Фоҳишахона ташкил қилганликда гумонланаётган фуқаро ишни “ёпиш” учун ИИБ ходимига пора таклиф қилди
Самарқандлик Ф.Р. ўзи ишлайдиган Art Luxur меҳмонхонасида жинсий алоқа қилиш истагида бўлганларга шароит яратиб берганликда гумонланиб, ИИББга келтирилган эди
Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан фуқароларни жинсий эҳтиёжини қондириш учун шароит яратиб берган Art Luxur меҳмонхонаси иш юритувчиси қўлга олинди.
Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари Ширин Норматованинг «Дарё» нашрига маълум қилишича, 2018 йилнинг 19 ноябрь куни соат тахминан 21:00 ларда Самарқанд шаҳар, М.Қошғарий кўчасида жойлашган Art Luxur меҳмонхонаси хизматчилари Бухоро вилояти, Жондор туманида яшовчи М.А., С.А. ҳамда Ш.Х.нинг жинсий эҳтиёжини қондириш учун 190 минг сўм эвазига шароит яратиб берган.
Улар Самарқанд вилояти ИИБ ХТТБ биносига олиб келиниб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Тадбирнинг эртасига, яъни 20 ноябрь куни Art Luxur меҳмонхонаси иш юритувчиси Ф.Р. Самарқанд вилоят ИИБ ХТТБ Делегациялар хавфсизлигини таъминлаш бўлими жиноят қидирув гуруҳи ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили М.Б.га ишларни ёпиш учун 200 АҚШ долларини пора сифатида таклиф қилган.
Меҳмонхона иш юритувчиси Ф.Р. ИИБ ходимига 300 АҚШ доллари бераётган вақтида ИИВ Ўз хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш