Суд тизими ОАВ учун очиляптими ёки?..



 
  Расм манбаси : digital.report

Олий суд раисининг 30 декабрь куни ОАВ бош муҳаррирлари билан учрашувда маълум қилишича, Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоят судида матбуот вакили лавозими жорий этилади. Шу билан бирга, «Журналистнинг Олий судда бир куни» лойиҳасини амалга ошириш ҳам режалаштирилмоқда. Бу лойиҳа доирасида, жумладан, судьялардан интервьюлар олиш мумкин бўлади...

Аммо, К.Камилов ОАВда суд жараёнларининг ёритилиши ҳақида тўхталаркан, журналистларнинг ишига кўпроқ танқидий муносабат билдирди ва ОАВ вакилларини ҳуқуқий мавзуларни ёритишда процессуал нормалар ва холислик тамойилига риоя қилишга чақирди.

Умуман, кейинги пайтда судьяларнинг ОАВ олдида ҳисобот бериши, суд соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенгроқ ёритиш борасида уринишлар бўлаётгани сезилмоқда. Аммо, бизнингча, буни ҳали судларнинг ОАВ учун очилаётгани сифатида баҳолашга сал эртадек. Зеро, ҳали-ҳамон судьялар томонидан суд мажлисларида журналистларнинг аудио ва видео ёзувларни амалга оширишларига қаршилик қилиш ҳоллари учраб турибди ва тадбир пайтида буни Олий суд раисининг ўзи ҳам тан олди.

Шундан хулоса қиладиган бўлсак, мақсад ҳозирча фақат амалга оширилаётган ишларни кўрсатишга уриниш бўлиши ҳам мумкин. Албатта, шунинг ўзи ҳам узоқ йиллар омманинг эътиборидан мутлақо “пинҳона” ишлаган соҳа учун катта янгилик. Бироқ, судларда шаффофликни таъминлаш дегани фақат тарғибот учун ОАВдан фойдаланиш дегани эмас. Аксинча, кўпроқ эркин танқидга йўл очиш лозим бўлади. Олий суд раиси эса танқидни қабул қилишга тайёр эканликларини бир неча бор такрорлаган бўлса-да, ҳали амалда бирон ОАВдаги танқидий чиқиш бўйича тегишли чора кўрилгани тўғрисида маълумот бера олгани йўқ. Қолаверса, биз ўзимиз ҳам “Advokat” журнали ва сайтимизда деярли бир йилдан буён эълон қилинаётган танқидий чиқишларимиз юзасидан Олий суддан бирон-бир муносабат ололмадик. Шундай бўлса-да, Олий суд ва ОАВ муносабатларида ижобий ўзгаришлар бошлангани аниқ ва унинг тўғри йўналишда давом этишидан умидвормиз. Натижани эса вақт кўрсатади.

2019-05-01 23:53:56  |  2060 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация