Адвокат фаолиятига тўсқинлик қилган ўзбошимча суриштирувчи жазоланди



 
  Расм манбаси : Gazeta.uz

Адвокатнинг МИБ биносига киришини тақиқлаб, ҳам адвокатнинг, ҳам унинг ҳимоясидаги фуқаронинг ҳуқуқларига дахл қилган Рустам Аҳадқулов ўз раҳбарияти томонидан интизомий, суд томонидан эса маъмурий жавобгарликка тортилди

Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Vindikatsiya” адвокатлик бюроси адвокати Неъматилла Даминов ўз профессионал фаолиятига тўсқинлик қилган МИБ суриштирувчиси Рустам Аҳадқуловни судга бериб, ютиб чиқди. Маълум бўлишича, бу ходим хизмат ваколатларини суиистеъмол қилгани учун аввалроқ ўз раҳбарияти томонидан ҳам интизомий жазога тортилган экан.

МИБ Иштихон тумани бўлими томонидан “табиий газдан ноқонуний фойдаланган” деган айб билан устидан маъмурий иш очилган фуқаро С. ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун адвокат Н.Даминов билан шартнома имзолаган. Бироқ ишни юритаётган МИБ Иштихон туман суриштирувчиси Р.Аҳадқулов адвокатни қабул қилишни рад этиб, унинг ҳатто МИБ биносига киришини ҳам тақиқлаб қўяди. Ўз навбатида, фуқаро С.га ҳам босим ўтказиб, ҳузурига адвокатсиз, фақат ўзи келишини талаб қилади. Бу билан эса у бир тарафдан адвокатнинг касбий фаолиятини амалга оширишига тўғаноқ бўлган, иккинчи томондан эса фуқарони юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан маҳрум этган эди.

Адвокат Н.Даминов суриштирувчининг процессуал қонун нормаларига бу қадар беписандлигини “ҳазм қилолмади” – унинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари тўғрисида МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғига ариза ёзди, шунингдек, МЖтКнинг 283-моддаси 5-қисмида назарда тутилган тартибда судга ҳам мурожаат қилди.

Шу ўринда МИБ ўз ходимининг номатлуб ишларига тезкорлик билан ва тегишлича муносабат билдирганини айтиб ўтиш жоиз. Зеро, адвокат Н.Даминовга юборилган жавоб хатидан маълум бўлишича, суриштирувчи Р.Аҳадқуловнинг қилмишлари Бошқарма бошлиғи ҳузурида ўтказилган тезкор йиғилишда (2019 йил 6 март) чиғириқдан ўтказилган. Натижада эса бу суриштирувчининг адвокат фаолиятига ғов бўлишдан ташқари, иш юритиш қоидалари ва ижро талабларига ҳам риоя қилмагани маълум бўлади қолади. Хусусан, у фуқаро С.нинг муқаддам судланганлиги ёки маъмурий жавобгарликка тортилганлигига доир талабномаларни олмаган, текшириш ҳужжатларини тегишли тартибда рўйхатдан ўтказмаган, шунингдек, дастлабки 10 кунлик муддат ўтганидан кейин ҳам қўшимча муддат олмасдан иш юритувини давом эттирган экан. Шу боис хизмат вазифаларини бажаришдаги масъулиятсизлиги учун унга нисбатан интизомий жазо – ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима қўллаш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Унинг бевосита раҳбари, яъни туман МИБ бошлиғи эса “ҳайфсан” олади.

МИБ вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган ушбу хизмат текшируви хулосаси, тезкор йиғилиш баённомаси, Р.Аҳадқуловга нисбатан интизомий жазо қўлланилгани тўғрисидаги буйруқ ва бошқа ҳужжатлар судда ҳам жавобгар Р.Аҳадқуловнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганини тасдиқловчи далиллар сифатида баҳоланди.

Аммо Р.Аҳадқулов суд мажлисига келмади. Шундай бўлса-да, у судга узрли сабаб кўрсатмагани  ва ишни кечиктириш тўғрисида ариза ҳам бергани боис Иштихон туман маъмурий суди ишни унинг иштирокисиз кўриб чиқди ва МИБ суриштирувчиси Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1971-моддаси (“Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш”)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, унга энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида, яъни 405.460 сўм жарима тайинлади.

Биз журналистик қизиқувимиз туфайли судьядан жавобгар томоннинг судга келмаслиги борасидаги муносабатини ҳам сўрадик.

– Ҳуқуқбузар МИБ ходимининг нега суд мажлисига келмаганлигини муҳокама қилишга ҳожат йўқ. Зеро, бу унинг ҳуқуқи, – дейди Самарқанд вилояти, Иштихон тумани маъмурий суд судьяси Собир Содиқов. — Бироқ ушбу суд ишининг ўзи ибрат олишга лойиқ. Яъни бошқа фуқаролар ва адвокатлар ҳам ўз ҳуқуқларини юқоридаги мисолда кўрганимиз каби қонун берган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ҳимоя қилишга одатланса, қонунлар ва ўзгалар ҳуқуқларига беписанд бўлган Р.Аҳадқулов каби мансабдорлар биринчи мартасида бўлмаса иккинчи ва учинчи чоралардан кейин тўғри хулоса чиқариб олишлари аниқ.

Хонбиби ҲИММАТ қизи,

“Advokat” журнали мухбири

2019-08-16 17:28:11  |  3821 |   0  | 

8 изоҳлар

Феврал 15, 2020  00:38

1.Абдумалик Абдуллаев

Адвокат шундай бўлиш керак, гап йўқ. Ишларга омад. Ҳар биримиз шундай ҳолатларда муросасиз бўлишимиз керак деб ўйлайман. Бу секин-аста адвокатуранинг нуфузини янада ошишига хизмат қилади.

Феврал 14, 2020  23:06

2.Шерзод Абдуллаев, адвокат

Таклиф: УзбРес МЖТКнинг 197-1 моддаси "Адвокатнинг профиссионал фаолиятига тускинлик килиш" санкциясига узгартиш киритиш керак, сабаби 2дан 5 бараваригача жарима бу жуда кам албатта.Таклифим 10 баробаригача жарима куллаш максадга мувофик.

Феврал 14, 2020  22:25

3.Тохирбек

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига кодексга қуйидагича ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни таклиф қиламиз. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1971-моддасидаги “Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилишда ифодаланган” маъмурий жавобгарлик ҳақидаги ҳуқуқий нормага ўҳшаш Ўзбекистон Республикаси ЖКга ҳам алоҳида модда киритиш лозим бўлади. Бу таклиф этилаётган норманинг 1-қисми диспозициясида, адвокат сўровига ўз вақтида жавоб бермаслик, адвокат илтимосномасини муҳокама қилмаслик, бефарқ бўлиш, адвокат ва унинг иш фаолиятига нисбатан хурматсизлик қилиш, суд ва тергов органлари томонидан адвокатни иш вақтини сабабсиз чеклаш, (Масалан: эрталаб суд ёки тергов биносига чақириб олиб, шу куни кеч соат 16,17 ларда ишни кўриш каби холатлар) назарда тутилиши керак бўлади. Бу таклиф этилаётган норманинг 2-қисми диспозициясида эса, Суриштирувчи, терговчи, прокурор, ДХХ ходимлари ва бошқа давлат органлари ходимлари, ҳамда фуқаролар томонидан, адвокатларнинг шаҳсий даҳлсизлигига нисбатан ҳар қандай кўринишда аралашиш, тахдид қилиш, қўрқитиш, мажбурлаш, ҳимоядан воз кечишга мажбурлаш ва х.к харакатлари учун жиноий жавобгарлик ва жазо белгилашни назарда тутиш лозим бўлади-деб таклиф билдирамиз. Таклиф қилинаётган модданинг 3-қисмида адвокатга тан жароҳати етказиш ва унинг ўлимига сабабчи бўлган тан жароҳатлари учун жиноий жавобгарлик белгланиши кераклигини таклиф билдирамиз.

Феврал 13, 2020  23:37

4.RUSTAM.

Nega endi oddiy haydovchi tezlikni oshirsa 5yo10minimal oylik tulaydiyu bu janoblari 4million oylikdan 10foizni jarimaga tortildi. Vaholanki haydovchi hech kaerda ishlamasa ham jarima jiddiy kani adolat 4million oylikdan 400ming restoran puliku bunday korinboylarni kim tartibga chakiradi u mol sudga kelmasa. Boshka oddiy odamlarni darrov melisalar oyogini erga tekizmay olib kelishadiku. Yo adolat tarozusi fakat prokuror yuristlar uchunmi.

Феврал 12, 2020  23:52

5.Шерзод Абдуллаев

Хакикатдан хам Мжткнинг 197-1 моддаси санкциясини янада кучайтириш зарур, шунда ташкилот рахбарлари кузи очиларди.

Август 16, 2019  18:53

6.Адвокат Б.М.

Мен хам кушилардим шу фикрга, йил бошида банк рахбарини худди шу модда билан маъмурий судга берганмиз, енгил жазо билан осонгина кутулиб кетишди. Бундай жазо чораси кучайтирилса, мансабдор шахслар жазони кучлилигини кутмасдан, шунака жазо чораси бироз огирлигини хис килиб, балки олдиндан бундай хукукбузарликнинг олдини олишармиди.

Август 16, 2019  18:38

7.Дустмурод

Адвокатнинг отасига рахмат, Бошкаларга дарс булади...

Август 16, 2019  17:52

8.Advokat B.Mamirov

MJtK 197-1-moddasi sanksiyasida nazarda tutilgan jazo chorasini kuchaytirish kerak.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация