Иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари интернетда эълон қилинади
Иқтисодий-процессуал кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида муҳокама қилинмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 6 февралдаги мажлисида “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Doing business” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий-процессуал кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабарига кўра, президентнинг 2018 йил 13 июлдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу лойиҳага биноан, иқтисодий ишлар бўйича суд муҳокамаларида ошкораликни таъминлаш мақсадида Иқтисодий-процессуал кодексга суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорларини (ёпиқ суд мажлисларида чиқарилган ҳал қилув қарорлари бундан мустасно) тарафларнинг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий веб-сайтида эълон қилиниши шартлигига доир нормалар киритилмоқда.
Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси Иқтисодий-процессуал кодексга иқтисодий судлар томонидан даъво суммаси кам миқдорда бўлган низоларни соддалаштирилган тартибда кўриш тўғрисидаги нормалар киритишни ҳам назарда тутади. Унга кўра, солиқ тўловчининг солиқ қарзини унинг мол-мулкига қаратиш талаби бўйича, агар даъво суммаси юридик шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан ошмаган миқдорда бўлса, даъво ариза бўйича ишни соддалаштирилган тартибда кўрилишини белгилаш таклиф қилинмоқда.
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида лойиҳанинг таклиф этилган номи ўзгартирилди, 4 та янги норма киритилди, 3 та норма чиқариб ташланди. Муҳокамалар давомида лойиҳанинг деярли барча нормаси таҳририй тузатилди.
Депутатларнинг фикрича, қонунчиликка киритилаётган бу каби янгиликлар суд ишларини юритиш тизимига соддалаштирилган тартиб-таомилларни жорий қилиш, ишларни тезкорлик билан кўриб чиқиш, муайян турдаги низолар бўйича ҳал қилув қарорларини кузатиб бориш имконини беради. Энг муҳими, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон кўрсаткичларини янада яхшилашга хизмат қилади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш