Профилактик ҳисобга қўйиладиган шахслар тоифалари янгиланади



 
  Расм манбаси : Kruz.uz

Амалдаги рўйхатдан икки тоифа чиқарилади, шунингдек, қатор маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун шахсни профилактик ҳисобга олиш амалиёти бекор қилинади

Ўзбекистонда профилактик ҳисобга қўйиладиган шахслар тоифалари янгиланади. Бу “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги ЎРҚ-371-сон қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳада “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг 35- моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф қилинган:

«Профилактик ҳисобга қўйиш қуйидаги шахсларга нисбатан юритилади:

илгари судланганларга;

ўзига нисбатан суднинг жазо тайинланмаган айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахсларга;

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40, 41, 45, 47, 52, 56, 183, 184-2, 184-3, 188, 188-1, 189, 189-1, 190, 191-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганларга;

ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтганларга».

Ўзгартишлар билан икки тоифа профилактик ҳисобга олинадиганлар рўйхатидан чиқарилиши мумкин. Булар:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасига мувофиқ айбдорлик тўғрисидаги масала ҳал қилинмасдан туриб ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган ёхуд реабилитация қилмайдиган асослар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор чиқарилган шахслар;

ўзига нисбатан қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси танланган жиноят содир этишда айбланувчилар.

Таъкидлаш жоизки, таклиф қилинаётган таҳрирда профилактик ҳисобга олиш учун асос бўладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар анча камайтирилган. Қонун лойиҳаси ўзгаришсиз қабул қилинган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганларга нисбатан ҳам профилактик ҳисобга қўйиш қўлланилмаслиги мумкин:

58-модда. Таносил касаллигига ёки ОИВ касаллиги/ОИТСга учраган шахсларнинг текширишдан бўйин товлаши

61-модда. Оз миқдорда талон-торож қилиш

106-модда. Ёввойи нашани йўқ қилиб юбориш чораларини кўрмаганлик

131-модда. Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш

165-1-модда. Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш

184-1-модда. Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши

201-модда. Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш

202-модда. Рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш

202-1-модда. Ғайриқонуний нодавлат нотижорат ташкилотлари, оқимлар, секталарнинг фаолиятида қатнашишга ундаш

240-модда. Диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

241-модда. Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш.

2019-03-11 16:24:19  |  3687 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация