Хусусий тадбиркорларга айрим фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланди



 
  Расм манбаси : royal-comfort.ru

2019 йил 1 январдан янги Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кучга киради, деб ёзмоқда Norma.

Эслатиб ўтамиз, август ойида амалдаги Рўйхатга тузатишлар лойиҳаси муҳокама қилинган эди. Унда 8 та фаолият турини чиқариб ташлаш таклиф қилинган эди. Жамоатчилик танқидий муносабат билдирди, муҳокама вақтида (15 кун) 16 та таклиф тушди. Асосан, шарҳловчилар якка тартибдаги тадбиркорларнинг (кейинги ўринларда – ЯТТ) бугунги кунда рухсат этилган у ёки бу фаолиятини бекор қилишга қарши сўз юритганлар. Қайд этиш жоизки, уларнинг фикр-мулоҳазалари эътиборга олинди ва қабул қилинган таҳрири лойиҳадан жиддий фарқ қилади.

Демак, кейинги йилнинг бошидан ЯТТ фаолиятида нималар ўзгаради.

Биринчидан, улар томонидан қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари сотилишига тақиқ жорий этилмоқда. Бунда алкоголли ва тамаки маҳсулотлари, нефть маҳсулотларининг барча турлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар ёхуд бундай материаллар қўлланилган буюмлар, аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлар, янги импорт автомобиллар ва фармацевтика товарларини сотишга ҳозир амалда бўлган чекловлар сақланиб қолади.

Иккинчидан, товарларни импорт қилиш ва кейинчалик уларни сотиш шарти қўйилди - олиб кирилаётган товарларнинг нархи бир ойда 5000 АҚШ доллари эквивалентидан ошиши мумкин эмас.

Учинчидан, қуйидагилар Рўйхатдан чиқариб ташланди (2019 йил 1 январдан ЯТТ бу фаолият билан шуғуллана олмайди):

• алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш;

• автотранспорт воситаларини ювиш, салонни тозалаш ва шунга ўхшаш бошқа хизматлар;

• пишлоқдан маҳсулотлар тайёрлаш ва сотиш;

• витраж ишлари (шиша, смальта ва бошқа материаллардан тайёрланган витражлар).

Давлат хизматлари марказлари рўйхатдан чиқарилаётган фаолият турлари билан шуғулланаётган ЯТТга бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга қайта рўйхатдан ўтишларида (яъни юридик шахс ташкил этиш) кўмаклашади.

Яна бир нечта фаолият турларига тузатишлар киритилди. Аниқлаштирилишича, ЯТТ миллий нон ва патир тайёрлаш ва сотишлари (ҳозир – нон-булка маҳсулотлари), аҳоли учун турар ва нотурар жойларни таъмирлаш бўйича хизматлар кўрсатишлари (ҳозир - қурилиш, таъмирлаш ва безаш бўйича алоҳида ишларни бажариш) мумкин, тикув ва трикотаж буюмларини, бош кийимларини ва тўқимачилик галантереясидан буюмларни тикиш эса - аҳолининг якка тартибдаги буюртмалари бўйича амалга оширилади.

Тўртинчидан, шунингдек рўйхат айрим йўналишлар билан тўлдирилди. Шу тариқа, ЯТТда:

• салқин ичимликлар, айрон ва гўжа тайёрлаш ва қуйиб сотиш;

• давлат-хусусий шерикчиликнинг оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини моддий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш шакли асосида ташкил этилган оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан шуғулланиш имконияти пайдо бўлади.

Ҳужжат 2019 йил 1 январдан кучга киради.

2018-10-25 14:58:44  |  2320 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация