Далилларга баҳо беришда судьяларга виждон етишмаяпти(ми)?



 
  Расм манбаси : 

Абдумалик Абдуллаев,

адвокат

Тўғриси, айрим суд ишлари сабаб бўлиб бу мавзуга тўхталишга қарор қилдим. Баъзан судьялар иш бўйича тўпланган далилларга баҳо беришда “асосга нисбатан асос” усулидан фойдаланмасдан, келтирилган далилларнинг ишончсизлигига “ишончли асос” кўрсатиб беришмаяпти. Яъни, асос ўрнига эса “Олий судга мурожаат қилиб кўринг” дейиш билан чекланишмоқда.

Қонунчиликда қайд этилмаганлиги учун судларга “Виждон борми?” деган саволни бера олмадим. Ва ҳуқуқий нормаларни варақлаб, хорижий тажриба билан танишиб, шу қайдларни битдим.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 95-моддасида далилларга баҳо бериш ҳақида сўз юритилган. Унга кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан, тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга асосланган ҳолда қонунга ва ҳуқуқий онгга амал қилиб ўзларининг ички ишончлари бўйича далилларга баҳо берадилар.

Эътибор беринг, “қонунга ва ҳуқуқий онгга амал қилиб” дейилган. “Қонунга амал қилиш” тушунарли, “ҳуқуқий онгга амал қилиш” деганда нимани тушунамиз?

Давлат ва ҳуқуқ назарияси фанида “ҳуқуқий онг” тушунчасига шундай таъриф берилади, яъни ҳуқуқий онг - ижтимоий онг шакли бўлиб, жамият аъзоларининг мавжуд ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқни тушуниши, ҳуқуқ-тартибот ҳақидаги тасаввурида ўз аксини топади.

Демак, юқорида келтирилган нормадаги “ҳуқуқий онгга амал қилиб” жумласида жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва қонунчиликка оид тасаввурлари ва ҳис-туйғуларига амал қилиниши ҳақида гап кетяпти.

Айрим хорижий давлатларнинг жиноят-процессуал қонунчилигида эса виждонга амал қилиниши лозимлиги назарда тутилган экан.

Масалан, Қозоғистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 125-моддаси 2-қисмига асосан, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд қонунга ва виждонга амал қилиб, ўзларининг ички ишончлари бўйича далилларга баҳо берадилар.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддасида ҳам “суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд қонунга ва виждонга амал қилиб, ўзларининг ички ишончлари бўйича далилларга баҳо берадилар” дейилган.

Қирғизистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 93-моддаси 2-қисмида ҳам “қонунга ва виждонга амал қилиб” жумласи ишлатилган.

Ушбу кодексларнинг рус тилидаги матнидаги келтирилган “совесть” сўзи ўзбек тилида “виждон”, “инсоф” маъносини беради.

Виждон деганда эса шахснинг атрофдаги одамлар ва жамият олдидаги хатти-ҳаракатлари учун маънавий жавобгарлик ҳисси тушунилади.

Назаримда, бизнинг Жиноят процессуал кодексимизнинг 95-моддасида “виждон” сўзи етишмаётгандек. Нимага бу мавзуни кўтардим? Чунки “қонунда йўқ нарсани гапирманг” деб эътироз билдирувчи судьялар кўп. Шундай экан, юқоридаги моддага “виждонга амал қилиш” деган жумлани киритган маъқулмикан?..

2023-02-17 04:10:40  |  1451 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

2 изоҳлар

Апрел 10, 2023  15:53

1.XAQIQAT

BA'ZI BIR SUDYALAR XAQIQATDAN XAM NOQONUNIY QAROR CHIQARISHADI BULARGA XAM CHORA KO'RISH KERAK ODAMLAR SARSON BOLMOQDA SUDMA SUD YURIB FAQAT ADVOKATGA PUL TO'LASH BILAN O'TYAPTI KUNI BIR SUDNI O'ZIDA VIJDONIGA TAYANIB QONUNIY QAROR CHIQARISHI KERAK DEB O'YLAYMAN

Март 14, 2023  17:01

2.Зухриддин

Далилларни бахолашда Виждон ва ички ишончига амал килиб деган сущлар тугри булади



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация