Маъмурий судлар қайта ташкил қилингач, ўзбошимча амалдорларга қийин бўлади...ми?



 
  Расм манбаси : uzlidep.uz

Депутат Расул Кушербаев Ўзбекистон президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан суд тизимида бўладиган ўзгаришлар ҳақида фикр билдирар экан, айниқса, маъмурий судларнинг қайта ташкил этилиши ва ваколат жиҳатидан оптималлаштирилишидан кўп нарса кутаётганини айтди.

Унинг фикрича, Фармон ижросидан сўнг маъмурий судлар оммавий-ҳуқуқий муносабатларга қатъий ихтисослашиб, давлат амалдорлари билан жиддийроқ ишлай бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилмоқда. Туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида ташкил қилинадиган туманлараро маъмурий судлар ва вилоят маъмурий судлари эса фақат маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатларни кўради.

“Бу маъмурий судларнинг жазо билан боғлиқ бўлмаган ишлар, масалан, ҳокимлик ёки қайсидир давлат органининг қарорлари, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги бўйича ишларни кўриш соҳасига ихтисослашувини таъминлашга ёрдам беради.

Амалиётда маъмурий судларда маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар ҳажмининг кўплиги сабабли фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги қонунбузилишига доир муносабатларни кўриш вақти ва имконияти чекланган эди.

Балки шу сабабдандир аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги қонун талабларига эътибор сустлиги ҳақида эътирозлар бўлаётганди. Масалан, ҳокимларнинг “снос”, қурилиш, ер ажратиш ёки ерни олиб қўйишга доир масалаларда айнан ушбу қонун талабларига риоя этмаслиги, судлар эса бунга етарли эътибор қаратмаётганлиги фуқароларда кўплар эътирозлар пайдо қилмоқда. Шахсан ўзим ҳам бу борада кўп танқидий фикрларни билдириб келганман: қонун бўлса-ю, ишламаса.

Эндиликда маъмурий судлар (насиб этса) бутун куч ва вақтларини айнан ушбу қонун талабларига риоя этилишига қаратиш учун имкониятлари ошмоқда. Агар бу қонун тўлиқ ишлаб кетса, “баъзилар” анча қийналиб қолишади...” — деб ёзади депутат.

Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров куни кеча бўлиб ўтган брифингда оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид низоларнинг вилоят марказида жойлашган маъмурий судларда кўриш амалиёти жорий қилинса, суд ишларига маҳаллий аралашувларнинг олди олинишини таъкидлаган эди.

2020-07-29 04:39:51  |  273 |   0  | 

1 изоҳлар

Август 09, 2020  11:42

1.Адвокат Тохирбек

Маъмурий судьялар. Маъмурий хуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни адолатли кўришмаябди. Чунки бунга сабаб, Ўз.Р. МЖтК назариясини, уни қўллаш тажрибасини яхши билмайдилар. Маъмурий хуқуқбузарлик ишларини Жиноят судлари судьялари амалиёти анча яхши натижа беради. Маъмурий судьялар Фуқаролик ишлари бўйича иш тажрибалари билан ўралашиб қолишган. Хар иккала сохани ўзлаштириб бирга олиб боришга иш тажрибалари етишмаябди. Шунинг учун МЖтК бўйича иш кўришни Жиноят ишлар бўйича судларга ўтказса мақсадга мувофиқ бўлур эди.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация