Зиёратгоҳга келган ўғри тавба қилдими ёки...



 
  Расм манбаси : “Huquq” газетаси

Ўттиз ёшдан ўтиб ҳам Шодиёрнинг «ақли кирмади». Ҳаётининг ўн йили жазо ўташ билан ўтган йигит тузалиш йўлига ўтмади, тўғрироғи, буни истамади. Ўғрининг ўзи тавба қилса ҳам, қўли тавба қилмайди, деганларича бор экан. Шодиёр қўли эгрилигидан ор қилмади.

...Тўртинчи бор судланганида 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган, жазонинг ўталмай қолган 1 йил-у 10 ойи ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилганида унинг ўз қилмишларидан хулоса чиқаришига, тўғри йўлга киришига умид қилишганди. Афсуски, жазони ўташ масканидан қайтганига ҳеч қанча бўлмаган Шодиёрнинг қўлларига яна кишан солинди.

Муқаддас қадамжо – Ҳожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий зиёратгоҳи ҳудудидан чиққан Шодиёр ён-атрофга қаради. Гуноҳлари учун тавба-тазарру қилиб, зиёратга келибди-да, деб ўйладингизми? Қани эди, нияти шундай бўлганида...

Зиёратгоҳ ёнидаги ҳовли дарвозасига эрталабдан қулф осиғлиқ эканини кўриб, «Уйда ҳеч ким йўқ экан-да», дея кўнглига шайтон оралади. Уйнинг орқа томонига ўтди. Кичик дарчани итарганди, очилиб кетди. Ичкари хоналарга қийинчиликсиз кирган ўғри, бўш шкафда осиғлиқ рюкзакни пайпаслаб кўрди: Пул! Уларни санаб ўтирмай чўнтагига урди-да, орқасига қайтиб, кирган йўлидан чиқиб кетди. Кетаётиб, эшик дастакларидаги қўл ва ердаги оёқ изларини йўқотишни ҳам унутмади.

Кечга яқин қайтган уй эгалари уйдан 4 млн. 600 минг сўм пуллари йўқолганини пайқашди ва ўғирлик ҳақида ИИБга хабар беришди.

Шодиёр улфатбозлик қилиб, икки-уч кундаёқ пулларни деярли совуриб юборди. Улфатларига «Зонада ишлаган пулим», дея мақтаниб ҳам қўйди. Рўзғорга у-бу кўтариб келганини кўрган онасининг кўнглига шубҳа оралаб, сўраганида ҳам шу ёлғони билан уни «овутди».

Жиноятнинг тўртинчи куни уйига уни сўраб келган ИИБ ходимларини кўрган Шодиёр қилмишини тан олди. Бу гал суд томонидан хавфли рецидивист Шодиёр Бўронов (исм-фамилияси ўзгартирилган)га 6 йил-у 6 ой муддатга  озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ш.Бўроновнинг яна жиноят содир қилишига асосий сабаб нима? Шахснинг жиноят қилишга мойиллигими? Ҳа. Аммо у яшайдиган қишлоқ фуқаролар йиғини томонидан қишлоқ ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида жиноятчилик ва унинг олдини олиш, жиноят учун жазо муқаррарлиги борасида тегишли ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилмагани, ҚФЙ ва профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда жиноят содир қилишга мойил бўлган шахслар орасида профилактик суҳбатлар ўтказилмагани, улар устидан жамоатчилик назорати ўрнатилмагани ва имкон қадар уларнинг ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилмаганлиги ҳам сабабдир.

Бундан барча фуқаролар йиғинлари мутасаддилари ва профилактика нозирлари хулоса чиқаришлари лозим. Шунингдек, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини янада кучайтириш зарур.

Шуҳрат ҲИКМАТОВ,

Пешкў туман прокурори

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-10-19 18:10:54  |  1619 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация