Олий суд матбуот хизмати: “эътирозларга ўрин йўқ”(ми)?



 
  Расм манбаси : sud.uz

Маълумки, коронавирус пандемияси туфайли мамлакатимизда карантин қоидалари жорий этилиши муносабати билан судлар ҳам алоҳида тартибда ишлашга ўтган. Олий суд Раёсатининг “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги  қарори билан судларда фуқароларнинг шахсий қабули, сайёр суд мажлислари вақтинча тўхтатилган, ҳужжатлар фақат электрон шаклда ёки почта орқали қабул қилинмоқда ва юборилмоқда. Судларда ишларни мазмунан кўриш тўхтатилган, кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишларгина мустасно. Айни чоғда, карантин қоидаларига риоя этилишини таъминлаш эҳтиёжи важидан маъмурий судларнинг ҳам эшикларига “қулф солингани” йўқ.

Демак, биз уйда ўтирган вақтда судлар томонидан кўплаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича қарорлар чиқарилди, якунланмаган айрим жиноят ишлари кўрилиб, якунланди ва тегишли суд ҳукмлари ўқилди. Мазкур суд қарорларидан норози бўлган тарафлар, белгиланган тартибда юқори турувчи судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин — бу фуқароларнинг Конституция кафолатлаган ҳуқуқидир.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматининг 27 апрель куни ўз телеграмм саҳифасида эълон қилган расмий маълумотидаги бир жумла кишини таажжубга солади. Зеро, айтилишича: “...судлар томонидан карантин даврида содир этилган ҳар бир қилмиш қонун доирасида қатъий кўриб чиқилган ва айб учун жазонинг муқаррарлиги таъминланган” эмиш.

Яъни, “ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ишлари — жиноий бўладими ёки маъмурий — судлар томонидан қонун талаблари, хусусан шахснинг ҳуқуқбузарлик содир этганликдаги айбининг тасдиқланиши, ҳаракатларини тўғри квалификация қилиш ва жазо турларини тўғри танлашга доир талабларига риоя этиб, қонун меъёрларидан четга чиқмаган ҳолда кўрилган”, дейилмоқда.

Матбуот хизмати бу билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди номидан, карантин даврида содир этилиб, қуйи судларда кўрилган ҳар қандай ишлар юзасидан шикоят (ёки протест) билдиришга асос йўқлигини етказмоқчими?

Ёки шикоят қилсангиз ҳам бефойда, Олий суд қуйи инстанциялар чиқарган қарорларни ўзгартирмайди ёки бекор қилмайди, деб писанда қилиняптими?

Матбуот хизмати шунчаки ортиқча эҳтиросга берилиб кетганми ёки суд идоралари бенуқсон ишлаяпти деган таассурот уйғотиш мақсадида баландпарвоз жумла тузганми, бунисини билмадик.

Билганимиз шуки, суд тизими халқ ишончини қозониш учун энди илк қадамларини қўяётган айни паллада расмий баёнотлардаги бундай риторика суд ҳокимиятига обрў келтирмайди.

Абдумалик Абдуллаев,

адвокат.

2020-05-07 10:04:43  |  3151 |   0  | 

3 изоҳлар

Карантин даврида ишларни "конуний" куришни нафакат маьмурий судлар балки жиноят ишлари буйича судлар хам койилмаком килиб курмокда. Мисол учун, ЖИБ Урганч шахар суди 17.04.2020 йилда прокурорнинг айбланувчи Ш.П.га нисбатан кулланилган камокка олиш тарзидаги эхтиёт чораси муддатини 23.06.2020 йилгача узайтириш хакидаги илтимосномасини каноатлантирган. Ажабланарлиси, камок муддатини узайтириш хакидаги иш айбланувчи Ш.П. ва химоячи иштирокисиз курилган (агар курилган булса!) Вахоланки, ЖПКнинг 247-моддасига кура, камок муддатини узайтириш хакида иш курилганда айбланувчи ва унинг химоячиси иштирок килиши шарт. Бирок, кейинчалик (22.04.2020 йилда) химоячи суд процесси утказилганидан хабар топиб, шикоят берилгач, иш янгидан биринчи инстанцияда (ЖИБ Янгибозор туман судида) курилиб, прокурорнинг Ш.П.га нисбатан кулланилган камокка олиш тарзидаги эхтиёт чораси муддатини узайтириш хакидаги илтимоси асоссиз эканлиги сабабли рад этилиб, айбланувчи дархол камокдан озод этилди. Олий суд матбуот хизмати карантин даврида судлар тулик конунга риоя этган холда ишларни курмокдалар деб бонг уришдан олдин, судлар томонидан инсоннинг Конституциявий хукуклари судлар томонидан купол равишда бузилганлигини хам тан олса яхширок булармиди. Яна билмадим бу Матбуот хизмати нимани назарда тутиб, судлар барча ишларни конуний курмокдалар, демокда.

Карантин даврида Судлар кўрилган хар бир ишда адвокат иштироки таъминланганми?..... Суд қарорлари устидан шикоят бериш учун авваламбор, Суднинг қабул қилганг Қарори ёки Хукми билан Жавобгарликка тортилган шахс ўз адвокати иштирокида, биргаликда танишиб чиқишини таъминлаш керак!.... Сўнгра, Суднинг қарори ёки хукмига нисбатан тарафларда эътироз борми ёки йўқлигини сўраш керак. Агар судлар кўрилган ишларда манфаатдор тарафларни адвокатига қўшиб иш билан таништирмаган бўлса, Унда ҳимоя хуқуқи бузилган деб ҳисобланади ва албатта шикоятлар бўлади. Агарда бу процедура судлар томонидан таъминланган бўлса, унда тарафларда эътирозлар бўлмаслиги мумкинлигини англатади.

Май 07, 2020  12:51

3.Madaminov Muxsinjon

Assalomu alaykum. Har holda ma'muriy sud qarori ustidan shikoyat qilish befoyda shekilli. Ramazon oyida, karantin va jamoat tartibini buzmagan holda boshqa turdagi huquqbuzarlikni sodir qilgan qori yigitga tuman sudi tomonidan 15 sutka tayinlandi. Ro'za kunida huquqbuzar bo'lsada, ro'zapdor bo'lgan huquqbuzarning qamoq muddatini qisqartirib berishlarini so'rab, shikoyat qildim - foydasi bo'lmadi.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация