“Малака оширишни палата ҳузурида ташкил қилиш учун илмий салоҳият етарли”



 
  Расм манбаси : 

Адвокатлар палатасинингНавоий вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Аҳад ака Нарзиев соҳадаги энг кекса адвокатлардан бири саналади. У собиқ Совет иттифоқи давридаёқ адвокатурага кириб келган, СССР адвокатларининг биринчи корпоратив ташкилоти – Адвокатлар иттифоқи тузилишига гувоҳ бўлган ва бу жараёнда шахсан иштирок этган. Қолаверса, Аҳад аканинг сўнгги 30 йиллик фаолияти мамлакатимизда адвокатура институтининг шаклланиши билан ҳамқадам кечмоқда.

“Advokat”журнали мухбири билан суҳбатда у яқин тарихимиздаги ўша кунларни эсга олди, шунингдек  мустақил Ўзбекистон адвокатураси олдидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари хусусида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Аҳад Очилович, Сиз узоқ йиллардан буён адвокатура соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган отахон адвокатларидан бирисиз, қолаверса, Навоий вилоятидаги адвокатлар жамоасига раҳбарлик қилиб келмоқдасиз. Фаолиятингиз давомида адвокатура тизимида рўй берган тарихий жараёнларга гувоҳ бўлгансиз, уларнинг айримларда бевосита иштирок ҳам этгансиз. Ушбу тарихий жараёнлардан бири адвокатлик ҳамжамиятларининг ташкил этилиши ва фаолияти билан боғлиқ. Маълумки, 1989 йил 24-26 февраль кунлари Москва шаҳрида собиқ СССР адвокатларининг таъсис съезди бўлиб ўтган ва унда СССР таркибидаги собиқ совет республикалари, жумладан Ўзбекистондан ҳам адвокат делегатлар қатнашган экан. Айтинг-чи, съездда Ўзбекистондан нечта адвокат иштирок этган, улар орасида кимлар бўлган, делегатлар қандай танлаб олинган? Съездда адвокатлар фаолиятига оид қандай масалалар муҳокама қилинган ва кимлар сўзга чиққан? Съезд делегатларидан бири сифатида ўз хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз.

1988 йил 11 ноябрь куни Самарқанд ва Навоий вилоятлари адвокатларининг қўшма умумий йиғилиши ўтказилиб, унда мен Навоий вилояти Адвокатлар ҳайъати раёсатининг раиси этиб сайланган эдим. Бир неча ойдан сўнг, яъни 1989 йил 24-26 февраль кунлари Москва шаҳрида собиқ СССР адвокатларининг биринчи (ва охирги) таъсис съезди бўлиб ўтди. Унда собиқ СССР таркибидаги республикалар, жумладан, Ўзбекистондан ҳам делегатлар қатнашди.

У йилларда адвокатларнинг республика уюшмаси ҳали тузилмаган, вилоятларда – вилоят адвокатлар ҳайъатлари, туман ва шаҳарларда эса ҳайъатга тобе бўлган юридик маслаҳатхоналар фаолият юритарди. Шунинг учун ҳар бир вилоятдан 3 нафардан делегат юбориш тўғрисида кўрсатма берилган эди. Делегатлар вилоят адвокатларининг умумий йиғилишида сайланди. Самарқанд вилояти адвокатларидан ҳайъат раёсат раиси О.Маматқулов, раёсат аъзолари М.Умурова ва Султоновалар, Навоий вилояти адвокатлари орасидан эса фақат мен делегат бўлиб сайландик. Навоий вилояти тугатилган бўлса-да, Навоий вилояти адвокатлар ҳайъати Самарқанд вилояти адвокатлари ҳайъати таркибида қолдирилган эди. Шунинг учун Навоий вилоятидан битта делегат сайланди. Республикадаги адвокатлар ҳайъатлари ўртасида алоқалар деярли бўлмаганлиги сабабли вилоятлардан съездга сайланган делегатларнинг исм-фамилиялари  ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман. Фақат, Тошкент вилояти адвокатлар ҳайъати раёсат раиси Ф.Ашуров, Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати раёсати раиси   К.Ташметов,  Сирдарё вилоят адвокатлар ҳайъати раёсати раиси  А.Абасов,  Бухоро вилояти адвокатлар ҳайъати раёсати раиси Ю.Норовларни айта оламан.

Съездда СССРда ном қозонган ва обрўли адвокатлардан Генрих Падва, Израил Либуслар иштирок этишди, СССР Олий суди раиси ва бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар вакиллари ҳам бор эди.

Съездга Москва шаҳар Адвокатлар ҳайъати раиси Георгий Воскресенский раислик қилди. У 40 дақиқалик маърузасида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар ва судлар фаолиятини танқидий баҳолаб, адвокатлар иттифоқини тузишга чақирди. Собиқ СССРда адвокатура фаолияти Адвокатура тўғрисида низом деб аталувчи ягона ҳужжат асосида йўлга қўйилганлиги сабабли, соҳавий қонунларни қабул қилиш йўли билан адвокатлар ваколатларини кенгайтириш, СССР Адвокатлар иттифоқини ташкил қилиш ва иттифоқ раисини сайлаш масалалари кўрилди. Эътиборга сазовор  воқеалардан  бири шуки, СССР Адвокатлар иттифоқига раис сайлашда  Г.Воскресенский ва ўзбекистонлик адвокат И.Либус номзодлари тавсия этилди. Шунда Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган йўл-транспорт ҳодисалари бўйича махсус юридик маслаҳатхона мудири Егошиннинг съездга мурожаат телеграммаси ўқиб эшиттирилди: у И.Либус бир пайтлар “брон” олишга эришиб, урушга бормагани сабабли уни Адвокатлар иттифоқи раислигига номзодликдан чиқаришни талаб қилган эди. Залда катта шов-шув кўтарилди. Шунда мен сўзга чиқиш учун минбарга яқинлашганимда раислик қилаётган  Г.Воскресенский менга сўз беришга қарши эканлигини эълон қилиб, микрофонни ўчириб қўйди. Узоқ тортишувлардан сўнг, СССР Адвокатлар иттифоқи раисини сайлаш масаласини иккинчи кунга қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Хотирамда қолган воқеалардан бири шуки, танаффус вақтида Генрих Падва билан иттифоқдош республикалардан келган делегатлар ўртасида бўлган суҳбатдан Россиянинг марказий шаҳарларида адвокат бўлиш ишлаш ниҳоятда қийинлигини, Падва Москва шаҳрида адвокат бўлишдан олдин Калининград вилоятидаги бир овлоқ шаҳарчада оддий адвокат бўлиб фаолият кўрсатганлигини, Адлия вазирлиги томонидан адвокатлар сони учун белгиланган квотага қаттиқ риоя қилинишини билганман.

Эртаси куни сайлов ўтказдик, унда Москва шаҳар адвокатлари раҳбари Г.Воскресенский кўпчилик овоз билан СССР Адвокатлар иттифоқининг раиси бўлди. Мазкур съезд адвокатларни бирлаштириш ва адвокатура институтини ривожлантиришда муҳим рол ўйнади деб ҳисоблайман. СССР парчаланиб, Ўзбекистон мустақил давлат бўлганидан сўнг  мамлакатимиз  адвокатлари дастлаб Ассоциацияга бирлашди, кейинчалик унинг негизида Адвокатлар палатаси ташкил топди.

Тўғри, Ўзбекистон мустақилликка эришиб, “Адвокатура тўғрисида”ги қонун қабул қилинганидан кейин адвокатларни бирлаштириш ва уларни касбий ҳимоя қилишни таъминловчи жамоат бирлашмаси тузиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланган ва бунинг натижаси ўлароқ 1997 йилда Ўзбекистон Адвокатлар ассоциацияси ташкил этилган. Сиз ушбу жараённинг фаол иштирокчиларидан бири бўлганлигингизни биламиз. Айтинг-чи, Ассоциацияни ташкил этиш адвокатларнинг ўз ташаббуси бўлганми ёки давлатнингми? Ассоциацияни ташкил этишда ва унинг оёққа туришида қайси ҳудуд раҳбарлари ёки адвокатлар фаол иштирок этганлар?

Ушбу саволга аниқ жавоб бериш анча мушкул. Адвокатларнинг жамоат бирлашмасини тузиш ташаббуси ҳам адвокатлардан, ҳам давлатдан бўлган деб ҳисоблайман. Чунки қуруқ ташаббуснинг ўзи бу мақсадга эришиш учун кифоя қилмасди. Адвокатлар ассоцациясини ташкил этишда асосий ролни давлат ўйнаган деб биламан. Менимча, адвокатлар ташаббуси анча кучсиз эди. Ассоциация тузилишига Адлия вазирлиги бош-қош бўлган. Барча учрашувлар вазирлик биносида ўтказилиб, адвокатлар учун махсус хона ажратилган эди. Ф.Ашуров адвокатлар съездида сайланган раис бўлса,  С.Якубов ва  А.Мамажоновлар  навбатдаги съездга қадар  раис вазифасини  вақтинча бажариб турган эдилар.

Адлия вазирлигидан Ф.Ҳамидов, А.Тўхташевлар адвокатлар ассоциацияси фаолиятини ташкил қилиш ва ассоциация съездини ўтказишда ташкилотчилик вазифасини бажарганлар. Фикримнинг исботи учун бир воқеани айтишни лозим деб топдим. Вилоят адвокатлар ҳайъатларининг раҳбарлари вазирликка чақирилиб, вазирнинг биринчи ўринбосари Раҳимов иштирокида ўтказилган йиғилишда ташкилий масалалар муҳокама қилинган эди. (Ф.Ашуровнинг истеъфоси кўрилган эди.) Мажлисда адвокатлар кун тартибидаги масала юзасидан қарши овоз беришган. Эртасига адлия вазири А.Полвонзода вилоятларга кетиб қолган ҳайъат раисларини қайтадан чақиртириб, ўзи мажлис ўтказган. Аммо Адвокатлар ассоциациясининг тайинланган съездини ўтказиш, делегатлар Тошкент шаҳрига етиб келган бўлишига қарамасдан кейинги йилга қолдирилди.  (Ўша мажлисда Ф.Ашуров  истеъфо берган, Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати раёсати раиси С.Якубов  УАА раиси вазифасини вақтинча  бажарувчиси этиб  қўйилган эди.). Делегатларнинг барча харажатлари Адлия вазирлиги томонидан қопланди. Ушбу воқеалар давлат адвокатлар ассоциациясини ташкил қилишда асосий ташаббускор бўлганлигини кўрсатади.

Адвокатлар съезди қолдирилишига асосий сабаб – адвокатларнинг икки гуруҳга бўлинганлиги, деб ҳисоблайман. Биринчи гуруҳ адвокатура институтини секин-аста ривожлантириш тарафдорлари бўлган бўлса, иккинчи гуруҳ вакиллари қисқа вақт ичида соҳани тараққий этган давлатлар адвокатуралари даражасига етказишни истар эди. Тарафларнинг фикр ва мулоҳазалари ўзаро мунозараларга сабаб бўлди. Шу ўринда бир воқеани эслатиб ўтмоқчиман. Қонунчиликни таъминлаш комиссияси раиси М. Рустамбоев адвокатурани ислоҳ қилиш масалалари бўйича ҳайъат раислари билан фикрлашиш учун йиғилиш ўтказиши керак эди. Иккинчи гуруҳ вакиллари (исмларни кўрсатишни лозим топмадим) Ўзбекистонда фаолият юритаётган америкалик бир неча юристни йиғилишга таклиф қилишган экан. Улар маърузачиларнинг сўзини бўлиб, саволлар бера бошлаганида биринчи гуруҳдаги адвокатлар “уларни йиғилишга ким таклиф қилди? Шаҳар бедарвоза эмас, тартибга риоя қилишсин, акс ҳолда мажлисдан чиқариб юбориш керак” дея норози бўлишганида М.Рустамбоев бу эътирозни тўғри деб топган эди.

Ассоциацияни ташкил этишда юқорида қайд қилинган ассоциация раҳбарларидан ташқари Фарғона вилояти адвокатлар ҳайъати раёсат раиси Аҳмадали Қурбонов, Самарқанд вилояти адвокатлар ҳайъати раёсат раиси Мустафо Нормуротов, Қашқадарё вилоят 1-сонли адвокатлар ҳайъати раёсати раиси Б.Саломов, Андижон вилояти адвокатлар ҳайъати раёсат раиси  Мухторжон  Холматов, Қорақалпоғистон Республикаси адвокатлар ҳайъати раёсати раиси Сафар Арзимбетов, Бухоро вилоят адвокатлар ҳайъати раёсати раиси  Тошпўлат Саидов ва бошқалар фаол иштирок этганлар.

Сизнингча, Ассоциация адвокатлар фаолиятида қандай из қолдирди? Ассоциация фаолиятининг қайси йўналишлари адвокатлар учун ижобий аҳамият касб этди?

Ассоциация тарқоқ республика адвокатларини ягона ташкилотга бирлаштиришда ва кейинчалик Адвокатлар палатасини ташкил қилишда муҳим рол ўйнади. Вилоят адвокатлар ҳайъати раёсат раислари бир вақтнинг ўзида ассоциациянинг вилоят бўлимлари раҳбари ҳам ҳисобланарди. Ассоциацияни ташкил этиш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси адвокатларининг 1-съезди ўтказилди. Ассоциация президенти лавозимига вилоят бўлимлари томонидан тўртта номзод тавсия этилди, улар: Ассоциациянинг Бухоро вилояти бўлими раиси Т.Саидов, Қашқадарё вилояти бўлими раиси Б.Саломов, Наманган вилояти бўлими раиси А.Мамажонов ва Тошкент шаҳар бўлими раиси Г.Ишанхановалар эди.  Ташкилий ишларда адлия вазирлиги катта ёрдам кўрсатди. Съезд Олий суднинг мажлислар залида ўтказилди. Кўпчилик овоз билан Б. Саломов Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар ассоциацияси раиси этиб сайланди. Мен ўша съездда Саноқ комиссиясининг  раиси эдим.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар ассоциациясининг 1-съезди тинч ва уюшқоқлик билан ҳаққоний ўтказилди ва съезд якунида чиройли тушлик ташкил этилди.

Маълумки, Адвокатлар ассоциацияси тугатилиб, унинг негизида адвокатларнинг мажбурий аъзолигига асосланган Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ташкил этилди. Адвокатлар палатаси қонунда белгиланган ваколатидан келиб чиқиб, муайян вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Палатанинг ҳудудий бошқармаси раҳбари сифатида айтинг-чи, Палатанинг қонунда белгилаб берилган ваколатлари унинг ўз олдига қўйган вазифаларини бажариши, яъни ҳақиқий маънода адвокатларни касбий, ижтимоий ҳимоя қиладиган ўзини-ўзи бошқариш айланиши учун етарлими? Етарли эмас, деб ҳисобласангиз, Сизнинг назарингизда Палатага яна қандай қўшимча ваколатлар берилиши лозим?

Палатанинг қонун билан белгиланган ваколатлари унинг ўз вазифаларини бажариши учун етарли эмас. Ва бу Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура тўғрисида”ги қонунига қатор ўзгартиришлар киритиш лозимлигини англатади. Энг аввал қонунда адвокатура давлат ташкилоти ёки нодавлат ташкилотими статуси аниқ кўрсатилиши керак. Адвокатлар палатаси раиси ва унинг ўринбосарлари  Конференцияда адвокатлар томонидан альтернатив асосда сайланиши лозимлиги тўғрисидаги ўзгартириш ҳам жуда муҳим деб ҳисоблайман. Буни “Адвокатура тўғрисида”ги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасига киритиладиган ўзгартириш тақазо этади. Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасида “Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади.Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади”, деяқайд этилган. Мазкур модданинг 2-қисмини қуйидаги янги таҳрирда қабул қилиш таклиф қилинмоқда:“Терговнинг ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланган адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби Қонун билан белгиланади”.

Конститутциянинг ушбу моддаси таклиф қилинган янги таҳрирда қабул қилинса, адвокатурага оид барча қонунлар ва қонун ости норматив ҳужжатлар шунга мослаштирилиши керак бўлади.

Адвокатларнинг малакасини оширишни Палата ҳузурида ташкил этиш зарур. Малака ошириш ўқув дастури адвокатурага тўғридан-тўғри дахлдор фанлар асосида ишлаб чиқилиши, энг асосийси – ўқув жараёнида адвокатларга фақатмалакали ҳимоя ва юридик ёрдам кўрсатишучун зарур билим ва кўникмалар ўргатилиши лозим. Адвокатура фаолиятига оид қонунларни, барча кодексларни чуқур ўргатиш, бунинг учун катта тажрибага эга бўлган адвокатларни малака ошириш курсларига жалб қилиш керак. Бир сўз билан айтганда, адвокатларбу курсларда ўз касб фаолиятининг минимум стандартларига жавоб бера оладиган,мурожаат қилган шахснинг адвокат олдига қўядиган ҳуқуқий муаммоларини ечиш йўлларини биладиган, чуқур таҳлил қилиб хулоса чиқара оладиган,тўғри позиция танлай оладиган ва мансабдор шахсларни ўзининг ҳақлигига ишонтира оладиган мутахассис бўлиб чиқиши – бош мақсад бўлиши лозим. Ҳамкасбларимиз орасида  элликдан ортиқ юридик фан докторлари ва фан номзодлари  бор. Шу боис  сифатли ўқув жараёнини ташкил қилиш учун илмий салоҳиятимиз етарли, деб ўйлайман.

Жамиятда адвокатуранинг мавқеини ошириш ва корпоратив бирлигини кучайтириш мақсадида адвокатлар мантиясини жорий қилиш, уларга малака даражаларини бериш, адвокатлар учун кўкрак нишонларини таъсис қилиш, адвокатлар байрамини белгилаш каби таклифлар билдирилмоқда. Сиз бу таклифларга қандай қарайсиз? Адвокатлар кооперациясини мустаҳкамлаш учун яна нималар қилиш керак?

Адвокатуранинг корпоратив бирлигини кучайтириш учун, менимча, биринчи галда Адвокатлар палатаси ҳузурида адвокатларни ҳимоя қила оладиган тажрибали, обрўли, ўз касбининг фидойиси бўлган адвокатлардан Палата раиси ва ўринбосарларига тобе бўлмаган, ҳудудий бошқармалар томонидан тавсия этиладиган таркибда доимо фаолият юритадиган, фақат бошқарувга ҳисобот берадиган услубий кенгаш ёки комиссия ташкил қилиш лозим. Адвокатлар ўзларини том маънода ҳимояланган дебҳис қилсаларгина корпаратив бирлигимиз кучли бўлади.

Адашмасам, шунақа комиссия тузиш президент қарорида ҳам назарда тутилганди. Палата ҳузурида Олий суд, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирокида ташкил этилиши белгиланган комиссия суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан адвокатлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларини тизимли ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим эди. Бироқ, афсуски, мазкур банд ижро этилмасдан қолиб кетди.

Адвокатларни ҳимоя қила олсак, қолгани ўз-ўзидан бўлаверади. Энг муҳими, ҳамкасбларимиз Палата ва умуман адвокатура ҳамжамияти уларни ноқонуний босимлардан ҳимоя қила олишига ишонч ҳосил қилишлари керак.

Малака даражаларини, кўкрак нишонларини ва касб байрами кунимизни таъсис этишга келсак, булар зарур ишлар, албатта. Аммо биринчи галда қилинадиган ишлар эмас. Мантия масаласига келсак, буни адвокатлар овоз бериш йўли билан ҳал қилсалар бўлади.

Адвокатуранинг давлат органларидан мустақил фаолият кўрсатиши соҳанинг асосий тамойилларидан биридир. Адвокатлар малака комиссияси эса ушбу тамойилларни амалга оширишнинг бир кўриниши ҳисобланади. Сизга маълумки, малака комиссиялари дастлаб адлия органлари раҳбарининг буйруғи билан уларнинг ҳузурида ташкил этилган ва комиссия аъзоларининг эллик фоизи адлия ходимларидан иборат бўлган. Ўтган йилларда комиссиялар фаолиятида адлия органларининг таъсири ва иштироки камайиб борди ва ҳозирда улар Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил этилиб, фаолият кўрсатмоқда, аъзоларнинг асосий қисми ҳам адвокатлардан иборат. Айтинг-чи, малака комиссияларининг мустақиллиги уларнинг иш фаолиятига қанчалик ижобий таъсир кўрсатмоқда? Уларнинг талабгорлардан малака имтиҳонларини қабул қилиш ва адвокатларга нисбатан интизомий ишларни кўриш билан боғлиқ фаолиятларида ошкоралик, очиқлик ва қонунийлик таъминланаяптими ёки бу йўналишда қандайдир муаммолар мавжудми? Малака комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш учун яна қандай чора-тадбирларни амалга ошириш лозим?

Малака комиссиялари фаолияти, назаримда, яхши ташкил қилинган. Таркибан мутлақ кўпчилиги адвокатлардан тузилгани сабабли комиссия адвокатларнинг муаммоларини, касбий фазилатлари ва нуқсонларини теран тушунади, интизомий жазо танлашда айбнинг қанчалик оғир ёки енгиллиги адолат тарозисида обдон тортилиб, сўнгра қарор қабул қилинмоқда. Комиссияларни вилоятлардаги энг тажрибали, ҳамкасблари орасида обрў-эътибор қозонган ва кўпчилик ишонч билдирган адвокатлар бошқаришмоқда. Малака имтиҳонларини олиш жараёни мумкин қадар шаффоф.

Айни чоғда комиссиялар ваколатлари уларнинг ўз функцияларини бажариши учун етарли эмас. “Адвокат” журнали ва “Адвокат пресс” газетаси саҳифаларида бу ҳақда танқидий фикрлар берилмоқда. Танқидларда жон бор – комиссиялар ваколатлари қайтадан кўриб чиқилса жуда яхши бўларди. Ва комиссиялар тўғрисидаги низомни қайта ишлаб, қабул қилиш ваколати Адвокатлар палатасига берилиши керак деб ўйлайман. Бу адвокатура мустақиллигини таъминлаш йўлида жиддий қадам бўлур эди.

Амалдаги низом талабларига эътибор берадиган бўлсак, асосий ваколатлар суд ва адлия органларига берилган, малака комиссиясига эса арзимас, иккинчи даражали масалаларни ҳал қилиш ваколати қолган, холос. Адвокат лицензиясини бекор қилиш ва тўхтатиб туриш – қонунан адвокатуранинг хос ҳуқуқидир ва бу ҳуқуқ амалиётда таъминланмас экан, мустақиллигимиз қоғозда қолиб кетади.

Воҳид АҲМАД суҳбатлашди.

2022-12-23 05:17:44  |  945 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

2 изоҳлар

Ҳа, Аҳад ака бутун умрини адвокатурага бағишлади. У киши томонидан келтирилган тарихий ва ташкилий ўтган давр фикрларига қўшиламан. "Эгри туриб, тўғри сўзла"-деган нақлдан келиб чиқиб, Адвокатлар палатасини сўнгги Конференциясидан сўнг Адвокатлар палатасидаги ўзгаришлар, уларни шаффофлиги ва фаоллиги, игариги адвокатлар палатаси раҳбарияти фаолиятидан тубдан тараққиётга қараб ўзгарганлигини таъкидламасликни имкони йўқ! Энди бир савол туғилади, агар адвокатлар палатаси раиси адвокатлар конференциясида яширин овоз билан ва алтернатив усулда сайланадиган бўлса, унда " Адвокатлар палатаси раиси ва ўринбосарларига тобе бўлмаган... комиссияни ташкил этиш... "-деган фикр, биринчидан, икки ҳокимликни ташкил этади, иккинчидан, адвокатлар палатаси раиси ва муовинларига, уларни фаолиятини холислигига шубҳа бордай гумонлар келтириб чиқарса, учинчидан, Адвокатлар палатаси раҳбариятига бўйинсунишда иккиланишга чақирув ҳисобланади. Чунончи, Адвокатлар ҳамжамияти Конференциясда сайланган Адвокатлар палатаси раҳбариятига бўйсиниш ва улар томонидан чиқарилган коллегиал қарорларни сўзсиз бажариш бу интизом меъзони ҳисобланади. Адвокатларни бирлаштирадиган мезонлар ҳам аввало интизом ва сўнгра одоб ҳисобланади. Малака комиссилари фаолиятига келсак, мени фикримча, " чўнтак адвокатлар" ни келиб чиқиши бу ҳудудий малака комиссиялари ҳисобланади(!). Шунинг учун адвокатлик фаолиятига лицензия олиш учун ўтказиладиган малака комиссияси ягона ва фақат Республика Адвокатлар палатасида бўлгани маъқул. Интизом комиссиялари эса, ҳудудлардан бошланса мақсадга мувофиқ бўлади. Адвокатларни фақат ягона тараққиёт принципи ва интизом бирлаштиради! Бу???? иккинчи граматик хатоларни тузатиш билан матн.

Ҳа, Аҳад ака бутун умрини адвокатурага бағишлади. У киши томонидан келтирилган тарихий ва ташкилий ўтган давр фикрларига қўшиламан. "Эгри туриб, тўғри сўзла"-деган нақлдан келиб чиқиб, Адвокатлар палатасини сўнгги Конференциясидан сўнг Адвокатлар палатасидаги ўзгаришлар, уларни шаффофлиги ва фаоллиги, игариги адвокатлар палатаси раҳбарияти фаолиятидан тубдан тараққиётга қараб ўзгарганлигини таъкидламасликни имкони йўқ! Энди бир савол туғилади, агар адвокатлар палатаси раиси адвокатлар конференциясида чширин овоз билан ва алтернатив усулда сайланадиган бўлса, унда" Адвокатлар палатаси раиси ва ўринбосарларига тобе бўлмаган... комиссияни ташкил этиш... "-деган фикр, биринчидан, икки ҳокимликни ташкил этади, иккинчидан, адвокатлар палатаси раиси ва муовинларига, уларни қаолиятини холислигига шубҳа бордай гумонлар келтириб чиқарса, учинчидан, Адвоеатлар палатаси раҳбариятига бўйинсунишда иккиланишга чақирув ҳисобланади. Чунончи, Адвокатлар ҳамжамияти Конференциясда сайланган Адвокатлар палатаси раҳбариятига бўйсиниш ва улар томонидан чиқарилган коллегиал қарорларни сўзсиз бажариш бу интизом меъзони ҳисобланади. Адвокатларни бирлаштирадиган мезонлари аввало интизом ва сўнгра одоб ҳисобланади. Малака комиссилари фаолиятига келсак, мени фиеримча, " чўнтак адвокатлар"ни келиб чиқиши бу ҳудудий малака комиссиялари ҳисобланади(!). Шунинг учун адвокатлик фаолиятига лиценўия олиш учун ўтказиладиган малака комиссияси ягона ва қақат Республика Адвокатлар палатасида бўлгани маъқул. Интизом комиссиялари эса, ҳудудлардан бошланса мақсадга мувофиқ бўлади. Адвокатларни фақат ягона тараққиёт принципи ва интизом бирлаштиради!



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация