Ҳадикларимиз чиндан ноўринми? Адвокатурага оид сўнгги қонун лойиҳасининг “адвокат”ларига жавоб



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Хабарингиз бор, Сенат 24 март куни “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутган қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳужжат кўпсонли адвокат ҳамкасбларимнинг эътирозига сабаб бўлди. Қатор танқидий фикрлар ортидан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида Бош прокуратура ва Адлия вазирлигининг “билдирилаётган хавотирлар ўринсиз ва асоссиз” деган мазмундаги баёнотлари чоп этилди.

Шунингдек, “Миллий тикланиш” партияси депутати Алишер Ҳамроевнинг айни мазмундаги мақоласи 2020 йил 26 март куни парламент сайтида ҳам эълон қилинди.

Шу ўринда адвокат сифатида, биринчи навбатда, бу ўзгартириш ва қўшимчаларни “оқлаётган”ларнинг важларига, қолаверса, бевосита улар томонидан тарғиб этилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга муносабат билдиришга қарор қилдим.

Хўш, шунча тортишувга сабаб бўлган қонун лойиҳаси қандай “оқланаяпти”? Даъво қилинишича:

биринчидан, ўзгартириш ва қўшимчалар таҳририй (аниқлаштирувчи) характерга эга экан;

иккинчидан, таклиф қилинаётган ўзгартириш ва қўшимчалар билан адвокатнинг шахсий дахлсизлиги янада кўпроқ ҳимоя қилинар экан;

учинчидан, амалдаги қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар қонунчиликнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлашга қаратилган экан;

тўртинчидан, адвокатлар мавқеини тубдан оширишни назарда тутадиган концепция тайёрланмоқда экан.

Келинг, юқорида санаб ўтилганларни бирма-бир таҳлил қилиб кўрайлик:

Ўзгартириш ва қўшимчалар таҳририй (аниқлаштирувчи) характерга эгами?

“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунининг амалдаги таҳририга кўра тегишли прокурор санкцияси билан адвокатнинг “телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини” эшитиб туриш мумкинлиги белгиланган.

Қонун режалаштирилганидек ўзгарса, юқоридаги тартибда адвокатнинг телефондаги сўзлашувларидан ташқари “бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилиш” мумкин бўлади.

Яъни, агар олдин фақат адвокатнинг сўзлашувларининг дахлсизлиги прокурор санкциясига боғлиқ бўлган бўлса, хозир бошқа телекоммуникация қурилмалари (компьютер, планшет, смартфон ва ҳоказо) орқали смс, ёзма, аудио, видео ва бошқа хабарларни ҳам прокурор санкцияси билан назорат қилиш таклиф қилинган.

Кўриниб турганидек, бу ерда нормага аниқлик киритилаётгани йўқ, балки унинг қўлланилиш доираси кенгайтирилмоқда.

Таққослаш учун: агарда таклиф қилинаётган ўзгартириш ва қўшимчаларда мобил ёки IP телефонлар орқали сўзлашмаларни ҳам эшитиш мумкин, деган мазмунда бўлганида, бу ўзгартириш ва қўшимчалар таҳририй (аниқлаштирувчи) дейиш ўринли бўлар эди.

Таклиф қилинаётган ўзгартириш ва қўшимчалар билан адвокатнинг шахсий дахлсизлиги янада кўпроқ ҳимоя қилинадими?

Даъво қилинишича ҳар қандай эмас, балки фақат баъзи юқори мартабали прокурорлар санкция бера олиши адвокат шахсий дахлсизлигини кафолатлайди.

Яна депутат Алишер Ҳамроевнинг ёзишича, эмишки, баҳсли “ўзгартириш ва қўшимчалар қиритилиши натижасида илгари санкция, яъни, рухсат талаб этилмаган ҳолат — адвокатнинг телекоммуникация қурилмалари орқали узатиладиган хабарлари ва маълумотномаларини назорат қилиш учун ҳам санкция талаб қилинмоқда”.

Шу ўринда савол туғилади: адвокатларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сифатида Конституциянинг қуйидаги моддалари татбиқ қилинмайдими:

- инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади (13-модда);

- ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга (25-модда);

- ҳар ким шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга (27-модда);

- ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас (27-модда);

- фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас (19-модда).

Таклиф қилинаётган ўзгартириш ва қўшимчалар қонунчиликнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлайдими?

Қонунларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш керак албатта. Бунда асосий масала қайси қонунни меъёр сифатида олишда.

Конституциянинг 19-моддасида белгиланганидек, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Адвокатнинг телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилиш, унинг юқорида санаб ўтилган конституцион шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайди. Демак, Конситуцияга мувофиқ бундай чекловни суд қарори билангина амалга ошириш керак, прокурор санкцияси билан эмас.

Кўриниб турибдики, баҳсли қонун қонунчиликнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш вазифасини ҳам бажармайди.

Адвокатлар мавқеини тубдан оширишни назарда тутувчи концепция тайёрланмоқда

Келинг, шу ўринда “концепция” ўзи нима эканлигига ойдинлик киритиб олайлик. Содда қилиб айтганда, бу муайян тамойиллар йиғиндиси бўлиб, унинг асосида қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиши кўзда тутилади. Яъни, бу назарий ҳужжат бўлиб, уни амалиётга татбиқ қилиш учун тегишли қонунларни ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда қабул қилиш талаб қилинади.

Бир тарафдан, адвокатура мавқеини кўтариш вазифаси энг юқори минбарларда қайта-қайта такрорланса, халқаро ташкилотлар адвокатлар мустақиллигини таъминлаш бўйича тавсияларни бериб турса, бу ёқда эса масъуллар яна адвокат зарарига прокурор ваколатларини кенгайтирса, бундай вазиятни қандай изоҳлаш мумкин?!

Баҳсли қонун парламентгача етиб боришида йўл қўйилган қонунчилик талабларидан чекинишлар ҳақида оғиз очмасликнинг ҳам иложи йўқ:

- қонун лойиҳаси ўрнатилган тартибда жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган;

- қонун лойиҳасида Адвокатлар палатасининг фикр ва таклифлари акс этмаган;

- қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш бўйича парламент мажлисларида Адвокатлар палатасининг иштироки таъминланмаган.

Зийрак ўқувчи юқоридагилар асосида мақола бошида қўйилган саволга ўзи учун жавоб топган, албатта. Камина эса эълон қилинган ислоҳотлар маъсул шахслар тарафидан беписанд қолаётганлигидан афсусда эканимни қайд этиб, хулоса ўрнида Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни эслатиб ўтишни лозим топади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шошилмаслик Аллоҳдандир. Шошқалоқлик шайтондандир», – дедилар». Термизий ва Байҳақий ривоят қилишган. (Аҳли илм вакиллари маслаҳати олинган ҳолда Аллоҳ адаштирмаган бўлсин!)

Шунинг учун ҳам, хатони тан олиб аввало жамоатчиликнинг, қолаверса мамлакатда адвокатлик фаолиятини амалга ошириб келаётган, аҳолининг 8200 нафарига атиги 1 (бир) нафар тўғри келадиган ҳамкасб адвокатларнинг ҳақли эътирозларини тўғри қабул қилиш афзалдир.

Абдумалик Абдуллаев,

адвокат.

2020-04-02 04:35:26  |  2920 |   0  | 

5 изоҳлар

Мен бу Адвокат Абдумалик Абдуллаев мақоласига эътибор бермаган эканман. Ўз-ўзидан савол туғилади? Адвокатни сўзлашувини, ҳаракатларини, юриш-туришини назорат қилиш кимга керак экан. Ахир адвокат давлат мулзами бўлмаса...(!)? Ундан нимага қаттиқ қўрқиб қолишди? Буни иккита манбаи бор: Биринчиси, бу ўта қабиҳлик ва пасткашлик нишонаси. Инсонларни мусибатига ёрдам берадиганларни таъқиб этиш бу! Иккинчиси, адвокатни аппонентларини нопоклиги ва ҳадиклари. Уларнинг билимсизлиги, илмдан йироқлиги ва тажрибасизлиги оқибатидаги заифлиги нишонасидир! Давлатни мансабдор шахси сифатида ҳаттоки умрбод о/м қ. жазосини олган каттаконларни биламиз, нима учун прокурорни сўзлашуви, судяни сўзлашуви, ички ишлар идорасини ходимини ва шунга ўхшашларни сўзлашуви назорат қилинмайди. Чунки бу аниқ, буни халқ билади, президент катта минбарда уларни "ким" эканлигини халқ номидан гапирди ва тасдиқлади, фаришталар ёзишди. Адвокат сўзлашуви қандай қилиб, давлат, жамият ёки фуқаролар манфаатига зиён келтириши мумкин? Статистикани кўтарингларчи, қайси адвокат сўзи давлатга қарши хавф келтирди экан(?) ва бу қайси жиноятда ўз тасдиғини топди(?). Бу қонун лойиҳасини ўқиган, четдан кузатиб турган экспертлар орқалари билан кулишмайдими(!)? Бу суд процессидаги кучли ва малакали адвокатларни аппонентларини фитнасидан бошқа нарса эмас. Ҳаттоки ҳанузгача прокуратурага киришингизда мина, бомба қидирадиган ускуналар билан телефон, диктофонларни қидиришади. Ҳа, агар тўғри ишласангиз, ҳалол бўлсангиз нимадан қўрқасиз(!)? Сизлар ҳаттоки ўзингиздан ҳам, соянгиздан ҳам қўрқасиз(!). Чунки, ҳеч қачон тўғри ишламаслигингизни ўзингиз биласиз ва ҳаракатингиз билан ошкор қиласиз, исботладингиз. Лекин, бир нарсани билишингиз шарт бўлса ҳам билишни истамайсиз(!), биласизми бу нима? Бу Аллоҳни назари ва эътиборидир! Аллоҳ ҳар нарсани Кўргувчи ва Билгувчи, Қудрати чексиз ва Одил зотдир. Ҳар бир наҳақлигу, ҳақликни ажрини Ўзи беради!!! Ўзини оқлашга киришган депутатлар тўғрисида гапиришни ҳожати ҳам йўқ(!),... исидан билинади.(!). Тошкент 11.01.2023й.

Юқоридаги фикр ва мулоҳазаларга тўлиқ қўшиламан,

Маыола жуда хам кенг қамровли, қўллаб-қувватлайман, амалдаги қонунчилигимзда назарда тутилаётган адвокатура билан прокуратуранинг тенглигини таъминланишидан асар хам қолмаётгани аниқ, бу кетишда адвокатуранинг умуман ўрни қолмайди ва хуқуқ тизимидаги ўсишга йўл берилмайди деб хисоблайман. .

Қўллаб-қувватлайман асосли ва батафсил ёритилган мақола.

Апрел 02, 2020  17:14

5. Адвокат Гулямов Бахтиер

Жуда катта эьтироз, Яна адвокатни чунтакга солиб,.хохлаганидан ишга кушиб,.хохлаганида камаш хукуки кучаяди деган фикирдаман



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация