичоқланди... Хоразмда ўғри сазойи қилинди... Автотураргоҳда бир йигитни уч киши дўппослади... Кишини ларзага соладиган хабарлар оқими бу билан тўхтамайди, шиддат билан яна давом этади: бу қандай гапки, 14 нафар ўқувчи бир бўлиб тарих ўқитувчисини калтаклаган. Оқибатда ўқитувчи жиддий тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган...

Қонун бўйича... “саводсизлик”

11-синф ўқувчилари нега бунчалар ваҳшийликка боришди?! Танбеҳ берган ўқитувчига қўл кўтартирган омиллар нима? Эҳтимол, “вояга етмаганларга ҳеч нарса қилмайди, қонун бу вазиятда чорасиз”, деган калтабин ишонч ўқувчиларга пишанг бергандир?! Агар улар қонунни эшитганлари бўйича эмас, ўқиб-ўрганганларида эди, жарима билангина қутулиб кета олмасликларини билган бўлардилар. Энди эса 14 нафар ўқувчи ички ишлар идораларида махсус ҳисобга олинди. Бу – кейинги бекат болалар колонияси дегани.

Шу ўринда бир савол туғилади: нега болаларимиз тугул биз катталар ҳам қонунларни билмаймиз, унга беписанд қараймиз? Ахир, тўғри яшашнинг йўли битта – қонунларга итоат этиш эмасми? ОАВнинг барча турлари тинмай бонг ураётган бир паллада тадбиркорнинг ери тортиб олиниши, унинг пора эвазига иш бош­лаши, текширувчига ҳужжат эмас, зиёфат тақдим этиш каби турли ножоиз ҳолатлар нега камаймаяпти? 2012 йил 24 декабрда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида ҳам “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устуворлиги сўзсиз тан олиниши” ҳамда “Ўзбекистон Респуб­ликасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекис­тон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилиниши” белгилаб қўйилган-ку?! Нега шунда ҳам одамлар қонун асосида эмас, ундан ташқарида фаолият юритишни афзал билишмоқда? Қонун бўйи­­ча “савод” чиқариш, ўрганишга интилмаяпти?

Балки бу “саводсизлик” сабабларидан бири қонунлар тилининг мураккаб­лиги, оммага мослаштирилмаганлигидандир. Кўпдан-кўп меъёрий-ҳуқуқий, қонун ва қонуности ҳужжатларининг тилига бир эътибор беринг, жуда ғализ. Услубий нотўғри қурилган, силлиқлик ва лўндалик етишмайди. Албатта, расмий тил кўча тилидан фарқ қилиши шарт. Одам ўзаро гап­лашув тилида қонунни ҳам “ўқиб” кетавермаслиги тушунарли. Лекин қонуннинг эмин-эркин ишлаб кетишини таъминлайдиган жиҳатлардан бири унинг енгил ўқилиши, осон тушунилиши, тез ёдда қолишида ҳам эмасми?! Масалан, “Давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмининг белгилангандан ортиқча тиббий ва бошқа хил хизматлар кўрсатиш қўшимча хизматлар бўлиб, аҳоли томонидан белгиланган тартибда ҳақ тўланади” (“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонун, 8-модда). Бу ерда тиббий хизматга қай ҳолларда ҳақ тўланиши кўзда тутилмоқда. Грамматик жиҳатдан ўзбек тили тушуниш ва ўрганиш қулай бўлган тиллардан ҳисобланади. Уни “Қонунда белгилангандан ташқари кўрсатилган тиббий ва бошқа хил хизматлар қўшимча хизматлар ҳисобланиб, уларга аҳоли ўрнатилган тартибда ҳақ тўлайди” тарзида тушунарли баён этиш мумкин эди-ку!

Ёки кўпчилик қонун ҳужжатларининг матни жумла ичида жумла, “ва”, “ҳамда” билан уланиб кетаверган узун мураккаб гаплиги ойдинлашади. Масалан “Виж­дон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасини (5-қисми) олайлик:

“Чет эл фуқаролари ВА фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Рес­публикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ВА диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҲАМДА виждон эркинлиги ВА диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар” (таъкид бизники – муаллиф).

Тўғри, бундай усул сўзлашув жараёнида ўзини оқлайди. Чунки тин олиш, мантиқий урғу бериш, оҳангни ўзгартириш, овозни баланд-пастлатиш, суръатни тезлатиш ёки секинлатиш ва юз ифодаси каби бир дунё ёрдамчилар энг ғализ жумлани ҳам тушуниш, қабул қилишни енгиллаштириши мумкин. Бироқ ёзма матнда бундай “ёрдамчилар” имконияти чекланган. Унда қисқа, лўнда ифода, аниқ тасвир ва тўғри танланган сўз назарда тутилаётган маънони “очади”.

Яна қонунлар матнларида давлат тилига ёт бўлган сўз қурилишлари кўп учрайди: “Иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмас” (Меҳнат Кодекси, 177-модда). Мазкур моддадаги “ҳақли эмас” ўрнига “ҳақи йўқ”ни қўллаш мумкин эди ва бу тўғрироқ бўларди. Бунинг учун малакали филолог бўлиш шарт эмас.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ғализлик номланишданоқ бошланган — “виж­дон эркинлиги”. Бу нима дегани?! Виждон қандай қилиб эркин бўлади?! Виждон эркин эмас, ё бор, ё йўқ бўлади! Шу тушунча “эътиқод эркинлиги” тарзида ифодаланиши керак эмасми? Ахир, қонуннинг 3-моддасида “Виждон эркинлиги фуқаронинг ҳар қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конс­титуциявий ҳуқуқи” экани белгилаб қўйилган-ку! 1991 йилда қабул қилинган мазкур қонунга СССРнинг 1990 йилдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни асос қилиб олинган. Кейинчалик (1993 йилда 9, 334-модда, 1998 йилда 11, 16) муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган (ҳозир янги таҳрири кўриб чиқилмоқда). Бу қонунни ҳам қайта кўриб чиқиш, жиддий таҳрир қилиш вақти келди.

Тажрибами ёки кўчирмакашлик?

Ҳар бир жабҳа тажриба алмашиш, инновацион ғоялар киритиш, иш бермаётган механизмни самаралисига алмаштириш орқали ривожланади. Қонун ижодкорлиги ҳам бундан мустасно эмас. Соҳа мутахассислари хориж таж­рибаларидан фойдаланиш, илғор ғояларни ўрганиш мақсадида хизмат сафарларига чиқишади, турли семинарларда иштирок этишади. Халқ бу жараённи катта қизиқиш ва кучли умид билан кузатади. Аммо шунча шов-шув, сарф-харажат, оворагарчиликдан сўнг эълон қилинган қонунлар таржимадан иборатлигини кўриб ҳафсаласи пир бўлади. Ҳар ҳолда “жаҳон тажрибасини ўрганиш” у ердаги тайёр қонунни ўзбек тилига таржима қилиб қўйиш, дегани эмас-ку! Ҳар бир давлат қонуни минг йиллик анъаналар, аҳоли тафаккури, давлатнинг жўғрофий жойлашуви, иқлими, кимлар билан қўшни экани, асосийси, ЎЗ ХАЛҚИНИНГ МАНФААТЛАРИни назарда тутган ҳолда тайёрланиши керак эмасми?! АҚШда ўзини тўлиқ оқлаган қонун бошқа жойда акс таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам бизда қонунлар “ўзимизники” бўла олмаяпти, қонун тили эса ғайриўзбекчалашиб кетяпти. Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида келтирган қуйи­даги далилларга эътибор беринг:

“Турли йиллар мобайнида Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган 154 норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг иловалари давлат тилида тасдиқланмаган. 2018 йилда қабул қилинган вазирликлар, давлат қўмиталари ва агентликларнинг 34 та қўшма қарори ҳам давлат тилида эмас. Бунинг устига, кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда “Рус тилидаги матнга қаранг”, деган ҳаволаларнинг мавжудлигини эса давлат тилига ўта ҳурматсизлик сифатида баҳолаш мумкин”.

Чиндан-да, ҳар бир тилга хос маъно қатламлари, имкониятлари, грамматик тузилма, луғат бойлиги такрорланмасдир. Шу билан бирга хориж тажрибасини ўрганиш ўрнига кўчириб қўя қолинаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бирор қонун ҳақида гапирганда соҳа мутахассислари оғзини тўлдириб “АҚШ, Германия, Буюк Британия, Австрия, Россия, Латвия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон каби давлатларнинг мазкур йўналишдаги қонунчилик тажрибаси инобатга олинди” дей­ди. Жаҳон тажрибасини инобатга олиш билан тайёр қонунни олиб, таржима қилиб қўя қолишнинг фарқи бўлса керак? Биз кўчираётган қонунлар ўша халқдагина учрайдиган специфик ҳолатларга асосланади-ку, ахир! Ё Ўзбекистонда қонун ёза оладиган мутахассислар йўқми?! Бизда бундай мутахассисларни тайёрлаб берадиган бутун бошли Тошкент давлат юридик институти бор (1991 йил 15 августда ташкил этилган, 2013 йил 28 июнда университет мақоми берилган). Бу ерда қонун ижод қила олмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, хорижий қонунни маҳаллий шарт-шароитга мослаштирадиган, қайта ишлайдиган, давлат тилига маҳорат билан ўгирадиган мутахассислар етишиб чиқаётгандир? Балки қонун ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнига филологлар, тилшунослар, миллатининг хоҳиш-истагини яхши тушунадиган мутахассисларни жалб этиб кўриш керакдир?..

Қонун ҳаммага тушунарли бўлсин!

Қонунлардан қочиб эмас, уларга асос­ланиб яшаш керак. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қонун барча учун қулай, тушунарли ва ҲАММАГА БИР ХИЛ бўлиши зарур.

Шу маънода тилга олинган камчилик­лар, бир жиҳатдан, қонун ишлаб чиқариш техникаси билан ҳам боғлиқ. Қонун ишлаб чиқарилиш жараёнида унинг халқ ҳаёти, ҳудудлар манфаати, ҳуқуқий асос­лари каби жиҳатлари қамраб олинган тақдирда ҳам уни ифодалаш тарзи эътирозга сабаб бўлиши мумкин. Бош­қача айт­ганда, қонун ишлаб чиқиш техникасига кўра муайян сўзлар, тушунчалар ва гап тузилмалари қонун матнида қўлланилмайди (“ҳақи йўқ” ўрнига “ҳақли эмас” каби). Чунки қонун ишлаб чиқарилишига қўйиладиган талаблар доирасидан четга чиқиш мумкин эмас – тамом-вассалом. Менталитетимизга, давлат тилига мос, тушунишга қулай бўлса-да, кўпгина сўзларга бемаъни тақиқ мавжуд. Масалан, суд-ҳуқуқ соҳасида тергов ҳужжатлари расмийлаштирилаётганда “показание” сўзи негадир “кўрсатув” шаклида қўлланади (маънони тўлиқ ва тўғри очиб берадиган “гувоҳлик” ёки жиллақурса “кўрсатма” сўзи тургани ҳолда). Тилимиз эфирга узатиладиган дас­тур ва жиноятни очишга ёрдам берадиган гувоҳлик сўзларини битта сўз билан ифодалайдиган даражада камбағал эмас-ку?!

Муҳайё Исмоилова,

филология фанлари номзоди,

"Ишонч" газетаси

2019-01-11 14:15:35  |  2139 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация