Ўзбекистон ва Индонезия жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши биргаликда курашади



 
  Расм манбаси : Бош прокуратура матбуот хизмати

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳозирги кунда хорижий давлатларнинг 21 та ваколатли органлари билан меморандум имзолаган

Жакарта шаҳрида (Индонезия) ўтказилган «Эгмонт» гуруҳи йиғилишлари давомида 2019 йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Индонезия Молиявий операциялар юзасидан ахборот ва таҳлил маркази ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Бош прокуратурада хабарида айтилишича, мазкур ҳужжат билан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган ҳамкорлик шубҳали молиявий операциялар ва уларни амалга оширувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар алмашиш орқали амалга оширилади.

Ҳамкорлик меморандумини имзолаш «Эгмонт» гуруҳининг умумэътироф этилган тамойилларининг талаблари ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ФАТФ тавсиялари асосида амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ҳозирги кунда 21 та хорижий давлат (АҚШ, Исроил, Корея, Польша, Россия Федерацияси, Туркия, Хитой, Япония ва бошқалар)нинг  ваколатли органлари билан худди шундай ҳужжатлар имзоланган.  

Томонлар Меморандумнинг имзоланиши натижалари бўйича давлатлараро эришилган келишувларнинг мантиқий давоми сифатида икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Меморандумнинг имзоланиши ваколатли органлар ўртасида соҳадаги ахборот алмашинувининг ҳуқуқий асосларини кенгайтириб, икки томонлама ҳамкорликни жонлантиришга хизмат қилади.

2019-01-31 18:37:17  |  822 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация