1000 доллар пора билан қўлга тушган суд ходими 3,5 йилга қамалди
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг архив мудири С.Ш. шунча пул эвазига бир фуқарога никоҳни бекор қилиш ҳақида ҳал қилув қарори “чиқартириб бермоқчи бўлган”
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг собиқ архив мудири С.Ш.ни ЖКнинг бир неча моддаси бўйича айбдор деб топиб, 3 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этди, шунингдек унга нисбатан қўшимча жазо чораларини ҳам белгилади.
Kun.uz хабарига кўра, С.Ш. ўтган йилнинг 22 ноябрида фуқаролар З.Н. ва Э.Х. ўртасидаги қонуний никоҳни бекор қилдириб бериш учун уларнинг таниши Б.Б.дан 1000 АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида ҳибс қилинган. Бундан ташқари, суриштирувлар чоғида собиқ архив мудири давлат божи деб 600 минг сўм пул ундириб, уни ҳам ўз эҳтиёжига сарфлаб юборгани аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судья А.Олтибоев раислигида ўтган мажлисида судланувчи С.Ш. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28-, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Суд уни 2 йил муайян ҳуқуқдан — яъни, суд тизими ва бошқа муассасаларда моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этди ва 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш