“Орган”да ишламоқчи бўлган бир неча фуқародан пул олган сохта ДХХ ходимлари қўлга олинди



 
  Расм манбаси : UzNews

Муқаддам судланган Жонибек Азимов ва Нурали Худойбердиев жиноят устида ҳибсга олинган. Улардан бирининг уйидан сохта ҳужжатлар, бланкалар ҳамда ҳарбий кийим топилган

Сурхондарёда ўзини «ДХХ ходимлари» деб таништириб, Миллий гвардия, ички ишлар ва чегара қўшинларига ишга жойлаб қўйиш ваъдаси билан бир неча кишидан пул ундирган икки шахс ушланди.

ЎзА маълумотига кўра, фирибгарлик ҳаракатлари учун муқаддам судланган Жонибек Азимов ва Нурали Худойбердиевлар "ўзларини гўёки Давлат хавфсизлик хизмати идораларида ишлайман дея таништириб, содда одамларнинг ишончига кириб, уларнинг фарзандларини олий ўқув юртига ўқишга киритиш, муддатли ҳарбий хизматга юбориш ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, улардан пул талаб қилиб келишган".

Ж.Азимов ва Н.Худойбердиев бир фуқарони ички ишлар органларига ишга киритиб қўйиш учун ундан 2,2 миллион сўмни олаётган вақтда ашёвий далил билан ушланган. Маълум бўлишича, ундан шунга ўхшаш ваъда билан аввал 3900 доллар ундиришган экан.

Бундан ташқари, уларнинг Миллий гвардияга ишга кирмоқчи бўлган фуқародан 3300, фарзандини ДХХ Чегара қўшинларига ҳарбий хизматга киритишни хоҳлаган бошқа бир кишидан 3000 доллар ва 6 ,6 миллион сўм олишгани ҳам айтилмоқда.

Нашр маълумотига кўра, терговолди суриштирув ишлари давомида Нурали Худойбердиевнинг яшаш жойи кўздан кечирилганда сохта ҳужжатлар, бланкалар ҳамда ҳарбий кийим топилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2019-03-06 19:51:12  |  2289 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация