Навоий вилояти маъмурий суди раисига қарши жиноят иши қўзғатилган
Отабек Тошев судда техник ходим бўлиб ишловчи Дилшод Норовни урганликда айбланмоқда. Унга қарши иш ЖКнинг 206-моддаси бўйича очилган
Навоий вилоят маъмурий судида техник ходим сифатида ишловчи Д.Норовни суд раиси О.Тошев уни уриб, тан жароҳати етказгани ҳақида хабар берган эдик. Воқеа жорий йилнинг 15 февралида юз берган, 17 февраль куни прокуратура вакили Д.Норов даволанаётган касалхонага бориб, ундан даъво аризаси ёздириб олгани айтилган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг Gazeta.uz’га маълум қилишича, Норов ҳозирга қадар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиалининг жарроҳлик бўлимида қолмоқда.
“Суд-тиббиёт экспертизасининг 2019 йил 20 февралдаги хулосасига кўра Д.Норовнинг танасида чап томон ёрғоқ юмшоқ тўқимаси (тери)нинг шиши, қизариши каби соғлиқнинг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати мавжудлиги, бу жароҳат шу соҳага бирор-бир қаттиқ ўтмас жисмнинг зарб таъсирида етказилганлиги аниқланган”, дейилади хабарда.
Прокуратура маълумотига кўра, суд раиси О.Тошев унга қўйилган айбни инкор этмоқда. Унинг айтишича, Д.Норов туҳмат қиляпти.
Вилоят суди судьялари Н.Қурбонов, Ғ.Кушиев ва Карманма туман суди раиси Ф.Жумакуловлар О.Тошевнинг Д.Норовни урганини кўрмаганлиги ҳақида кўрсатма беришган.
Кузатув камералари тасвирлари кўздан кечирилганда 2019 йил 15 февраль куни соат 10:28 да Д.Норовни қўлида ҳужжатлар билан вилоят суди раиси О.Тошевнинг хизмат хонасига кириб кетганлиги ва хонадан соат 10:30 га яқин қўли билан қорнининг пастки қисмини ушлаб, танаси бироз эгилган ҳолга чиқиб кетганлиги кўринган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 22 февралда Навоий вилоят маъмурий суди раиси О.Тошевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида сўроқ қилинган вилоят суди раиси О.Тошев ва судьялар Г. Кушиев, Н.Қурбонов ҳамда Ф.Жумақулов терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида берган кўрсатмаларини тасдиқлаб кўрсатма беришган.
Бундан ташқари жиноят иши бўйича Д.Норов 2019 йил 23 февралда жабрланувчи деб эътироф этилган ва сўроқ қилинган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчи деб эътироф этилган Д.Норов ва вилоят суди раиси О.Тошевнинг кўрсатмаларидаги қарама-қаршиликларни бартараф қилиш мақсадида юзлаштириш тергов ҳаракати ўтказилган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш