Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан процессуал қонунлар бузилаётгани ростми?
(Бир мурожаат асосида туғилган саволлар ва мулоҳазалар)
Сурхондарёлик аёлнинг арз қилишича, у 2018 йилнинг 29 майидан буён паспортсиз яшаб келмоқда. Йўқотгани учун эмас, айнан ҳуқуқ-тартибот тизими ходимлари томонидан олиб қўйилгани туфайли. Оқибатда эса у бир қатор фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум... Зеро, бизда паспорт ва унга тенглаштирилган шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз битмайдиган ишлар етарлича... Жумладан, “2-гуруҳ ногирон боламни даволата олмаяпман, ҳатто унинг нафақа пулларини ҳам ололмаяпман”, — дейди биз билан юзлашганда кўзига ёш олган аёл...
Даъвомиз йўқ, аммо саволлар бор?
Бу аёл бизга анчагина узоқ тарихдан ҳикоя қилди. У паспорти олиб қўйилиши сабабини ўзича тушунтиришга уринди. Бу ерда қасд борлиги, бир мансабдорнинг ноқонуний талабларига бўйсунмагани туфайли атай шу ишлар бошига солингани ҳақидаги гумонларини айтди...
Аммо бугунги мақоламиз мутлақо бу ҳақда эмас. Зеро, биз мурожаат қилувчининг паспортини бесабаб олиб қўйишган деган даъводан йироқмиз. Ахир у қандайдир босқинчи ё зўравон томонидан эман, айнан ҳуқуқ-тартибот идораси томонидан олинган. Демак, шунга арзирли асослар бўлиши мумкин ва бу қонунчиликда белгиланган тартибда ўз ечимини топиши муқаррар (Қолаверса, мурожаат қилувчи яқинда бизга қўнғироқ қилиб, ниҳоят, жиноий иш очилгани тўғрисида унга декабрь ойи бошида оғзаки хабар қилишганини айтишди. Шу боис, тергов ҳаракатларига халақит деб баҳоламасликлари учун мурожаат қилувчининг исм-шарифини ва идораларнинг аниқ манзилини тилга олмаяпмиз). Бизнинг эътиборимизни тортган ва бу мақолани ёзишимизга ундаган нарса эса айнан шу “қонунчиликда белгиланган тартиб”нинг бузилишига ўхшаш айрим жиҳатларнинг кўзга ташлангани бўлди... Жмладан, энг аввало, бизга паспортнинг олиб қўйилиши ҳолати тушунарсиз туюлди.
Паспорт қайси меъёр асосида олиб қўйилган?
Асли ўзи ҳам ички ишлар тизими ходими бўлган бу аёлнинг айтишича, уни 2018 йилнинг 29 май куни идорасининг вилоятдаги бошқармаси кадрлар бўлимига чақиришиб, иш юзасидан керак бўлаётгани сабабли, бир кунда қайтариб бериш шарти билан фуқаролик паспортини олиб қолишган. Аммо айтилган муддатда қайтариб беришмаган. Аввалига “эрта-индин” дея чўзиб юришиб, ниҳоят, тўртинчи куни паспортни тегишли идора ходими хизмат текшируви учун олиб қўйганини, унинг қалбаки бўлиши мумкинлиги ўрганилаётганини айтишган. Шундан сўнггина паспортини “яхшиликча” қайтариб бермасликларига кўзи етган аёл 4 июндан бошлаб турли идораларга телеграмма ва қўнғироқлар орқали мурожаат қила бошлаган. Яъни паспорти ноқонуний тарзда олиб қўйилгани айтиб, уни қайтариб олишда ёрдам беришларини сўраган. “Аммо ҳалигача улардан бирон натижа йўқ, — дейди аёл ноябрь ойида биз билан суҳбат қурган чоғида. — На паспортимни қайтариб беришмайди, на унинг қалбакилигини асослашмайди. Агар ростдан қалбаки бўлса мен шу пайтга қадар бошқа паспорт олган бўлардим ахир...”
Бу гапларни эшитгандан кейин ўз-ўзидан савол туғилади — ҳуқуқ-тартибот идораси ходими бирон фуқаронинг паспортини “хизмат текшируви учун”ми ёки бошқа текширув учунми ана шу тарзда, яъни ишхона маъмурияти орқали олиб қўйиши мумкинми?
Биз ушбу саволга жавоб излаб бир қатор ҳуқуқшунослар, жумладан, Адлия вазирлиги мутахассислари билан маслаҳатлашдик. Улар бунақа меъёрларнинг фақатгина Жиноят-процессуал кодекси (Бундан кейин — Кодекс) билан тартибга солинишини айтишди. Шунга кўра Кодексни титкиладик. Аммо фуқаронинг паспортини юқорида баён қилинган ҳолатда олиб қўйишга бирон идорага алоҳида ваколат берувчи ҳуқуқий меъёрни топа олмадик...
Кодексда “Олиб қўйиш ва тинтув” деб номланган алоҳида 20-боб мавжуд. Унинг 157-моддасида “Жиноят иши учун аҳамиятга молик нарса ва ҳужжатларнинг айнан кимда ва қаерда эканлиги маълум бўлиб, уларни қидиришнинг ҳожати бўлмаса, суриштирувчи, терговчи ва суд уларни олиб қўйишга ҳақлидир” деб кўрсатилган. Аммо бу меъёрга кўра олиб қўйиладиган нарса “жиноят иши учун аҳамиятга молик” нарса бўлиши керак. Бизнинг мисолимиздаги “олиб қўйиш” ҳаракати эса ҳали жиноят иши очилмасидан олдин содир бўляпти.
Демак биз жавобни терговга қадар текширув чоралари ичидан излашимиз керак. Бу эса Кодекснинг 162-моддаси 2-қисмида қуйидагича акс этган: “Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси фақат ушбу Кодекснинг 224-моддасига асосан (яъни жиноят иши қўзғатилгунга қадар — Таҳририят) шахсни ушлаган тақдирда, унда қурол борлиги ёки у жиноят содир этганлигини фош қилувчи далиллардан қутулиш ниятида эканлигини тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлса, уни шахсий тинтув қилишни ва олиб қўйишни амалга оширишга ҳам ҳақлидир. Бунда шахсий тинтув ва олиб қўйиш баённомаси ушбу Кодекснинг 163-моддаси талабларига риоя қилган ҳолда тузилади”. Кўриняптки, қонуннинг бу меъёри ҳам биз ўрганаётган ҳолатга мос эмас. Қолаверса, меъёрдаги “фақат” деган урғу терговга қадар текширув давомида кўрсатилганидан бошқа ҳолатда “олиб қўйиш” мумкин эмаслигига далолат қилади.
Хўш, унда бизга мурожаат қилган аёлнинг паспорти қайси қонун талаблари асосида олиб қўйилган? Бу ҳамон очиқ турган энг биринчи савол!
Терговга қадар текширув муддати нега чўзилди?
Воқеа билан танишар экансиз, “Терговга қадар текширув муддати нега чўзилди?” деган савол ҳам ўртага чиқади. Зеро, Сурхондарё вилоят прокурори ўринбосарининг фуқарога ёзган жавоб хатидан маълум бўлишича, вилоят ИИБнинг 2018 йил 2 июлда ўтказилган хизмат текшируви хулосаси юзасидан “туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб”, 10 август куни жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Аммо бу қарор “барвақт қабул қилинганлиги сабабли” туман прокурори томонидан 14 августда бекор қилиниб, терговга қадар қўшимча текшириш ҳаракатларини ўтказиш терговчи зиммасига юклатилган.
Юқоридагилардан кўринадики, фуқаронинг паспорти жиноятга алоқадор ҳужжат сифатида гумон қилиниб 2018 йилнинг 29 май куни олиб қўйилган бўлса, хизмат текшируви хулосаси бир ойдан сўнг — 2 июлда прокуратарага оширилган. Прокуратурада терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилиб, яна бир ойдан ошиқ вақтдан кейин, яъни 10 августда жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Аммо бу қарор 14 августда бекор қилиниб, терговга қадар қўшимча текшириш ҳаракатларини ўтказиш учун юборилгач, бу жараён уч ойдан ошиқ вақт давом этиб, жиноий иш очиш тўғрисида декабрь ойи бошидагина қарор чиқазилган. Хўш, қонунларимиз шундай узундан-узоқ муҳлатларга изн берадими?
Бу саволга жавоб излаб, Кодекснинг “Жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш тартиби” тўғрисидаги 329-моддасига мурожаат қиламиз. Унда ёзилишича, “Жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар рўйхатга олиниши ва дарҳол, жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб қонунийлигини ва асослар етарли эканлигини текшириш зарурати бўлган тақдирда эса, ўн суткадан кечиктирмасдан ҳал қилиниши лозим. Ушбу муддат жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар олинган пайтдан бошлаб ҳамда то ишни қўзғатиш ёки қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқарилгунига қадар ёхуд терговга қадар текширув материаллари ушбу Кодекснинг 587-моддасига мувофиқ (Бу модда амнистия актини қўллаш учун асослар мавжуд бўлган ҳолатларни назарда тутади — Таҳририят) прокурорга юборилгунига қадар бўлган вақтни ўз ичига олади”. Модданинг 3-қисмига кўра эса терговга қадар текширув муддати фақат алоҳида ҳоллардагина “суриштирувчи, терговчи ёки терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг асослантирилган қарорига кўра прокурор томонидан бир ойгача узайтирилиши мумкин”. Кодексда терговга қадар текширув муддатини бундан ортиқ узайтиришга ҳуқуқ берувчи бошқа меъёрни топа олмадик.
Яна ўз-ўзидан савол туғилади — биз юқорида кўрган ҳолатда жиноят ишини қўзғатиш учун олти ойга яқин вақт кетганини қандай тушуниш мумкин? Бу навбатдаги жиддий савол!
Прокурорнинг маълумоти қонунга мосми?
Мутасадди туман прокурорининг ОАВ вакилига берган оғзаки маълумотларини ўқиб ана шу саволга ҳам тўқнаш келасиз (Жиноят ишига халал бермаслик учун манбани кўрсатмаяпмиз).
“Ҳа, ростдан ҳам паспортни олиб қўйдик. Сохта паспорт эди. Фуқаро 1985 йилда туғилмаган. Агар шундай бўлса, вояга етмай ишга жойлашган бўлиб қолади. Айни дамда текширув ишлари давом этмоқда. Фуқаронинг паспортини бекор қилиш учун барча далиллар тўпланиб, юқори ташкилотга юборилган”, — дейди туман прокурори.
Энг аввало, “Сохта паспорт эди. Фуқаро 1985 йилда туғилмаган” дейиши билан прокурор фуқаронинг туғилган йили нотўғри кўрсатилганлиги туфайли унинг паспортини “сохта”га чиқаряпти. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш” ҳақидаги 228-моддасига кўра бундай жиноят “Сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш” деб кўрсатилган ва жазо белгиланган. Шундай экан, агар ҳужжат кимдир томонидан тайёрланмаган, балки мутасадди идора томонидан берилган бўлса уни сохта деб аташ мумкинки? Ахир ҳужжат сохта бўлса кимгадир “сохталаштириш” айби қўйилиши керакку? Бизнинг мисолимизда эса паспортни ички ишлар тизимидаги мутасадди идора берган. Бундан чиқди прокурор шу идорани соха ҳужжат тайёрлашда айбламоқчими?
Қолаверса, ҳали ҳатто терговга қадар текширув ишлари якунланмай туриб бирон ҳужжатни “сохта” дея ОАВга маълумот беришга, бунинг устига, гумонга таянган ҳолда “Фуқаро 1985 йилда туғилмаган. Агар шундай бўлса, вояга етмай ишга жойлашган бўлиб қолади” дейишга прокурор ёки бошқа бир мутасаддининг қонуний ҳаққи борми? Прокурорнинг бундай кескин қарор айтиши Кодекснинг 12-моддасидаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ жиноят ишлари бўйича одил судловни фақат суд амалга оширади” деган меъёрга зид эмасми?
Яна прокурор “Айни дамда текширув ишлари давом этмоқда. Фуқаронинг паспортини бекор қилиш учун барча далиллар тўпланиб, юқори ташкилотга юборилган” дейди. Аввало бу ердаги икки жумла ўзи бир-бирига зид — бир пайтда ҳам текширув ишлари давом эттирилаётгани, ҳам барча дадиллар тўпланиб, юқори ташкилотга юборилгани оддий мантиққа кўра ҳам мумкин эмас. Қолаверса, Кодекснинг “Жиноят ишини қўзғатиш тартиби” тўғрисидаги 331-моддаси 1-қисмида “Ушбу Кодекснинг 322-моддасида назарда тутилган сабаб ва асослар (Жиноят белгилари мавжудлигини кўрсатувчи маълумотлар — Таҳририят) мавжуд бўлган тақдирда жиноят ишини қўзғатиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи, прокурор шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси қарор чиқаради” дейилган бўлса, 3-қисмида “Жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси ушбу ишнинг тергов қилиниши устидан назоратни амалга ошириши лозим бўлган прокурорга юборилади” деб кўрсатилган. Яъни Жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарор чиққунга қадар тўпланган далилларнинг терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган томонидан “юқори турувчи органга юборилиши” ҳақидаги процессуал босқич Кодексда акс этмаган. Демак, яна савол туғилади — бундай босқич ҳам Кодексга зид тарзда амалда ишлаб келаётган “ёзилмаган қонун” маҳсулими?
Назаримизда, прокуратурорнинг бу маълумоти айрим ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз хулосаларига “инкор қилинмайдиган ҳақиқат” деган тамойил билан ёндошишга ўрганиб қолганига бир мисол бўла олади. Зеро, айбланувчи, унинг адвокати, гувоҳлар ёки суд процессининг бошқа иштирокчиларига ва улар томонидан судда келтирилган далилларга айблов идоралари вакилларининг жуда беписанд муносабатда бўлиши ҳоллари мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, бу идораларда йиллар давомида шаклланиб қолган “устунлик”, “ҳукмронлик” кайфиятига барҳам бериш фурсати етмадимикин? Умуман, кейинги ислоҳотлар давомида бу борада қандай аниқ тадбирлар амалга оширилмоқда? Бу йўлдаги саъй-ҳаракатларнинг самарадорлиги қониқарли даражадами?
Процессуал қонунчилик беписандлик қачон тугайди?
Юқорида кўрганимиздек, ҳуқуқ-тартибот идораларининг айрим хатти-ҳаракатларига на ўзлари процессуал қонунчиликдан асос кўрсатишмаган, на биз жавоб топа олмадик. Ваҳоланки, Кодекснинг 11-моддаси 1-қисмида “Судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шунингдек жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига аниқ риоя этишлари ва уларнинг талабларини бажаришлари шарт” эканлиги таъкидланган. Модданинг 2-қисмида эса “Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъи назар, жиноят процессида қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади” деб аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган!
Демак, юқорида қайд этилган ҳолатлар ўз исботини топса мутасаддиларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин. Шунга кўра мақолани эълон қилиш баробарида қўлимизда мавжуд маълумотларни ҳам қонун доирасида кўриб чиқиш учун мутасадди идораларга албатта юборамиз. Балки шунда қонунни бузганлар аниқланса уларга нисбатан тегишли чора кўрилар. Аммо... бизнинг асосий мақсадимиз бу эмас.
Бизни энг саросимага солган нарса процессуал жараёнларда ҳали-ҳамон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қонун талабларига беписандлик давом этаётганида. Зеро, қонун талаблари оддийгина ҳолатлар юзасидан шунчалик бузилаётган бўлса, бир қадар мураккаб ва чалкашроқ, баъзан ҳар хил талқин қилиш ҳам мумкин бўлган ишларда нималар бўлаяпти экан? Қолаверса, шу аҳволда коррупцияга қарши курашиб бўладими? Агар ҳуқуқ-тартибот идоралари процессуал жараёнда ўзларини “устун” ҳис қилишда давмо этишса, бизда одил судлов қачон ўз мавқеини тиклайди?
Одамлар қачон норози бўлади?
Ҳамма яхши биладиган бир ҳақиқат бор — одам очликка ҳам, йўқликка ҳам чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди. Зеро, инсонни инсон қилиб турган нарса ҳам унинг шаъни, аслида. Шу боис ана шу нуқтага дахл қилинганида ҳар қандай инсон жунбушга келади. Бу пайтда эса у ҳатто одоб-ахлоқ ва адолат меъёрларидан ҳам чиқиб кетиши мумкин. Аслида ана шу боис ҳам қонунлар бор. Шунинг учун ҳам кимнидир ҳақорат қилган одамга дарҳол қонун йўли билан чора кўриш керак бўлади. Агар давлат шу йўл билан ҳақоратланган фуқаросини ўз вақтида тинчлантирмаса унинг ўзи жазолашга киришиб кетиши турган гап.
Шу нуқтаи назардан қараганда, “паспортимни ноқонуний олиб қўйишди” дея турли идораларга тинимсиз мурожаат қилаётган фуқаронинг ҳолатини тушуниш қийин эмас. Чунки у ҳам биз юқорида кўрган қонун меъёрларидан қисман бўлса-да хабардор. Шунинг учун ҳам кучли идора томонидан ўзига нисбатан ноҳақлик бўлди деб ҳисобламоқда ва бунга қонуний жавоб изламоқда.
Энди инсоф билан айтайлик, агар паспортнинг олиб қўйилиши ана шундай саволларга ўрин қолдирмайдиган тарзда, қонунда белгиланган тартибда амалга оширилганида паспорт эгаси шикоятбозлик билан шуғулланиб, ўзи ҳам асабийлашиб юрган бўлармиди? Умуман, одамларда, жамоатчиликда ҳуқуқ-тартибот идораларига нисбатан ишончсизлик кайфияти шаклланиши ҳам айнан мана шунақа тушунарсиз хатти-ҳаракатлар ва фуқарога нисбатан “юқоридан туриб” муносабатда бўлиш билан боғлиқ эмасми?
Паспортни олиб қўйиш қанчалик муҳим эди?
Мақоламиз сўнгида ана шу мулоҳазани ҳам ўртага ташламоқчимиз. Зеро, прокурорнинг гапларидан ҳам маълум бўлаяптики, аёлнинг паспорти олиб қўйилиши бу паспортнинг қалбакилаштириш маҳсули экани учун эмас, балки унда фуқаронинг туғилган йили нотўғри кўрсатилганлиги билан боғлиқ экан. Демак, агар шу факт тасдиқланган тақдирда ҳам то у ўз ҳуқуқий ечимини топгунига қадар фуқаронинг бу паспортдан фойдаланиб туриши жиддий ижтимоий хавф туғдирмайди ва нафақат терговга қадар текширув, ҳатто жиноят ишини юритишга ҳам халал бермайди деб ўйлаймиз.
Шундай экан, бир фуқарони паспорти ёнида бўлишини тақозо этадиган бир қатор фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум қилиб қўймаслик учун ҳам то суд қарори кучга киргунига қадар паспортни эгасига қайтариб бериш мумкин эдику. Ахир, қонун бунга қарши бўлмас экан, масалага фуқаро манфаатидан келиб чиқиб ёндашиш лозим эмасми?
Паспорт олинганида ўрнига бошқа ҳужжат берилмайдими?
Шу жойда яна бир масалага ўртага чиқади — агар юқоридаги ҳолатда ҳуқуқ-тартибот идораси паспортни олиб қўйишни шарт деб топган тақдирда ҳам унинг ўрнига вақтинча ҳужжат берилиши керак эмасми? Ахир паспорт шунчаки шахсни тасдиқловчи ҳужжат эмас, балки шахснинг бир қатор фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланиши учун зарур бўлган ҳужжатку.
Шу саволга жавоб излаб кўрганимизда эса, назаримизда, қонунчиликнинг ўзида бўшлиқ бордек туюлди. Зеро, “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низом”да фақат паспорт йўқотилган ва ўғирланган ҳоллардагина унинг ўрнига белгиланган шаклдаги маълумотнома берилиши кўрсатилган экан. Ички ишлар тизимидаги манба ҳам буни тасдиқлади. Унинг айтишича, ички иш юритув ҳужжатларида ҳам фақат ана шу ҳоллар кўзда тутилган бўлиб, фуқаронинг паспортини йўқотгани ёки ўғирлатгани тўғрисидаги аризасига асосан унга белгиланган тартибда олти ой муддатга Шакл-9 маълумотномаси берилади.
Демак, агар биз кўриб чиққан мисолдаги ҳолатларни ҳам инобатга оладиган бўлсак, бу борада қонунчиликка тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш керакка ўхшайди. Хоссатан, биз мутасадди идора томонидан берилган фуқаролик паспортини олиб қўйишга ҳеч қандай ҳолатда ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини қонунчиликда аниқ-тиниқ кўрсатишни таклиф қилган бўлардик. Жумладан, ундаги маълумотлар нотўғри эканлиги аниқланган тақдирда ҳам. Бундай факт суд қарори билан тасдиқланган тақдирда эса фуқарога паспортни тўғри маълумотлар асосида янгилаш мажбурияти юклатилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Ўрни келганда яна бир мулоҳаза — бугунги кунда паспортни алмаштириш ёки хорижга чиқиш рухсатномаси олиш учун ариза берилганида паспортни қўшиб топшириш тартиби мавжуд. Ваҳоланки, бу пайтда унинг ўрнига вақтинча ҳужжат берилмайди (Юқорида қайд қилинган Низомда ҳам бу кўзда тутилмаганини кўрдик). Шундай экан, бу масалага ҳам ойдинлик киритиш мақсадга мувофиқ — ё паспортни аризага қўшиб топширишни бекор қилиш, ёки бундай ҳолатларда ҳам унинг ўрнига вақтинча Шакл-9 маълумотномаси бериш белгиланиши керакка ўхшайди.
Мурожаатларга юзаки ёндашмаяпмизми?
Мақолада кўрилган мавзудан келиб чиқадиган ва албатта жиддий эътибор қаратишимиз шарт бўлган яна бир масала бор. Бу — фуқароларнинг мурожаатларига муносабат масаласи. Зеро, амалда уларга шунчаки расмиятчилик учунгина жавоб берилиши фактларига кўп дуч келмоқдамиз. Жумладан, биз кўрган масалада ҳам фуқаро паспорти ноқонуний йўл билан олиб қўйилгани тўғрисида қайта-қайта мурожаат қилган бўлса-да, унга “теровга қадар текшириш ишлари олиб борилаётгани” тўғрисида бир хил мазмунда жавоб берилаверганини кўрамиз. Агар шу мурожаат жиддий ўрганиб чиқилиб, масалага айнан арз қилинаётган савол бўйича жавоб беришга ҳаракат қилинганида паспортнинг қонунга зид тарзда олиб қўйилгани ошкор бўлган ва шунга асосан тегишли чора кўрилган бўларди. Ҳатто паспорт қонуний тарзда олинган деб топилиб, қайси қонун меъёрига асосан олиб қўйилгани жавобда аниқ-тиниқ кўрсатилганида ҳам фуқаро бунчалик безовта бўлмас эди.
Шундан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, ҳали мурожаатлар билан ишлаш тизими ҳам жиддий ислоҳотларга муҳтож.
Хуллас, ёзганларимиз бир фуқаронинг мурожаатига асосан юритган мулоҳазаларимиз эди. Шу боис мутасаддилардан, мутахассислардан, айниқса, асосий ўқувчиларимиз бўлган муҳтарам адвокатларимиздан ҳам бу борадаги фикр-мулоҳазаларини кутиб қоламиз. Қаердадир хато қилган бўлсак уни тузатишга, тўлдириладиган ўринлар қолган бўлса бу ҳақда яна бошқа мақолалар тайёрлашга биз ҳамиша тайёрмиз!
Нурбек ТОШНИЁЗ, Бахтиёр ОЛЛОМУРОД ва “Advokat” журнали мухбирлари жамоаси
1 изоҳлар
1.Тоҳирбек Тожибоев
Ўша паспортини олдиргизган аёлни адвокатлар ўз ҳимоясига олиб, Олий мажлисдаги ОМБУДСМАНга ариза ёзиб бериш керак.
Изоҳ қолдириш