Васиятномалар ва айрим битимларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеога қайд этилади
2019 йил 1 январдан бошлаб васиятномаларни ва айрим турдаги битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этиш амалиёти йўлга қўйилади.
Шунингдек, нотариал ҳаракатлардаги имзолар сохта эканлиги ҳақида судларга кўплаб даъволар киритилаётганлигини инобатга олиб, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш ва нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлашда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш жорий этилмоқда.
Бу куни кеча Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган “Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда ўз аксини топган.
Мазкур ҳужжат билан “Нотариат тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, жумладан, ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби ҳам 2019 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш