​Олот тумани ҳокими “умум манфаати учун” фермерни дўппослади



 
  Расм манбаси : Xabar.uz

Фермернинг ҳисобидаги 25 млн сўм “туман учун комбайн ва тракторлар сотиб олиш мақсадида” зўрлик билан бошқа ҳисобларга кўчирилган. Туман ИИБнинг билдиришича, иш билан прокуратура шуғулланмоқда

Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими Шерали Саломов «Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовни 200 дан зиёд фермер иштирок этган мажлисда дўппослаган. Ерини туман захирасига қайтариб олиш билан таҳдид қилиб, уни туманга қишлоқ хўжалиги техникаси сотиб олиш учун фермерлик ҳисоб рақамидаги 25 миллион сўм маблағни тегишли ҳисобларга кўчиришга мажбурлаган...

«Xabar.uz» нашри воқеа юзасидан суриштирув ўтказди.

Фермер Ориф Дурматовнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 9 январь куни уни Олот тумани ҳокимлигига йиғилишга чақиришган. Мажлисда туман ҳокими ундан фермер хўжалиги муҳрини сўраган. Ориф Дурматов мажлисга кечикмаслик учун даладан тўғри ҳокимликка келганини, муҳр уйда қолганини айтган. Англашилишича, ҳоким ўрим комбайнлари ва тракторлар сотиб олиш учун фермерлардан пул йиғиш мақсадида уларни тўплаган экан. Бунга жавобан Дурматов, унга қарашли фермер хўжалиги ерини шудгор қилиш учун бошқа фермердан ижарага олиб ишлатилган техника ва ёнилғи бўйича қарзини ҳали тўлаб улгурмаганини айтганида ҳоким ғазабга келади.

“Туман ҳокими важоҳат билан олдимга келиб, ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, 200 нафардан ортиқ фермер олдида мени муштлаб уриб, бошимнинг орқасига қаттиқ зарба бериб, уриб йиқитди. Лабларим, бурним ва оғзимдан қон кетишига қарамасдан, айтилган маблағни кўчирмасам, мендан фермер хўжалигимга тегишли бўлган ерни туман ҳокимлиги захирасига топширишим тўғрисида мажбурлаб ариза ёздириб олди. Шундан сўнг туман ҳокими ўз вакиллари ҳамда туман ИИБ ходимларини уйимга юбортириб, уйдаги фермер хўжалигига тегишли муҳрни отамдан сейфдан олдирган. Ҳолатни эшитиб, қон босими кўтарилган отам, маблағ кетса кетсин, ўғлим омон бўлсин, деб муҳрни сўраб келганларга топширган”, дейди фермер.

Муҳр келтирилгач, ҳоким унинг бошида туриб, хўжалиги ҳисобидаги 25 миллион сўм маблағни бошқа ҳисобга ўтказиш учун тоза тўлов топшириқномасига мажбуран муҳр ва имзо чектириб олади. Шундан сўнггина ерини туман ҳокимияти захирасига топшириш тўғрисида мажбурлаб ёздирилган аризасини қайтариб беришади. Аммо, унинг ўзи шифокор ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилмаслиги учун тунги соат 24 га қадар мажлислар залида ушлаб турилади. Аҳволи ёмонлашиб, қон босимим ошгани боис, туман ҳокимлигидан чиқибоқ, ўғли уни вилоят касалхонасига етказган. У ердан тез ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб келинган.

Ушбу муассасанинг нейрохирургия бўлими бошлиғи Муҳсин Ражабов «Xabar.uz»га Ориф Дурматов “Бош-энса соҳаси ва ўнг кўз атрофида юмшоқ тўқималари лат ейиши” ташхиси билан ётқизилганини тасдиқлади.

Кейинроқ маълум бўлишича, унга зўрлаб муҳр ва имзо чектирилган тоза тўлов қоғозлари асосида ҳоким Шерали Саломов топшириғи билан «Шуҳрат» фермер хўжалиги ҳисоб рақамидан туман МТПга 10 миллион сўм, «Илҳом» фермер хўжалиги ҳисоб рақамига ўрим комбайнлари ва ҳайдов тракторларининг хариди учун 15 миллион сўм маблағ кўчирилган.

Тумандаги бир нечта фермер хўжалик раҳбарларининг билдиришича, ҳокимнинг фермерларга нисбатан бундай муомаласи, муносабати биринчи маротаба эмас.

“Биз «ғинг» десак, қўлингдан ерингни оламан, дейишади. «Ноним ярим бўлмасин», деб кўпчилик фермерлар қўрқишади. Олот туманидан адолат излаш фойдасиз»,

– дейди 73 ёшли фермер Бектемир Қораев.

Олот туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Анвар Ондаевнинг сўзларига кўра, айни пайтда иш прокуратурага оширилган.

Туман ҳокими Шерали Саломов у билан телефон орқали боғланган «Xabar.uz» мухбирига фермер Дурматовни дўппослаганини тан олгани ҳолда, уни “шахсий манфаати йўлида урмаганини” айтган. “Истаймизми-йўқми, иш жараёнида хато, камчиликлар бўлади. Мақсад эса туман салоҳиятини кўтариш, ҳар бир соҳада тартиб-интизом ўрнатиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш. Мен бир нарсага ишонаман, келгусида ушбу фермер хўжалик раҳбари билан бошқалар қатори яна ҳамжиҳатликда, келишиб ишлаб кета оламиз”, деган Саломов.

Олот тумани ҳокими томонидан уриб, муштланган, кўпчилик олдида инсонийлик ҳуқуқлари топталган фермер Ориф Дурматов қонун томонидан адолатли қарор қабул қилиниши истайди.

Мавзуга доир:

Фермерларни урган собиқ ИИБ бошлиғига 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди

2019-01-14 17:27:14  |  2610 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация