Самарқандда адвокатлик кўкрак нишони таъсис этилди



 
  Расм манбаси : "Advokat" jurnali

Бу ҳақда жорий йилнинг 4 август куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган давра суҳбатида маълум қилинди.   

— “Адвокатлик кўкрак нишони” адвокатура институтини такомиллаштириш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар доирасида, адвокатнинг обрўсини кўтариш мақсадида  таъсис этилди, — деди жумладан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят  ҳудудий бошқармаси бошлиғи О.Ахтамов.  —  Бу ишга биз республикада биринчилардан бўлиб қўл урдик. Таклифимизни вилоят адлия бошқармаси ҳам қўллаб-қувватлаб, уни расмийлаштиришда амалий ёрдамини аямагани боис режамиз тезда амалга ошди.

Умуман, озгина бўлса ҳам эътибор ва рағбат ҳар қандай соҳада ҳам фаолияти самарадорлигининг ошишига хизмат қилишини яхши биламиз. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан ўтказилган “2017 йилнинг энг яхши адвокати ва энг яхши адвокатлик тузилмаси” танловида вилоятимиздаги “Шафқат” адвокатлик фирмасининг биринчи даражали ва “Хусенов К.М.” адвокатлар ҳайъатининг иккинчи даражали дипломлар билан тақдирланганининг ўзи бутун вилоятимиз адвокатларини ҳам яхши маънода руҳлантирганига гувоҳ бўлдик.

Вилоят адлия бошқармаси, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди, иқтисодий ҳамда маъмурий судлар, прокуратура, солиқ бошқармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши, ЎзЛиДеП ва «Адолат» социал-демократик партияси вакиллари ҳамда адвокатлардан иборат жами 314 киши иштирок этган мазкур давра суҳбатининг асосий мавзуси Президентимизнинг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адковатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармони ижросига бағишланган эди. Шунга кўра тадбирда адвокатлар асосан Фармон бўйича яратилган қулайлик ва имтиёзлардан амалда тўғри фойдаланиш ҳамда бу йўлда дуч келинаётган айрим муаммолар борасида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Шунингдек, йиғилганлар “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси билан ҳам батафсил таништирилди. Муҳокама пайтида эса адвокатлар томонидан қонун лойиҳасига доир бир қанча таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.  

Давра суҳбатида иштирок этган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилоят кенгаши вакиллари ҳам сўз олиб, кам таъминланган аҳоли қатламларига давлат ҳисобидан адвокатлик ёрдами кўрсатиш, жиноят содир этган ёки жиноятга мойил бўлган фуқаролар билан тарбиявий ишларни олиб бориш масаласига ҳақида тўхалиб ўтишди. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг бу масаладаги ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйишда юзага келаётган муаммолар ҳақида маълум қилдилар. Шунга кўра йиғилганлар мазкур масаланинг ечими бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир давомида вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган адвокатлик тузилмаларининг 2018 йилдаги олти ойлик фаолияти бўйича ҳам ҳисобот берилиб, эришилган ютуқлар билан бир қаторда, юзага келган айрим муаммолар ҳам тилга олинди.

Ҳисоботда қайд этилишича, бугун Самарқандда 70 та адвокатлик тузилмаси мавжуд бўлиб, унда 364 нафар адвокат фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг биринчи олти ойида адвокатлар томонидан аҳолига 78 та бепул юридик ёрдам кўрсатилиб, пуллик юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида 12 мингдан зиёд шартнома тузилган. Мингдан зиёд юридик шахсларга эса локал юридик ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам берилган. Вилоят адвокатлари томонидан жами 299 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган бўлиб, шундан 29 таси оммавий ахборот воситалари орқали, 270 таси эса оғзаки тарзда амалга оширилган.

Шу куни бир қатор ички ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Тадбир якунида ОАВ ходимларини қизиқтирган бир қатор саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.

2018-08-20 17:07:48  |  2356 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация