Банкрот деб топиш механизмининг айрим жиҳатлари ўзгаради



 
  Расм манбаси : Klerk.ru

2019 йил 1 февралда Ўзбекистон президенти «Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинган.

Norma нашри ушбу ҳужжатнинг лойиҳа ва тасдиқланган вариантларининг айрим жиҳатларини таққослаган ҳолда шарҳлади.

2019 йил 1 июлдан эътиборан бажарилмаслиги қарздорнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатишга асос бўладиган жами талаблар суммаси пасайтирилади:

юридик шахсга нисбатан – ЭКИҲнинг камида 300 бараваригача (ҳозирда – 500 баравар);

якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан – ЭКИҲнинг камида 20 бараваригача (ҳозирда – 30 баравар).

Банкротлик аломатини қайта кўриб чиқиш – қарздор унга нисбатан қўйилган талабларни бажармайдиган муддат ҳақидаги таклиф қабул қилинмади. Шу тариқа, умумий муддат – тегишли мажбуриятлар юзага келган кундан эътиборан 3 ой сақланиб қолди. Бироқ солиқ органлари солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш имконияти бўлмаганлиги сабабли ижро ҳужжатлари қайтарилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилади («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддаси 3-қисми).

Худди шу санадан бошлаб тугатишга доир иш юритиш муддати бир йилдан 9 ойгача қисқартирилади. Ушбу муддат, ҳозир бўлганидек, қуйидаги ҳолларда узайтирилиши мумкин:

а) алоҳида ҳолларда (ҳозир – заруратга кўра). Ҳужжатда алоҳида ҳоллар дея тан олинадиган ҳоллар рўйхати келтирилмаган. Эҳтимол, у «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририда қайд этилар ёки суднинг ихтиёрига қолдирилар;

б) уч ойдан ошмаган муддатга. Ҳозир тугатишга доир иш юритиш узайтирилиши мумкин бўлган муддат белгиланмаган;

в) банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига асосан («Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 36-моддасига қаранг). Ҳозир иқтисодий суд ташаббусига кўра ҳам муддат узайтирилиши мумкин.

2019 йил 1 июлдан кучга кирадиган лойиҳанинг қуйидаги нормалари ҳам ўзгартиришсиз тасдиқланди:

бенефициар ва аффилланган шахсларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари оқибатида сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари аниқланганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мазкур шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда субсидиар жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади;

банкротлик таомиллари қўлланилган қарздорларнинг мол-мулки суд бошқарувчилари томонидан «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали сотилади.

Янги тартибни тўлақонли амалга ошириш учун «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритиш зарур. 2019 йил 1 майгача унинг янги таҳририни ишлаб чиқиш ва Парламентга киритиш вазифаси топширилган. Бундан ташқари, сохта банкротлик (ЖКнинг 180-моддаси), банкротликни яширганлик (ЖКнинг 181-моддаси) ва қасддан банкротликка олиб келганлик (МЖТКнинг 1795-моддаси; ЖКнинг 1811-моддаси) учун жавобгарлик кучайтирилади. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси 2019 йил 1 мартгача киритилади.

2019-02-04 17:02:24  |  2778 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация