Ўзбекистонлик Рустам Матёқубов уч давлатда камида 11 аёлни ўлдирганликда айбланмоқда



 
  Расм манбаси : Бахтиёр Матёқубов. Россия тергов қўмитаси

“Оқ қўлқопли қотил” деб танилган ушбу шахс Украинада 3 қотиллик учун умрбод қамоққа ҳукм қилинган. Россияда суд жараёни якунлангач, Матёқубов Ўзбекистонга келтирилиб, бу ерда ҳам тергов беради

Россия тергов қўмитаси Россия, Украина ва Ўзбекистонда камида 11 нафар аёлни ўлдирганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси 46 ёшли Бахтиёр Матёқубов иши судга оширилганини маълум қилди, деб хабар беради “Озодлик” радиоси.

Россияда судланганидан кейин Матёқубов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига бошқа жиноятлари устидан тергов учун бериб юборилиши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Оқ қўлқопли қотил” номи билан танилган бу шахс Украинада аллақачон учта қотилликда айбдор деб топилиб, умрбод қамоққа маҳкум этилган.

Москва шаҳар судида Москва шаҳри ва вилояти ҳудудида камида 5 қотилликни амалга оширган ва бир қанча қотилликларларга уринишларда, талон-тарожда гумонланган 46 яшар ўзбекистонлик Бахтиёр Матёқубов иши кўриб чиқилиши бошланди.

Россия Тергов қўмитаси маълумотида билдирилишича, Бахтиёр Матёқубов қотилликларни 2015 йилнинг январ-апрель ойлари оралиғида кимсасиз жойлар ва хиёбонларда амалга оширган.

“Жумладан, у 2015 йилнинг 17 мартида Измайлово паркида ити билан сайр қилиб юрган нотаниш 35 яшар аёлни учратган. Атрофда одамлар йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, аёлнинг юрак қисмига икки марта пичоқ урган, жабрдийда ҳодиса жойида вафот этган”, – дейилади қўмита хабарида.

Терговчиларга кўра, қотил ҳар сафар қурбонларини пичоқлаб ўлдирган ва уларни талаган. Масалан, секс-шоп дўконида ишлаётган 25 яшар Юлия Лебежиновага у камида 20 марта пичоқ санчган.

Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳар бошқармаси расмий вакиласи Юлия Иванова Озодлик сўровига Бахтиёр Матёқубов аёлларни ўзига хос услубда – оқ қурилиш қўлқопларида ўлдириб келганини айтди.

– Матёқубов терговчилардан қочишга эришди, аммо халқаро қидирувга берилди. Ниҳоят, 2017 йилнинг декабрида у Украинадан Москвага тергов талаби билан экстрадиция қилинди. Дастлабки тафтиш жараёнида Матёқубов унга қўйилаётган барча жиноятларда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди, деди Юлия Иванова.

Сўроқлар давомида Бахтиёр Матёқубов 2000-йиллар бошларидан одам ўлдириб келганини айтди тергов вакиласи.

Украинада қочиб юрган Бахтиёр яна икки аёл ва бир эркакни ўлдирганликда айбдор деб топилди.

Киев шаҳрида қурилишда ишлаб юрган Матёқубов ишчилардан бири билан урушиб қолади ва уни қорнига пичоқ солиб ўлдиради. Украин терговчилари у ҳақда Ўзбекистонга сўровнома юборади ва ўз юртида ҳам қотиллик учун қидирувда эканини аниқлайди. Ўзбекистон, Украина ва Россия махсус хизматлари камида 30 та қотилликка алоқадорлигини текширилган Матёқубовнинг жами 11 одам ўлимига алоқаси борлигини исботлай олгани айтилди. Исмини ошкор қилишни истамаган терговчилардан бири аслида ўзбек муҳожири яна кўплаб бошқа қотилликларга ҳам алоқаси бор, деди.

Украина суди 46 ёшли Бахтиёр Матёқубовни аллақачон умрбод қамоққа маҳкум этди.

У яшаётган квартирадан мусодара қилинган кийимда ўлдирилган икки аёлнинг қон излари ҳам аниқланди.

Терговчилар Россияда ўзбек муҳожир иши юзасидан жами 35та турли кўринишдаги экспертизалар тайинланганини билдиришди. Экспертиза жараёнида психологлар ва бошқа мутахассислар, Бахтиёрнинг руҳиятида муаммолар мавжуд деган хулосага келган. Экспертларга кўра, у аёлларга нисбатан шахсий адоватда бўлган.

Москва шаҳар судида бошланган маҳкама давомида давлат айбловчиси Бахтиёр Матёқубовга умрбод қамоқ жазоси сўраётгани маълум бўлди.

Россия Тергов қўмитасида “Озодлик”ка Москвада бу шахс устидан суд жараёни якунланса, у Тошкентга бериб юборилишини билдиришди. Бахтиёр Матёқубовнинг Ўзбекистонда ҳам қотиллик ва бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилади.

2019-03-07 13:05:55  |  2523 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация