“ҚАМОҚ”ДАН БОШҚАСИ БЕКОР(МИ?)
Судлар прокурорнинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномасини сўзсиз қаноатлантирмоқда. Нима қилмоқ керак?
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини халқаро ҳуқуқий нормаларга мослаштириш мақсадида 2008 йилдан бошлаб жиноят содир этишда гумон қилинаётган ва айбланаётган шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ва қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш ваколати жиноят судларига ўтказилди. Бундан суд ҳузурига келтирилган шахснинг айбдор ёки айбсизлигини эмас, балки уни жамиятдан ажратиш ёхуд ажратмаган ҳолда дастлабки терговни олиб бориш масаласи суд мажлисида тарафлар (прокурор ва адвокат)нинг тортишуви асосида адолатли ҳал қилинишига эришиш мақсад қилинган эди.
Аммо бу борадаги суд амалиёти таҳлили кўзланган мақсад деярли амалга ошмаганини кўрсатмоқда. Санкция учун судга келтириладиган 100 нафар шахсдан 99 тасига суд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаяпти.
Прокурорнинг айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномаси “шаблон” тусини олиб бўлган, ҳаммасида мазмун бир хил: ЎзР ЖПКнинг 236-моддаси рўкач қилиниб, “айбланувчининг суриштирувдан, терговдан ва суддан бўйин товлашига, жиноий фаолиятини давом эттиришига ва иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга халал берадиган хатти-ҳаракатлар қилишига йўл қўймаслик мақсадида” уни қамоққа олиш сўралади. Судьялар эса илтимосномани қаноатлантириш баробарида, ўз ажримларида уни нуқта-вергулигача кўчиришмоқда.
Шу ҳолда тортишувчанлик тамойили таъминланиши мумкинми? Йўқ, албатта.
Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги прокурор илтимосномаси кўриладиган суд мажлисида прокуратура вакили атиги 1-2 дақиқага чўзиладиган музокара сўзини айтади ва шахсга қўйилаётган айбнинг оғирлиги, у тергов ёки суддан яшириниши ёхуд жиноий фаолиятини давом эттириши мумкинлиги хусусида етарли асосга эга бўлмаган хулосаларни билдириб, илтимосномани қаноатлантиришни сўрайди. Жараёнда иштирок этаётган адвокат эса 10-15 дақиқа жон куйдириб, ҳимояси остидаги шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллашга ҳожат йўқлигини ҳарчанд асосламасин, унинг ўринли фикрлари суд томонидан деярли инобатга олинмайди ва суд номигагина маслаҳатхонага чиқиб, прокурорнинг илтимосномасини қаноатлантириш ва шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги олдиндан тайёрлаб қўйилган ажримини эълон қилади. Юқорида айтганимиздек, ажримда илтимосноманинг (флешкада ёки “Телеграм” тармоғи орқали олинган) электрон шакли тўлиғича кўчириб олинади – биринчи инстанция судида ҳам, апелляция инстанциясида ҳам шу аҳвол. Адвокат томонидан келтирилган асослар, ҳатто судда аниқланган ҳолатлар четда қолиб кетади...
Шу ўринда ўз адвокатлик амалиётимдан бир мисол келтирсам. Ҳимоям остидаги (ЎзР ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан айб эълон қилинган, бир ой олдин уйланган, 24 ёшли, яқинда институтни тугатган, илгари судланмаган, етказилган зарар деб ҳисобланган миқдордан ортиқча мулкни гаровга қўйиш ҳақида отаси ариза ёзган) шахсга нисбатан биринчи инстанция суди томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганидан кейин ЖИБ Тошкент шаҳар суди ишни апелляция тартибида кўришни бошлади. Суд мажлисида мен апелляция шикоятида кўрсатилган асослардан ташқари қўшимча асосларни, яъни апелляция шикояти топширилганидан кейин унинг отаси томонидан зарарни қисман қоплаш учун суднинг депозит ҳисобрақамига қўшимча тўланган суммани тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этдим. Шундан сўнг судлов ҳайъати суд маслаҳатга қолганлигини эълон қилди ва мен суд залини тарк этиб, ҳовлида кутиб турмоқчи бўлдим. Қарасам, маслаҳатхонага кириши керак бўлган суд таркиби ҳовли эшиги ёнида сигарет чекиб, гаплашиб турган экан. Хуморлари босилгач, ичкарига кириб кетишди. Суд ёрдамчиси шу заҳоти мени суд залига таклиф қилди. Судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилгани ҳақидаги ажримини ўқиб эшиттирди. 10-15 дақиқа ўтиб, ажрим нусхасини беришди. Не кўз билан кўрайки, суд дастлабки апелляция шикоятимда ёзилган маълумотларнигина келтирган, суд мажлисида айтилган фикрлар ва судга қўшимча тақдим қилинган ҳужжатлар ҳақида эса лом-мим дейилмаганди. Судлов ҳайъатининг апелляция шикоятим бўйича ажрими олдиндан, яъни суд муҳокамаси бошланмасдан тайёрлаб қўйилганини тушундим.
Хўш, ҳурматли ҳамкасблар, бунақа суд мажлисини “спектакль” деб атамаслик мумкинми? Савол риторик.
Бир ҳамкасбимиз амалиётида бўлган воқеа янада ғаройиб. У прокуратуранинг тергов бўлими иш юритувидаги ЎзР ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми билан, яъни бошқа шахслар билан жиноий тил бириктириб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган, деган гумон билан ушланган шахсни ҳимоя қилган. Сўроқ жараёнида гумонланувчи жиноят объекти сифатида кўрилаётган ер участкасининг сотилганидан умуман хабари бўлмаганлигини, у ернинг расмийлаштирилгани ёки сотилганига доир ҳужжатларга имзо қўймаганлигини, унинг номидан тайёрланган ҳужжатлардаги имзо аслида уники эмаслигини айтган ва экспертиза ўтказишни талаб қилган. Бироқ тергов органи имзонинг унга оид ёки оид эмаслигини аниқлаш учун экспертиза тайинлаш ўрнига унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида судга илтимоснома киритган. Энг ачинарлиси эса, суд ҳам асос йўқлигига қарамай илтимосномани қаноатлантирган. Ишда қатнашган адвокатнинг асослантирилган эътирозлари ҳамда судга тақдим этилган ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар инобатга олинмаган. Адвокатнинг норозилигига суд “қонун талаби бўйича гумон қилинувчига ўн кун ичида айб эълон қилинмаса, терговчининг ўзи уни чиқариб юборади”, дея жавоб берган.
Прокурор илтимосномаси ва унга тегишли ҳужжатларда, дастлабки тергов томонидан тақдим этилган ҳужжатларда шахснинг айбсизлиги яққол кўриниб турган бўлса, суд ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб, илтимосномани рад этиши керак. Аслида шундай. Барча нормал мамлакатларда далиллари оғирроқ тош босадиган тараф фойдасига қарор чиқарилади. Бизда эса... гўё прокурорнинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномаси ҳар бир ҳолатда суд томондан сўзсиз қаноатлантирилиши лозим, деган процессуал талаб бордек иш тутилмоқда.
Дарвоқе, адвокат биринчи инстанция судининг ажрими устидан шикоят берганидан сўнг “томоша” апелляция инстанциясида давом этади. Барча ҳолатда “сценарий” бир хил бўлгани сабабли воқеани батафсил баён қилиб ўтирмайман (адвокатнинг ҳақли важлари беҳуда кетиб, суд қуйи идора ажримини ўзгаришсиз қолдирганини айтмасам ҳам билиб турибсиз. Қамоқ эҳтиёт чораси эса, гумон ўз исботини топмагач, икки хафта ўтгач терговчи томонидан ўзгартирилган).
Аминманки, ҳар бир адвокат ўз амалиётида лоақал бир марта шунақа ҳолатга дуч келган.
Хуллас, шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ ишлар судларда номигагина кўримоқда. Бизнинг-ча, бунинг бир нечта сабаби бор.
Биринчидан, дастлабки тергов органлари ва прокуратуранинг судларга таъсири ҳанузгача кучли бўлиб қолмоқда, аксар судьяларимиз ўз билими ва ички ишончига таянган ҳолда мустақил қарор қабул қилишга чўчишади.
Иккинчидан, судларда иш юкламаси штат бирлигига номутаносиб тарзда кўплиги туфайли ишларни синчиклаб ўрганишга уларда имконият мавжуд эмас.
Учинчидан, жиноят судлари судьялари бу тоифадаги ишларга аҳамияти паст иш деб қараб, уларни обдон ўрганишга ҳафсала қилишмаяпти. Судьялар кўп вақтини ва энергиясини асосий вазифасига – жиноят ишларини кўриб чиқишга сарфлашади. Қолаверса, маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишлар ҳам уларнинг зиммасида. Қамоққа олишга санкция бериш билан боғлиқ ишларда жиддий асос бор ёки йўқлигидан қатъи назар, прокурор илтимосномалари ёппасига қаноатлантирилаётгани бир чеккаси шунга бориб тақалади, назаримда.
Нима қилиш керак?
Муаммога ечим сифатида, шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқ муддатини узайтириш, шахсни лавозимидан четлаштириш ёки паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш каби мажбурлов чораларини қўллаш масалаларини кўриб чиқиш учун ихтисослаштирилган судларни ташкил қилиш ёхуд жиноят судларида бунинг учун алоҳида судьяларни белгилашни таклиф этган бўлардим. Ҳар ҳолда, судьялар бунақа ишларга ўзининг биринчи галдаги вазифаси деб қараса, аҳвол ўнгланадигандек туюлмоқда.
Шунингдек, прокуратура ЎзР ЖПК 236-моддасини суиистеъмол қилмаслиги учун, дастлабки тергов зиммасига қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш зарурлигини тасдиқловчи далилларни судга тақдим қилиш вазифаси юкланиб, мазкур далилларнинг таърифи ва тугал рўйхати ЖПКда қайд этилса мақсадга мувофиқ бўлур эди. Масалан, агар айблов томони айбланувчи ёки гумонланувчини тергов ва суддан бўйин товлайди ёки иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга халал берадиган хатти-ҳаракатларни содир этади, деб ҳисобласа, ўз иддаосини судда исботлаб бериши шарт қилиб қўйилсин. Ва, шу билан бирга, айбловнинг важлари асоссизлигини исботловчи далилларни тўплаш учун суд ҳимоячига муайян муддат вақт бериши зарур бўлади.
Жиноят ишлари бўйича судлардаги яна бир оғриқли нуқта – аксар судьялар суд ҳукми матнини ўзи ёзмаслиги, яъни айблов хулосаси асосида эмас, балки суд муҳокамаси бўйича – аниқланган ҳолатларни ўз тилида баён қила олмаслигидир. Қолаверса, ҳимоя позициясининг эътироф ёки инкор этувчи ҳолатлари суд ҳукмида акс этмаётгани ҳам одил судлов шаънига соя ташлаб турибди. Мазкур муаммони ЖИБ судьялари учун ҳукм, қарор, ажрим ва бошқа суд ҳужжатларини ёзишниўргатувчи қисқа курслар ташкил қилиш йўли билан ҳал этиш мумкин, деб ўйлайман.
Президентимиз ташаббусига кўра, адвокатларга айблов хулосаси билан бирга ҳимоячининг фикрини судга тақдим қилиш ваколати берилмоқда. Ишни кўраётган судья айблов томонидан тақдим қилинган иш материалларини синчиклаб ўрганар экан, уларни ҳимоячининг эътирозлари, шикояти ва хулосасида баён қилинган ҳолатлар билан таққослаб, факт ва далилларга тўғри ҳуқуқий баҳо бериб, суд мажлисида муҳокама қилинган ҳолатлардан келиб чиқиб, якуний хулосани ўз қўли билан ёзиши керак. Флешка ёки интернет орқали олинган айблов хулосаси ва бошқа процессуал ҳужжатларни суд қарорига кўчириб ўтказишдек шармандали амалиётдан воз кечиш шарт!
Яна бир гап. Дастлабки тергов томонидан судга тақдим қилинган иш материалларига бериладиган якуний баҳо “айблов хулосаси” эмас, балки “айблов фикри” деб номланиши зарур. (Агар судга айблов хулосаси билан бирга ҳимоячининг фикри ҳам тақдим этилса). Чунки процессуал қонунчиликда судда ишлар тортишувчанлик тамойилига асосан кўриб чиқилиши белгиланган бўлиб, тарафлар (айблов ва ҳимоя) расман тенг ҳуқуқларга эга. Бинобарин, давлат айбловини қўллайдиган прокурорнинг жиноят иши бўйича муайян позицияси судга “айблов фикри” сифатида адвокатнинг “ҳимоя фикри” билан бирга тақдим қилинса, ишни кўриб чиқаётган судья (судьялар)да бир оз бўлса-да айблов йўсинидаги ёндашув камайиши мумкин.
Ҳозирда судларда иш юкламаси катталиги боис, Президентимиз топшириғига биноан судьялар сонини ошириш, судларда давлат айбловини қўллайдиган прокуратура ходимлари миқдорини кўпайтириб, уларни махсус ўқитишни ташкил қилиш чора-тадбирлари бошлаб юборилган. Мазкур чора-тадбирлар, агар самарали ташкил қилинса, ЖИБ судларда ишларни кўриш ва қарор қабул қилиш сифати ижобий томонга ўзгаради, деб ўйлайман.
Процессуал қонунчиликкка киритилиши назарда тутилаётган адвокат томонидан тақдим қилинажак “Ҳимоячи фикри”га оид айрим мулоҳазаларимни билдиришни лозим топдим.
Одатда адвокат тергов якунланиб, ишни судга юбориш арафасида дастлабки тергов томонидан тўпланган жиноят ишининг якуний хулосаси (айблов хулосаси ёки айблов фикри) билан танишиш имкониятига эга бўлмайди. Чунки дастлабки тергов ниҳоясига етган бўлган тақдирда ҳам айблов хулосаси тузилмаган ёки прокурор томонидан тасдиқланмаган бўлади. Назаримда, ҳимоячи фикри дастлабки тергов органига эмас балки бевосита судга тақдим қилиниши лозим. Чунки бундай тартиб тергов органлари томонидан содир қилиниши мумкин бўлган айрим суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Демак, ушбу тартиб-таомилни белгиловчи ҳуқуқий нормалар процессуал қонунчиликка киритилиши зарур.
“Ҳимоячи фикри”ни тақдим этиш яқин келажакда амалиётга жорий қилинар экан, ушбу янги процессуал ҳужжат адвокатлар томонидан юқори савияда тузилишини таъминлаш масаласи ўртага чиқади. Бинобарин, Адвокатлар палатаси бу борада махсус тавсиялар ишлаб чиқиши, керак бўлса адвокатлар учун ўқув семинарлари ёки маҳорат дарсларини ташкил қилиши мақсадга мувофиқдир.
Баҳром САЛОМОВ,
ю.ф.д., адвокат
1 изоҳлар
1.Муродулла
Менимча, алохида судья, судьяларни ўқитиш билан масалага ечим топилмайди. Бу ишлар қўшимча маблағ талаб қилади. Шу сабабли амалга ошириш қийин масала. Масалани ечими бу қамоққа олиш тарзидаги эхтиёт чорасини танлашнинг чегарасини қонун даражасида белгилаб қўйиш керак. Айбланувчи ёки гумон қилинувчини аниқ яшаш манзили бўлмаганда, терговдан яширинишга харакат қилганда, далилларни йўқотишга қаратилган харакатлар бўлганда ва хокозо ва бу холатлар хужжатлаштирилганда деб ЖПКга ўзгартириш киритиш керак
Изоҳ қолдириш