МАМЛАКАТИМИЗ ТАРИХИДАГИ МУҲИМ ВОҚЕА! Аммо ҳатто адвокатларнинг ўзи ҳам буни ҳали тўла ҳис қилмаётган кўринади...



 
  Расм манбаси : rapsinews.ru

Агар англаган бўлсангиз, сарлавҳада гап “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ривожлантириш Концепцияси” лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Зеро, Концепция аслида давлат ёки ҳукумат томонидан қабул қилинадиган, у ёки бу соҳани яқин ёхуд узоқ келажакда тубдан ислоҳ қилишга мўлжалланган муҳим йўналишларни белгилаб берувчи сиёсий-ғоявий ёндашувларни қамраб оладиган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шу маънода Адвокатлар палатаси бошчилигида, асосан адвокатлардан иборат ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган мазкур ҳужжатни нафақат мамлакатимиз адвокатлари тарихида, балки жамиятимиз ҳаётида ҳам нодавлат ноҳукумат ташкилот томонидан ишлаб чиқилиб, ошкора муҳокамага қўйилган дастлабки ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси десак муболаға бўлмайди.

Аммо, минг афсуски, ушбу ҳужжатнинг аҳамиятига ҳамкасбларимиз томонидан етарлича баҳо берилмаётган кўринади. Зеро, ҳужжат лойиҳаси Палата расмий сайтида эълон қилинганидан буён бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтмоқда. Шунга қарамасдан, бошқаларку майли, ҳатто ижтимоий тармоқларда анча фаол бўлган адвокатларимиз ҳам, негадир, ушбу воқеа юзасидан ҳамон сукут сақламоқдалар.

Шу боис, эҳтимол ҳажман каттагина бўлган бу ҳужжатни ўқиб чиқиш адвокатларга малол келаётгандир деган мулоҳазага кўра, лойиҳага холис мутахассисдан мухтасар шарҳ олишга ҳаракат қилдик. Умид қиламизки, бу шарҳ ҳужжат моҳиятини очиб бериб, адвокатлар ҳамжамиятини сергак тортиришга қўшимча бир туртки бўлиб хизмат хизмат қилади. Чунончи, шарҳ баҳона муаллиф Концепциядаги айрим мулоҳазали нуқталарга ҳам тегиниб ўтади...

 

(Лойиҳага шарҳ ўрнида)

Мамлакатимиз адвокатларининг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ривожлантириш Концепцияси лойиҳаси (бундан кейин — Концепция) бугунги кунда нафақат адвокатлар ҳуқуқларини, балки Конституцияда кафолатланган ҳар бир шахснинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини ҳам амалда таъминлашга, рўёбга чиқаришга ёрдам берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Авваламбор, таъкидлаш жоизки, Концепция ЎзРАП томонидан тайёрланиб жамоатчиликка, биринчи навбатда адвокатлар эътиборига ҳавола қилинган муҳим ҳужжат лойиҳаси бўлиб, унда яқин келажакда Ўзбекистонда адвокатура тизими нима учун ва қай тарзда ислоҳ қилиниши лозимлиги таҳлилий маълумотлар ва амалий хулосаларга таяниб асослантирилган.

Мазкур лойиҳани ишлаб чиқишда иштирок этган ишчи гуруҳ аъзолари узоқ йиллик ҳаётий тажрибага ва профессионал маҳоратга эга эканлиги Концепцияда баён этилган адвокатлик фаолиятида учрайдиган муаммо ва тўсиқларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва мулоҳазаларнинг мажмуасиданоқ аён бўлиб турибди.

Аммо, ҳар қандай таклиф, мулоҳаза ёки хулоса, гарчи қанчалик пишиқ, пухта ва асослантирилган бўлмасин, у касбдошлар ўртасида холис ва беғараз муҳокама қилинсагина сайқалланиб, такомиллашиб, маромига етиши мумкин. Шу маънода мазкур Концепция лойиҳаси ҳам адвокатлар ҳамжамияти томонидан қизқин муҳокама қилиниши жуда муҳим аҳамиятга эга. Ушбуни инобатга олган ҳолда мазкур ҳужжат мазмуни ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишга ҳаракат қиламиз.

***

Концепция кириш қисми ва олтита бобдан иборат. Кириш қисмида мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг тўлақонли амалга оширилиши ва қўйилган мақсадларга эришилишига тўғаноқ бўлаётган омиллар, жумладан, адвокатуранинг институционал асослари ва фаолият принциплари замонавий талабларга жавоб бера олмаётганлиги, адвокат процессуал мақомининг заифлиги, адвокатура институтининг обрўсига путур етказадиган ва адвокатлар ҳуқуқлари тўлиқ амалга оширилмай қолинишига олиб келувчи ҳолатларнинг мавжудлиги ҳамда мамлакатда адвокатлар сони етарли эмаслиги оқибатида малакали юридик ёрдам олишнинг чегараланганлиги, адвокатура сафига кириш учун ёшлар оқимининг мавжуд эмаслиги ва давлат томонидан субсидияланадиган юридик ёрдам кўрсатиш амалиётининг номукаммаллиги сингари ҳолатлар кўрсатилиб, адвокатура институтини ислоҳ қилиш зарурати очиб берилган.

Концепциянинг “Адвокатура институтининг ҳозирги ҳолати ва мавжуд муаммолар” деб номланган биринчи бобида Ўзбекистон адвокатларининг миқдор кўрсаткичи ҳақида маълумот берилиб, аҳоли жон бошига ҳисобланганида ҳар бир адвокатга 8651 нафар одам тўғри келиши, лекин хорижий давлатларда бу кўрсаткичлар тубдан фарқ қилиши, яъни ҳар бир адвокатга камроқ аҳоли тўғри келиши 11 та давлат мисолида қиёсий таҳлил қилинган ҳамда сўнгги 12 йилда Ўзбекистонда адвокатлар сафи сезиларли даражада ўсиб бормаганлиги айрим кўрсаткичлар бўйича эса ҳатто пасайиш кузатилаётганлиги статистик маълумотлар билан кўрсатилиб, яхши асослантирилган.

Шунингдек, ушбу бобда адвокатуранинг чинакам институционал мустақиллиги таъминланмаганлигига эътибор қаратилиб, адвокатлик касбига қабул қилиниш устидан давлат назорати механизмининг сақлаб қолинаётганлиги, малака комиссияларининг фаолият принципини такомиллаштириш зарурияти ҳамда амалдаги адвокатура бошқарув органларининг ташкилий ва фаолият принциплари демократик тамойилларга мувофиқ келмаётганлиги каби ҳолатлар баён қилинганлигини таъкидлаш жоиз.

Мазкур бобда иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд иш юритувида адвокатнинг вакил сифатидаги ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш лозимлиги жиноят процесси ва суд иш юритувида, шу жумладан судга қадар иш юритувида, адвокатнинг процессуал мақоми халқаро андозаларга жавоб бермаётганлиги, айблов ва ҳимоя тамойилларининг ҳуқуқий ҳолати тарафларининг тортишув принципларига номувофиқлиги сингари ҳолатлар баён қилинган.

Концепция лойиҳасини ишлаб чиққан муаллифлар жамоаси адвокатура институтининг ҳозирги ҳолати ва мавжуд муаммоларини ёритиш жараёнида юқорида қайд қилинганлардан ташқари давлат ҳисобидан ҳимоячи тайинлаш, маҳкумларни жазони ўташдан шартли равишда муддатидан илгари озод этиш, жазонинг енгилроғи билан алмаштириш масалаларида адвокатларнинг имконияти чекланганлиги, адвокатларнинг касбий фаолиятига доир тўсқинликлар, маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорлик қилишдаги камчиликлар, солиқ юкининг оғирлиги, касбий тизим фаолиятида ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланишнинг орқада қолаётганлиги, адвокатлар малакасини ошириш ва адвокат мақомида бўлмаган консалтинг хизмат юристларининг фаолият кўрсатиш принциплари умумжаҳон халқаро стандартларга мос келмаслиги каби муаммоларни ҳам кўрсатиб беришга астойдил ҳаракат қилишган.

Концепциянинг иккинчи боби “Адвокатурани ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари”ни ёритишга бағишланган. Унда адвокатура соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда юридик ёрдам кўрсатиш даражасини халқаро талабларга жавоб берадиган меъёрларга олиб чиқиш учун адвокатура институтини тубдан ислоҳ этишнинг асосий вазифа ва йўналишлари белгилаб берилган.

Унда адвокатуранинг чинакам институционал мустақиллигини таъминлашга қаратилган таклифлар берилган бўлиб, уларнинг асосийлари қуйидагилардан иборат:

- адвокатура институтига нисбатан давлатнинг назорат қилиш функциясини Адлия вазирлигидан Адвокатлар палатасига ўтказиш, хусусан, лицензиялашни бекор қилиш;

- адвокатуранинг мустақиллик, ошкоралик ва очиқлик принципларига жавоб берадиган, адвокатура фаолиятини бошқариш ишида ҳар бир адвокатнинг иштирок этишини таъминлайдиган ўзини ўзи бошқариш механизмини ишлаб чиқиш;

- ЎзРАП нинг олий вакиллик бошқарув органи (ҳар икки йилда чақириладиган конференция ёки қурултой), республика ва вилоятлар даражасидаги ижро органлари (бошқарув ва раёсат), алоҳида малака комиссияси ва алоҳида интизомий қўмита ҳамда молия-хўжалик фаолиятини назорат қилувчи органлар тафтиш комиссиясини ташкил этиш (Бугунги кунда ЎзРАПнинг вилоятлар даражасидаги ижро органлари ва тафтиш комиссиялари мавжуд эмас. Малака комиссиялари эса малака имтиҳонларини қабул қилиш билан бир қаторда интизомий жавобгарлик масалаларини ҳам кўриб чиқади).

Концепцияда таклиф қилинган яна бир янгилик — бу адвокатларнинг камида 10 фоизи талаби билан адвокатлар конференциясини навбатдан ташқари чақириш (ҳозирда фақат Бошқарув қарори билан чақирилади) ҳамда адвокатурани ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича таклиф этилган дастурларга овоз бериш натижалари асосида Палата раислигига номзодларни кўрсатиш имкониятлари кўзда тутилаётганлигидир.

Шунингдек, мазкур бобда адвокатлик касбини эгаллашга талабагорлар учун ҳеч қандай меҳнат стажини белгиламаслик ва барча учун мажбурий бўлган уч ойлик стажировка ўташни жорий қилиш таклиф этилган. Меҳнат стажи бўлмаса ҳам адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш имкониятининг берилиши соҳага ёш кадрларнинг кириб келишига туртки бўлиши мумкин. Лекин бу ўринда уларни, жумладан стажи борларни ҳам, стажировка даврида Палата назорати остида камида икки ҳафта касбга тайёрлаш учун ўқитиш масаласи ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Концепцияда адвокатлик тузилмалари ва келажакда ташкил этилиши мумкин бўлган юридик маслаҳатхоналарни рўйхатга олиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш масалаларини “ягона дарча” тамойили асосида амалга ошириш масаласи кўзда тутилган бўлиб, бунда юридик маслаҳатхоналарни давлат божидан озод қилиш ва бошқа тузилмалар учун ҳам давлат божининг камайтирилган миқдорини жорий этиш таклифи берилган.

Концепцияда адвокатлик ордерини бекор қилиш, адвокатнинг мижози розилик билдирган тақдирда ҳам адвокат томонидан касбий сирни ошкор қилмаслик, давлат сирлари, банк, солиқ, врачлик ва бошқа сирларни ташкил этувчи масалалар юзасидан ҳам адвокат сўровига жавоб бериш тартибини ўрнатиш масалаларини қонунчиликка киритиш таклифлари ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари, Концепцияда адвокатлик фаолиятини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини ислоҳ қилиш ҳамда хорижий давлатлар адвокатлари ва юристларининг мамлакатимизда фаолият юритишига рухсат бериш каби масалалар ҳам таклиф этилган.

Жиноят процесси иш юритувида тортишувлик тамойилини амалда таъминлаш адвокатлик фаолиятини олиб боришда ҳар доим муҳим бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Шу боис Концепцияни ишлаб чиққан муаллифлар жамоаси ушбу йўналишда қуйидаги таклифларни илгари сурганлар:

- барча жиноят ишлари бўйича ва жиноят процессининг барча босқичларида ҳимоячи иштироки шартлигини қонунчиликда белгилаш;

- ҳимоя ҳуқуқининг бузилиши натижасида олинган ҳар қандай ҳаққоний маълумотларни номақбул далиллар сифатида баҳолаш;

- давлат ҳисобидан ҳимоячи жалб қилишни автоматлаштирилган тизимга ўтказиш ва бунда адвокатга ҳақ тўлаш миқдорини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари иш ҳақи миқдорига тенглаштириш;

- давлат ҳисобидан асоссиз равишда ҳимоячини жалб қилган мансабдор шахсларни моддий ва маъмурий жавобгарликка тортиш;

- жиноят ишини юритиш ваколатига эга мансабдор шахсларга суриштирув, тергов ёки суд мажлиси жойи ва вақти ҳақида олдиндан ҳимоячини хабардор қилиш мажбуриятини юклаш, ҳимоячи иштирок эта олмаса процессуал ҳаракатлар ўтказилиши мумкин эмаслигини қонунчиликда белгилаш;

- адвокатнинг тергов ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш;

- адвокатга муайян туркумдаги ишлар бўйича экспертиза ва аудиторлик текширувини ўтказиш, мутахассисни жалб қилиш ва далилларни таъминлаш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини бериш;

- адвокатга терговга қадар босқичда барча материаллар билан танишиб чиқиш ва ундан нусхалар олиш ҳуқуқини (жумладан, махфий ишларда ҳам) бериш;

- прокурорнинг назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш ва судни исботлашни амалга ошириш иштирокчилари таркибидан чиқариш;

- юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган вазиятларда мижоз билан тузилган шартномани адвокат ташаббуси билан тўхтатиб қўйиш (аниқроғи, бекор қилиш).

Концепцияда юқорида қайд қилинган ҳолатлардан ташқари адвокат томонидан ҳимоя ҳуқуқини самарали амалга оширишга ёрдам берадиган бир қанча таклиф ва мулоҳазалар (чунончи, бепул юридик ёрдам кўрсатиш марказини ташкил қилиш ва уни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш) баён қилинган бўлиб, биз фақат асосийларигагина тўхталиб ўтдик, холос.

Шунингдек, Концепциянинг учинчи бобида адвокатлар малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ЎзРАП ҳузурида мустақил равишда Адвокатларни тайёрлаш ва малакасини ошириш марказини ташкил этиш ва масофавий таълим шаклини жорий этиб, замонавий технологияларга асосланган турли шакл ва усулларда адвокатлар учун долзарб мавзуларда дарслар ўтиш, жумладан, мустақил малака оширишнинг балл тўплаш тизимини жорий этиш каби инновацион ғоялар таклиф қилинган.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, адвокатлар малакасини оширишда Марказга бошқа ўқув марказлари ва муассасаларини жалб қилиш, яъни аккредитация қилиш ҳам долзарб масала ҳисобланади. Лекин Судьялар олий мактаби, Бош прокуратура академиясининг фаолияти давлат бюджети томонидан таъминлангани боис уларга ўз соҳаларини биладиган илмий-педагогик кадрларни жалб қилиш муаммо бўлмайди. Аммо Марказга жалб қилиниши назарда тутилаётган мазкур мутахассислар, қанчалик ўз соҳасининг билимдони бўлмасин, адвокатлик касбининг нозик жиҳатлари ва ўзига хос қирраларини адвокатдек тушуниб етмасликлари мумкин. Шу боис Адвокатлар малакасини ошириш марказига жалб қилинадиган педагогик кадрларни имкон қадар адвокатлардан танлаб олиш ва моддий таъминотини давлат томонидан амалга ошириш лозим, яъни адвокатларнинг малакасини ошириш масаласи давлат томонидан нафақат ҳуқуқий, шу билан бирга молиявий томондан ҳам қўллаб-қувватланиши зарур. Бу билан давлат ўз фуқароларининг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини кафолатлаган бўлади.

“Адвокатурани давлат томонидан қўллаб-қувватлашни, адвокатлик фаолиятининг кафолатларини, адвокатлик касби, нуфузини оширишни ҳамда адвокатларнинг ижтимоий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш масалалари” ҳам Концепциянинг учинчи бобида жой олган.

Унда адвокатларнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилинишининг олдини олишга, хусусан, адвокатлик иммунитетини бузган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгилаш, адвокатлик фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қилганлик учун амалдаги мавжуд маъмурий жавобгарлик диспозицияларини кенгайтириш, қонунда белгиланган ҳолларда адвокат дахлсизлигини бузилишига фақат суднинг санкцияси билангина йўл қўйилиши ҳамда адвокатлик фаолияти ҳимоясининг кучайтирилишига қаратилган бир қатор чора-тадбирлар назарда тутилган.

Концепцияда адвокат ва унинг оила аъзолари ҳаёти, соғлиғи, шаъни, қадр-қиммат ҳамда мол-мулкининг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлайдиган ҳуқуқий нормаларни қабул қилиш ва уни амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш таклиф қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ўз аъзоларини касбий ва ижтимоий ҳимоя қилиш функцияси бугунги кун талабларига жавоб бера олмайди. Буни эса амалдаги қонунчиликда унинг ролига етарли эътибор берилмаганлиги, қонунда бор меъёрлар ҳам ишламаслиги (Парламентда адвокатурага оид янги ҳуқуқий нормаларнинг Палата раиси билан келишилмасдан туриб қабул қилиниши), Палатада молиявий ресурслар ва кадрлар етишмаслиги сингари омиллар билан изоҳлаш мумкин. Шу боис Концепцияда Адвокатлар палатасига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини, шунингдек, адвокатларни касбий ҳимоя қилиш мақсадида судга (жумладан Конституциявий судга) ҳамда давлат бошқаруви идораларига мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш ва бунда уни давлат божидан озод этиш; қонунчиликда белгиланган тартибда адвокат дахлсизлигига таҳдид қилиш ҳолати юзага келганида уни фақат Палата вакили иштирокида амалга ошириш сингари ваколатлар орқали Палатанинг адвокатларнинг ўзини ўзи бошқариш органи сифатидаги ролини кучайтириш назарда тутилган.

Шунингдек, Концепцияда адвокатлик касбининг нуфузини ошириш мақсадида судьялик лавозимига даъвогар шахслардан камида 2 йиллик адвокатлик стажини талаб қилиш, судьялар олий кенгаши таркибига жамоатчилик асосида Палата вакилини киритиш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қонун ижодкорлиги фаолиятида адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш, адвокатга барча давлат реестрларига тўсқинликсиз кириш ва зарур маълумотларни эркин олиш имкониятини яратиш ҳамда амалдаги адвокатлик фаолиятининг кафолатларини таъминловчи ҳуқуқий нормаларни аниқлаштириш ва мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган.

Концепцияда ўз касбий фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳолларда адвокатларга суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, бошқа давлат ва нодавлат муассасаларига тўсқинликсиз кириб-чиқиш ва ўзи билан олиб келган техника воситаларидан эркин фойдаланиш имкониятларини яратиш бўйича янги ҳуқуқий нормалар қабул қилиниши лозимлиги таъкидлаб ўтилган.

Концепцияда адвокатурага ёш кадрлар оқимини кучайтириш мақсадида адвокатларнинг ижтимоий ва мулкий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни амалга ошириш учун ҳам бир қатор чора-тадбир таклиф қилинган. Уларнинг асосийлари қуйидагилардан иборат:

- адвокатлик сўровига жавобан бериладиган маълумот ва ҳужжатларни бепул тақдим этиш;

- солиқ қонунчилигида адвокатлик тузилмасига тушадиган маблағлар солиққа тортиш объекти сифатида қаралмасдан, фақат адвокат даромадини солиққа тортиш объекти сифатида белгилаш;

- адвокатлик тузилмалари томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ ставкасини 5 фоизгача пасайтириш;

- адвокатлик тузилмалари томонидан нақд пулсиз кўринишда амалга ошириладиган, хусусан Адвокатлар палатасига кириш ва аъзолик бадаллари, адвокатлар таълими ва касбий тайёргарлиги, суғуртаси ва хизмат сафари, адвокат ёки унинг оила аъзоларининг саломатлигини тиклаш, боғча, мактаб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим муассасаларида адвокат ва унинг оила аъзоларига сарфланадиган (болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар бўйича) харажатларни адвокатнинг жами даромади деб ҳисобламаслик ва солиқ объекти сифатида қарамаслик ва ҳоказо.

Шунингдек, Концепциянинг учинчи бобида ЎзРАП рамзлари сифатида давлат байроғи ва гербидан фойдаланиш, давлат томонидан молиявий кўмак сифатида адвокатурага грантлар, субсидиялар ажратиш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, давлат хизматлари марказларида адвокатлар учун бепул жой ажратиш масалалари ўз аксини топган.

Концепциянинг 4-боби “Адвокатура тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, уни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш”га бағишланган бўлиб, унда адвокат касбининг мустақиллиги ва кафолатларини таъминловчи миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, соҳага оид қонунчиликни тизимлаштириш ва адвокат мақомини кучайтирувчи ҳуқуқий меъёрларни амалдаги қонунчиликка киритиш таклифлари назарда тутилган.

Маълумки, мамлакатимизда адвокат мақомига эга бўлмаган юрист консалтинг хизматларининг фаолияти алоҳида қонун билан эмас, балки ҳукумат томонидан қабул қилинган Низом асосида тартибга солинади. Бундай касб эгаларига бўлган талаб бозор иқтисодиёти қонунлари ривожланган сайин сезиларли равишда ошиб бораётганига қарамасдан, улар томонидан кўрсатиладиган ҳуқуқий хизмат сифати устидан назорат қилишнинг самарали механизми ҳанузгача ишлаб чиқилмаган.

Шу боис Концепциянинг 5-бобида “Юридик маслаҳатчилар ташкилотлари юристлари фаолияти устидан назорат ўрнатиш” масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Унда мазкур касб эгалари томонидан кўрсатиладиган ҳуқуқий хизмат сифатини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар, жумладан, уларни миллий қонунчиликнинг моддий ва процессуал ҳуқуқи бўйича имтиҳондан ўтказиш, юристнинг мижоз олдидаги шахсий жавобгарлиги ҳамда касбий, фуқаролик, ҳуқуқий жавобгарлигини мажбурий суғурталаш, мажбурий равишда малакасини ошириш, касб этикаси қоидаларини жорий этиш, адвокатура институти билан бир хил бўлган интизомий назорат механизмини шакллантириш ва аҳолига маълумот тақдим қилиш мақсадида уларнинг ихтисослашуви бўйича жамоат реестрини юритиш каби масалалар таклиф қилинган.

Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ривожлантириш Концепциясини амалга оширишдан кутилаётган натижалар Концепциянинг охирги 6-бобида баён қилинган. Унда таъкидланишича, Концепцияда назарда тутилган комплекс чора-тадбирларни ҳаётга тадбиқ этиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига тўлақонли эришилишига, фуқароларнинг одил судлов тизимига ва адвокатура институтига бўлган ишончи ошишига, суд процессида тарафлар тортишуви ва тенглигининг амалда таъминланишига олиб келади.

Бундан ташқари, хорижий инвестициялар оқимини кучайтириш, адвокатура тизимини халқаро стандартлар ва замонавий тенденцияларга мос равишда ривожлантириш, жамиятда адвокатлик касбининг обрўсини ошириш ва ёшлар оқимининг соҳага кўпроқ кириб келишини таъминлаш Концепциядан келиб чиқадиган пировард мақсад ва натижа сифатида белгиланганлигини эътироф этиш зарур.

Умуман олганда, мамлакатимизда адвокатлар томонидан тайёрланган мазкур Концепция адвокатура тизимининг барча жабҳаларини қамраб олган бўлиб, у адвокатларнинг дарди, ҳасрати, азалий орзу-истаклари, муаммоларини ўзида акс эттириш баробарида мазкур муаммоларга ечим топиш, шунингдек, Ватанимизда амалга оширилаётган иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, суд-ҳуқуқ тизимида адолат ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш сингари эзгу ниятлар билан суғорилган.

Албатта Концепцияда назарда тутилган ғоялар, қарашлар, нуқтаи назарлар ва ёндашувларни амалга ошириш мамлакатимизда ҳукм сураётган сиёсий ирода ва давлат амалдорларининг ижобий муносабати билан бевосита боғлиқ масаладир. Шу боис ҳам мазкур ҳужжатда назарда тутилган асосий йўналиш ва таклифларни жамиятимиз аъзоларига тўғри тушунтириш, уларнинг қўллаб-қувватлашига эришиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун эса биз, адвокатлар, бир жону бир тан бўлиб ҳаракат қилишимиз лозим. Зеро, фақат шундагина адвокатлик касби бир кун келиб мамлакатимизда энг обрўли касбга айланади деб умид қилсак бўлади.

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратишимиз лозим. Мазкур Концепцияда баён қилинган чора-тадбирлар мажмуаси келажакда давлат томонидан ишлаб чиқилиши лозим бўлган Концепциянинг муқобил варианти сифатида кўрилиб, ундаги айрим ғоя ва ёндашувлар бугунги кунда долзарб масала эмас деб ҳисобланиши ва қабул қилинмаслиги ҳам мумкин. Демак, уларнинг кўпроқ қисмини ўтказа олиш ҳам яна ўзимизнинг фаоллигимиз, яъни илгари сурилаётган таклифларнинг аҳамияти юзасидан кенг жамоатчилик фикрини қанчалик шакллантира олишимизга боғлиқ.

Концепцияда илгари сурилган бир қатор масала ва таклифлар, жумладан, Адвокатлар палатаси томонидан тайёрланган ва Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари муҳокамаси порталига 10 апрель куни қўйилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида ҳам ўз аксини топган бўлиб, мазкур лойиҳа муҳокамасида ҳам адвокатларимиз фаоллик кўрсатишлари лозим бўлади. Муҳокама Порталда 25 апрелга қадар давом этишини назарда тутадиган бўлсак, биз учун ҳозирги вақт жуда ҳам ғанимат.

Баҳром САЛОМОВ, адвокат, Халқаро адвокатлар уюшмаси (ҳамжамияти) вице-президенти, юридик фанлар доктори.

2020-04-12 23:33:47  |  1098 |   0  | 

7 изоҳлар

Апрел 15, 2020  18:16

1.Адв Усманов Х.

Биз соваз порталга таклиыларимиз бердик факат карантин булганлиги сабабли мулокат киллолмаетбиз

Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ривожлантириш Концепцияси лойиҳаси етарли даражада пухта ва пишиқ ишлаб чиқилган. Энг муҳими, ушбу Концепция лойиҳасини Президент фармони билан имконият даражасида ўзгартиришларсиз тасдиқлатишга эришиш лозим. Кейинги вазифамиз эса, қабул қилинган мазкур Концепцияни қонунда белгиланган тартибда босқичма-босқич амалга ошириб боришдан иборат бўлади. Ушбу лойиҳани ишлаб чиқишда жонбозлик кўрсатган барча ҳамкасбларимизга ўзимнинг энг эзгу ниятларимни билдирган ҳолда, уларга мустаҳкам соғлик ва собитқадамлик тилайман..

Апрел 13, 2020  14:58

3.Мирзорахмат

Таклиф“Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ID-16725-сон лойиҳа юзасидан таклифлар: Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий принциплари ва жамият ҳаёти шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида адвокатура институти самарадорлигини оширишга қаратилганлиги, яъни умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ва бекор қилишга қаратилганлиги боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони шаклида қабул қилиш; лойиҳа Преамбуласини танқидий таҳрир қилиб, такрорланган ва иккинчи даражадаги масалаларни чиқариб ташлаш; Преамбуланинг 5-қисмидан кейин “ Адвокатура тузилмалари фаолиятининг асосий принциплари, қонунийлик, адолатпарварлик, инсонпарварлик, ошкоралик, очиқлик ва шаффофлик, адвокат ахлоқи тамойиллари, шу жумладан, ҳуқуқбузарликлар профлактикасидаги иштироки билан боғлиқ инистуционал нормалар ишлаб чиқилмаганлиги” тўғрисидаги янги қисм билан тўлдириш: Преамбуланинг 21-қаторидаги “вазифаларни” сўзидан кейин “шу жумладан “Инсон манфаатлари-ҳамма нарсадан устун”” деган тамойил ва “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғояларнинг, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг реал ҳимоя қилинишини таъминлаш орқали ҳаётга амалий тадбиқ этилишига қаратилган” сўзлари билан тўлдириш; лойиҳага шунингдек, чет элнинг илғор ҳуқуқий нормалари ва тажрибалари ва адвокатура соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини ҳам киритиш мақсадга мувофиқдир. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси юридик бошқармаси бошлиғи М.Ниязметов

Апрел 13, 2020  14:11

4.Адвокат Амрулло Ахмедов.

Дарҳақиқат хориж тажрибасида (Германия мисолида) нафақат судьялик лавозимига, балки прокуратура тизимидаги номзодларга ҳам маълум муддат адвокатлик фаолиятини ислоҳ этиши назарда тутилган. Консепция жуда чиройли тарзда ишлаб чиқилган. Энг муҳими лойиханинг мана шу холатда қабул қилинишида тўсиқлар бўлиши табиий. Аммо судьяликка қўйиладиган талаблар кучга кирадиган бўлса бу жараён ўз-ўзидан адвокатларнинг еўпайишини таъминлайди.

Апрел 13, 2020  11:47

5.Комилжон Каландаров

А.Н.Арипов Бош вазир уринбосари эмас,балки Бош вазир хисобланади.Лойиха жуда мукаммал ишлаб чикилган,лойиха ижодкорларига катта рахмат.Гап энди бунинг шу вариантда кабул килинишида.

Қайта корректирвка қилинган ҳолатда Лойиҳа ЎЗБЕКИСТОН РЕПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҚАРОРИ Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, ҳамдаш судларда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаб борасида Адвокатура институтини тубдан ислоҳ қилиш хозирги кунда замон талаби сифатида долзарб масала бўлиб қолмоқда. Шунинг учун амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилди. Адвокатура институтини суд-ҳуқуқ тизимининг муҳим таркибий қисми сифатида такомиллаштириш мақсадида адвокатларнинг суриштирув ва дастлабки тергов, жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишларни кўриб чиқишдаги иштироки ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга қаратилган дастурлар қабул қилиниши арафасидамиз. Бу борада, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда умумий ҳисобда 33,905 млн. аҳоли истиқомат қилган ҳолда мамлакатда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси аъзолари ҳисобланган 3919 нафар адвокат фаолият юритмоқда. Улардан 996 нафари аёллар ва 2923 нафари эркаклардир. 30 ёшгача бўлган адвокатлар сони – 62 тани, 50 ёшгача бўлганлар – 1781 тани, 50 ёшдан ошганлар эса – 2076 тани ташкил этади. Аҳолининг ўрта ҳисобдаги кўрсаткичи битта адвокатга 8651 нафар одам тўғри келишини кўрсатса-да, бироқ, адвокат процессуал мақомининг заифлиги, мамлакатда адвокатлар сони етарли эмаслиги, адвокатура сафига кириш учун ёшлар оқимининг ва давлат томонидан субсидияланадиган юридик ёрдам кўрсатиш амалиётининг мавжуд эмаслиги ҳолатлари муаммо бўлиб турган бир пайтда, адвокатура институти обрўсига путур етказадиган ва адвокатлар ҳуқуқларининг тўлиқ амалга оширилмай қолинишига адвокатларга нисбатан ўз фаолиятларига жиддий тўсқинлик қилиш каби негатив ҳолатларни учраб туриши ачинарли ҳолатдир. Тахлилий маълумотлардан шу нарса кўранадики, ИИО ходимлари томонидан адвокатларни ИИБ биноналарига киритмаслик, адвокатларга нотўғри ва ёлғон маълумотлар бериш, адвокатни ўз позициясидан қайтариш учун унга нисбатан жисмоний куч ишлатиш, қийнаш ва дўппослаб тан жароҳати етказиш каби нуқсонлар ҳам учраб турибди. Адвокатларнинг касбий фаолиятини муваффақиятли амалга оширишлари учун зарур бўлган қонунчилик базасини изчиллик билан шакллантирилмоқ, юридик ёрдам ва юридик маслаҳат хизмати кўрсатишни такомиллаштиришни хозирги кунда давр талаб этмоқда. Шу муносабат билан адвокатнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги процессуал ҳуқуқ ва ваколатларини аниы Статусини белгилаб, кенгайтиришга ва адвокатуранинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятига халқаро стандартларни имплементация қилишга асосланган адвокатура институтининг концептуал янги моделини шакллантиришни биздан хозирги замон талаб этмоқда. Шунинг учун Адвокатура институтини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш зарурати туғилди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Адвокатлар палатаси фаолияти билан боғлиқ бўлган ваколатларини қайта кўриб чиқиш орқали ушбу тузилманинг роли ва аҳамиятини янада оширилиши; Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан давлат ҳисобидан адвокатларни жалб қилиш механизмини халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилиши; адвокатлар учун қўшимча имтиёзлар белгиланиши лозимдир. Замонавий, самарали ва сифатли фаолият юритувчи суд-ҳуқуқ тизимини яратишга ва адвокатура институтини янада тубдан такомиллаштириш юзасидан муваффаққиятли давлат сиёсатини олиб боришга бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар тўсқинлик қилмоқда, хусусан: адвокатуранинг чинакам мустақил, ҳимоя ҳуқуқини таъминловчи институт сифатида шаклланмаганлиги; адвокатлик касбига қабул қилиниш устидан давлат назорати механизмининг ҳанузгача сақланиб келинаётганлиги, адвокатура малака комиссияларини шакллантириш ва ташкил этиш тамойилларини янада такомиллаштиришнинг талаб этилаётганлиги; адвокатура бошқарув органларининг ташкил этилиши ва фаолиятининг норматив жиҳатдан тартибга солиниши демократия, тенглик, мутаносиблик, коллегиаллик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларига жавоб бермаётганлиги; иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд иш юритувида адвокатнинг вакил сифатидаги ҳуқуқий мақоми ва ҳолатини фуқаролик процессуал ҳуқуқи нормалари билан ўхшашлиги масаласида, шу жумладан, адвокат ёрдами учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш масаласида бирхиллаштириш ва уйғунлаштиришнинг талаб этилиши; жиноят процессида, терговга қадар ариза текширувида, суриштирувда ва суд иш юритувида, шу жумладан судга қадар иш юритув босқичида адвокатнинг процессуал мақоми замонавий халқаро стандартлар талабларига жавоб бермаётганлиги ҳамда тортишувлик принципи ва тарафлар тенглигининг бузилишига олиб келувчи айблов ва ҳимоя тарафларининг процессуал ҳуқуқларидаги номутаносибликнинг сақланиб келинаётганлиги; давлат ҳисобидан адвокат тайинлаш бўйича мавжуд амалиётнинг халқаро стандартларга номувофиқлиги; маҳкумларнинг жазони ўташдан шартли равишда муддатидан илгари озод этилиши, жазони енгилроғи билан алмаштириш масалаларини ҳал этишда уларнинг малакали юридик ёрдам олиши ва улар манфаатларини ҳимоя қилишга киришишнинг чекланганлиги; адвокатларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларининг ҳамон бартараф этилмаганлиги; маҳаллий ҳокимият органлари томонидан адвокатурани фуқаролар мурожаат этиши учун қулай бўлган жойларда зарурий бинолар билан таъминлашни назарда тутувчи қонун нормаларини ижро этмаётганлиги; амалдаги адвокатлик фаолияти ташкилий-ҳуқуқий шаклларининг адвокатура институтини ривожлантиришга кўмаклашмаётганлиги; адвокатлик тузилмаларининг статистик ва бошқа ҳисоботларини, шунингдек ҳужжатлар айланишини янада бирхиллаштириш ва соддалаштиришнинг талаб этилаётганлиги; адвокатлик фаолиятини солиққа тортишнинг амалдаги тизими адвокатура институтини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётганлиги ҳамда уни янада такомиллаштиришнинг талаб этилаётганлиги; адвокатура фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилиши замонавий талабларга жавоб бермаётганлиги; фанга ва фундаментал назарий билимларга йўналтирилган юридик таълим тизимининг адвокатлик фаолияти учун зарур бўлган амалий кўникмаларни эгаллашни таъминламаётганлиги; адвокатлар малакасини ошириш тизими адвокатуранинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ваколати доирасидан четда қолиб кетаётганлиги ва замонавий талабларга жавоб бермаётганлиги; адвокатлик мақомига эга бўлмаган консалтинг соҳа юристларининг фаолияти касбга қабул қилиниш, малака ошириш, ахлоқий меъёрлар ва касбий масъулият бўйича юридик касбнинг умумжаҳон халқаро стандартларига мос келмаган ҳолда амалга оширилиши. Қайд этилган муаммоларни бартараф этиш ҳамда ижтимоий йўналтирилган инновацион ривожланишнинг замонавий тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими орқали ҳимоялаш самарадорлигини кучайтириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида: 1. Адвокатура институтини янада тубдан ислоҳ этишнинг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг адвокатура институтига нисбатан назорат ва бошқариш ваколатларини бекор қилишни ҳамда касбга қабул қилиниш масаласини ҳам ўз ичига олувчи адвокатлар фаолиятини тартибга солишни Адвокатлар палатасига тўлиқ равишда ўтказилиши билан, адвокатуранинг чинакам институционал мустақиллигини таъминлаш; адвокатуранинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини адвокатнинг касб мустақиллиги ва адвокатлар касбий бирлашмаси халқаро стандартларига маслаштирилишуви; адвокатлар фаолиятини интизомий назорат қилиш тизимини ислоҳ қилиш; адвокат ва унинг оила аъзолари ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини, уларнинг мол-мулкини давлат томонидан муҳофаза этилишини таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни норматив мустаҳкамлаш ва амалга ошириш, шунингдек уларга тажовуз қилинганлик учун қатъий жиноий жавобгарлик белгилаш; адвокатнинг фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишдаги ҳуқуқий мақоми (Статуси)ни белгилаш; жиноят процессида адвокатнинг ҳуқуқлари кафолатини ва процессуал мақомини қатъий белгилаб, жиноят процессининг барча босқичларида айблов ва ҳимоя тарафи тенг ҳуқуқларга эга бўлган тортишув принципини таъминлаш; жиноят процессида, терговга қадар ариза текширувида, суриштирувда ва суд иш юритувида, шу жумладан судга қадар иш юритув босқичида адвокат қатнашган пайтдан бошлаб ариза ва иш материаллари билан тўлиқ танишиб чиқиш, керакли хужжатлардан нусҳалар олиш, ўз фикрини билдириб, ҳимоя позициясини мустақил танлаш имконияти яратиш, бунга тўсқинлик ҳамда қаршилик қилган ҳуқуқни мухофаза қилувчи давлат органлари ходимларига нисбатан қатъий чоралар белгилаб, уларга жавобгарликни кучайтириш; жисмоний шахсларнинг давлат ҳисобидан ҳимояланишга бўлган конституциявий ҳуқуқини амалга оширилишини таъминлаш учун адвокатлар тайинлашнинг халқаро тажрибага асосланган самарали механизмини яратиш; мансабдор ва бошқа шахсларнинг адвокатларнинг касбий фаолиятига ноқонуний арлашувига барҳам бериб, уларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгилаш; адвокатлик фаолиятини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини Ўзбекистоннинг амалдаги барча қонунларида ислоҳ қилиш; “Ҳуқуқшунослик” мутахассислигига эга бўлган олий таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг адвокатлик фаолиятига бўлган қизиқишини оширишга ва адвокатлик фаолиятини амалга оширишда зарур бўладиган амалий кўникмаларни эгаллашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга жорий этиш; Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан адвокатлар малака оширишининг замонавий тизимини, жумладан, масофавий таълим шаклини жорий этишни шакллантириш, шунингдек, адвокатларни қонун ижодкорлиги ва педагогик илмий изланувчинлик фаолиятга кенг шароитлар яратиб бериш йўли билан жалб этиш; адвокатларнинг ўз касбий вазифаларини бажаришлари натижасида уларнинг хавфсизлигига таҳдидлар юзага келганда, уларнинг ишончли ҳимояланишини таъминлайдиган самарали механизмлари дастурини ишлаб чиқиш ва амалда жорий этиш; адвокатни мажбурий келтиришга, шахсий тинтув ўтказишга, унинг уй-жойи, хизмат хоналарини, юкларини, шахсий ва хизмат транспорт воситаларини кўздан кечиришга, адвокатни унинг касбий фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича сўроқ қилишга, шунингдек унинг почта, курьерлик жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилишга, ахборот ташишнинг электрон воситаларини кўздан кечиришга ва назорат қилишга, адвокатнинг телефони ва бошқа телекоммуникацион қурилмалари орқали амалга оширилаётган сўзлашувларни эшитиб боришга, алоқанинг техник каналларидан адвокатга боғлиқ бўлган ахборотни олишга йўл қўйилмаслиги қоидаларининг қонун даражасида белгиланиши. Ушбу харакатлар адвокат жиноят ишига гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилинган тақдирда суднинг санкцияси асосида амалга оширилишини таъминлаш. Бунда адвокатнинг уй-жойида, хизмат хоналарида, транспорт воситаларида тинтув ўтказиш, кўздан кечириш Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва худудий бошқармалар вакилининг иштирокида ўтказилишини таъминлаш; адвокатларни рағбатлантириш, касбга бўлган қизиқишни ошириш, шунингдек уларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида амалдаги адвокатлик фаолиятини солиққа тортиш режимини такомиллаштириш; Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг қонун ижодкорлиги фаолиятидаги мажбурий иштирокини қонуний мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раисига Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми йиғилишларида иштирок этиш ҳуқуқини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқини бериш; Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси вакилини мажбурий равишда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолигига жамоатчилик асосида киритиш; судлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат хизматлари марказлари биноларида адвокатларга бепул тақдим этиш асосида уларнинг касбий фаолиятларини амалга оширишлари учун кенг шароит яратиш ҳамда аҳолининг малакали юридик ёрдам олишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик асосида алоҳида “Адвокатлар хонаси” ажратиш; Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига Тошкент шаҳри ва вилоятлар, хамда туманлар марказларида фуқаролар мурожаат қилишлари учун қулай бўлган суд ёки прокуратура марказий органлари жойлашган жойларда ўз фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган Офислар қуришга одамларга қулай бўлган жойлардан ер майдонлари ажратиб бериш, маъмурий бинолар ва хоналарни жамоатчилик асосида бепул тақдим этиш; Ўзбекистон Республикаси адвокатлари учун ягона шаклда эмбалема ва махсус белгилар жорий этиш; Юридик маслаҳатчилар ташкилотларда юридик маслаҳат беришни амалга оширувчи шахсларга адвокатларга нисбатан қўлланиладиган ягона таълим ва малака талабларини шунингдек интизомий жавобгарликни жорий қилиш ва уларнинг фаолиятини ҳам Адвокатлар Палатаси томонидан назорат қилинишини жорий этиш. 2. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йил 1 сентябрдан: а) адвокат бўлишни истаган шахслар учун адвокатлик тузилмаларида мажбурий уч ойлик стажировка муддати сақланган ҳолда юридик мутахассислик бўйича икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади; б) адвокат сўровига адвокат ордери нусхасини илова қилиш тўғрисидаги талаб ҳамда сўровда адвокатлик сирини ташкил этувчи маълумотларни киритиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади, ҳамда бир вақтнинг ўзида сўровга адвокатнинг махсус муҳри билан тасдиқлаш тартиби жорий қилинади; в) “ягона дарча” тамойили асосида қуйидагиларни назарда тутувчи адвокатлик тузилмаларини ва юридик маслаҳатхоналарни рўйхатга олиш амалиёти йўлга қўйилади, шу жумладан: адвокатлик тузилмалари ва юридик маслаҳатхоналарни рўйхатга олиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатишни амалга ошириш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади; адвокатлик тузилмаларини рўйхатга олганлик учун давлат божи миқдорини ўзи келиб мурожаат қилганда БҲМнинг 1 бараваригача ва электрон кўринишда мурожаат қилганда БҲМнинг 50 фоизигача камайтирилади; Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаларини улар томонидан ташкил этиладиган юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга қўйиш учун давлат божидан озод этилади; адвокатлик тузилмаларини рўйхатга олиш ва юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризаларни икки кунлик муддатда кўриб чиқилади; г) адлия органларининг адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, устав фаолиятига, рўйхатга олиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибига риоя этиши устидан назоратни амалга ошириш ваколатлари, шу жумладан, рўйхатга олиш тартибини бузганлик ва адвокатлик тузилмаларининг таъсис ҳужжатлари талабларига риоя этмаганликлари учун жарималар ундириш бўйича ваколатлари бекор қилинади; д) адвокатлик тузилмалари томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ ставкаси 5 фоизгача пасайтирилади; е) адвокатлик тузилмалари томонидан нақд пулсиз кўринишда амалга оширилган қуйидаги тўловлар адвокатнинг жами даромадига кирмайди: адвокатлар малакасини ошириш ҳамда адвокатларнинг таълими ва касбий тайёргарлиги билан боғлиқ бошқа харажатлар; Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига кириш ва аъзолик бадаллари адвокатларнинг фаолият кўрсатадиган худудий жойлашуви ва иш объёмидан келиб чиқиб белгиланиши жорий этилади; адвокатнинг ҳаёти, соғлиғи ва фуқаролик жавобгарлигининг суғуртаси бўйича харажатлар; адвокатнинг хизмат сафари харажатларининг ёки хизмат сафари билан боғлиқ компенсация тўловларининг тўлиқ ҳажми; адвокат ёки унинг оила аъзоларининг санаторий-курорт даволаниши, дам олиши, стационар ва амбулатор даволаниши учун харажатлар, шунингдек уларни қоплаб бериш қиймати; мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим муассасаларида адвокат болаларининг таълими, таъминоти бўйича харажатлар; Ўзбекистон Республикасидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртларидаги (ўзи, шунингдек фарзандлари ёки турмуш ўртоғи – йигирма олти ёшгача) таълим бўйича харажатлар; адвокатларнинг ўн олти ёшгача бўлган болалари учун (ўқийдиганлар – ўн саккиз ёшгача) Ўзбекистон Республикасида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар бўйича харажатлар. 3. Белгилансинки: Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига адвокатларнинг касбий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган даъволарни судларга давлат божини тўламасдан киритиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, мансабдор шахслар ва бошқа шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилади; адвокат судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари биноларига иш вақтида ўзининг касбий фаолиятини амалга оширишидаги зарурият сабабли ҳеч бир тўсқинликсиз (фақат адвокат гувоҳномасини тақдим этиш билан) кириш ҳуқуқига эга; адвокат ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган компьютер, электрон, мобил ва бошқа алоқа қурилмаларини ҳамда техника воситаларини судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари, ташкилотлари биноларига тўсқинликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга; адвокатлар адвокат сўрови бўйича давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан адвокатнинг малакали юридик ёрдам кўрсатиши учун зарур бўлган маълумотлар, ахборотлар, маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилганлиги учун давлат божи ва бошқа барча кераксиз тўловларни тўлашдан озод этилади. 4. Адвокатлик касбининг обрўсини ошириш ҳамда судлов иш юритувининг айблов тарафга оғишини истисно этишни, қонунларга қатъий риоя қилишни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини ҳамда суд процессида тортишув тамойилини таъминловчи замонавий ва хақиқатдан мустақил бўлган, хар томонлама касбий ва хаётий тажрибага эга бўлган судьялик корпусини шакллантириш мақсадида, 2025 йил 1 январдан судьяликка номзодларга қўйиладиган мажбурий талаблардан бири бўлиб адвокат сифатида икки йилдан кам бўлмаган иш стажининг мавжуд бўлиши белгилансин. 5. Қуйидагилар: Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ривожлантириш Концепцияси (кейинги ўринларда – “Концепция”) 1-иловага мувофиқ; Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича Йўл харитаси (кейинги ўринларда – “Йўл харита”) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 6. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази билан биргаликда 2020 йилнинг 1 ноябригача бўлган муддатда “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини, шунингдек, адвокатлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва адвокатура мақомини оширишни назарда тутувчи қонунчиликнинг бошқа ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчаларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин. 7. Қуйидагилар: Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) таркиби 3-иловага мувофиқ; танқидий ўрганишлар ўтказиш ва адвокатура институтини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда – ишчи гуруҳлар) таркиби 4-иловага мувофиқ ташкил этилсин. 8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан биргаликда: Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тайёрланиши, келишилиши ва киритилиши юзасидан мониторинг ўтказилишини таъминласин. Мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда Комиссияга маълумот тақдим этилсин. 9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Комиссияга ва ишчи гуруҳларга агар зарур бўлса, хорижий (халқаро) ташкилотлар вакилларини жалб этган ҳолда, адвокатура соҳасидаги етакчи хорижий давлатларнинг қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганишни ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатсин. 10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, шунингдек, ишчи гуруҳлар раҳбарлари мазкур қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан масъул этиб белгилансин. 11. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда ушбу Қарорнинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида, шунингдек интернет тармоқларида кенг ёритилишини ташкил этсин. 12. Мазкур қарорнинг ижросини ҳамда Ўзбекистон Республикасида Адвокатура институтини ривожлантириш Концепцияси ва “Йўл харитаси”нинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бошлиғи З.Ш.Низомиддиновлар зиммасига юклатилсин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев Ушбу Лойиҳани мен адвокат Т.А.Тожибоев ўзим қайта коррективка қилдим. Ишчи гуруҳи аъзолари Илтимос!... ҳар бир бандни синчиклаб ўқиб чиқинглар. Чунки ҳар бир бандда баъзи сўзлар ва маънолар алмашган.

Апрел 13, 2020  00:23

7.Адвокат Баходир Маммедов

Хурматли хамкасблар Сизлардан илтимос, мухокамага куйилган карор лойихасини мухокамасида фаол катнашайлик, оддий фукаролар хам купрок куллаб-кувватлашса яхши буларди. Факат хамкасблаб Сизлардан илтимос лойихада айрим хатоликлар кетган, шуларни хам тугирлаб куйиш кк, масалан якуний кисмидаги карор ижросини назорат килувчиларнинг лавозимлари, умуман бир катор яна корректировка килсинса яхши буларди.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация