Шайхонтоҳур ДСИ раҳбарияти корхонанинг 900 млн сўмдан ортиқ қарздорлигини яширган



 
  Расм манбаси : Uza.uz

ДСИ маълумотномаси асосида суд «Krono Style» МЧЖни тугатиш ҳақида қарор чиқаради. Бу пайтда унинг лизинг ташкилотидан қарийб 850 млн, солиқлардан 59 млн сўм қарзи бор эди

Сўнгги пайтларда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Давлат солиқ инспекцияси атрофида ёмон гап-сўзлар кўпайганидан хабарингиз бор. Дастлаб ДСИ ходимлари ёппасига ишдан бўшатилгани айтилганди, кейинроқ Давлат солиқ қўмитаси ушбу туман солиқ идораси “коррупция ўчоғига айлангани” ҳақида баёнот берди. Аммо аниқ фактлар маълум қилинмаётган эди.

Xabar.uz портали Бош прокуратурага сўров юбориб, матбуот хизмати орқали ушбу туман солиқ инспекциясидаги ҳолатни бир қадар очиқлашга муваффақ бўлди.

Маълум бўлишича, ДСИ раҳбарлари «Krono Style» МЧЖ номли корхонанинг жуда катта миқдордаги қарздорлигини яшириб, шу йўсин унинг тугатилишига ёрдамлашган экан.

Англашилишича, «Krono Style» МЧЖ бир пайтлар «BDS Leasing» МЧЖ ҚК номли лизинг ташкилоти билан шартнома тузиб, ундан 1,1 млрд сўм қийматидаги мебель ишлаб чиқариш ускуналарини олган ва дастлабки тўлов сифатида 321,6 млн сўм тўлаган. Шартномага мувофиқ, корхонанинг лизинг бўйича яна 848,3 млн сўм, бундан ташқари солиқлардан бюджет олдида 59,4 млн сўм қарздорлиги бўлган.

Шунча қарздорлиги борлигига қарамай, «Krono Style» МЧЖ Тошкент туманлараро иқтисодий судининг қарори билан тугатилади. Бунда эса Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси мансабдор шахслари «Krono Style» МЧЖнинг гўёки солиқ ва бошқа қарздорлиги мавжуд эмаслигини тасдиқловчи тақдимномаси асос бўлгани айтилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган ушбу ҳолат юзасидан туман ДСИ мансабдорларига нисбатан ЖКнинг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

2019-04-17 16:04:32  |  2040 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация