АДВОКАТ ЭЪТИРОЗИ: ПРОКУРАТУРА ҲАМОН ҲАРАКАТСИЗ...
Кеча хабар берганимиздек, 24 февраль куни Фарғона шаҳри ИИОФМБ 4-сонли милиция бўлими бошлиғи Андижон шаҳридаги «А.С.Ҳуқуқ» адвокатлик ҳайъати адвокати Дилмуроджон Мадраҳимовнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиб, унинг ушбу бўлимда номаълум сабабларга кўра сақланаётган ҳимояси остидаги шахс билан кўришишига рухсат бермасдан, аксинча, бинодан чиқиб кетишини талаб қилган.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси мутасаддиларининг таҳририятга маълум қилишларича, Палата ва унинг Фарғона ва Андижон ҳудудий бошқармалари саъй-ҳаракати билан мазкур муаммо бартараф этилиб, адвокатнинг ўз ҳимоя вазифасини қонун доирасида, тўсиқларсиз амалга ошириш ҳуқуқи тўла тикланган. Аммо...
Биз ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида адвокат Дилмуроджон Мадраҳимовга қўнғироқ қилганимизда у ўз касбий ҳуқуқларининг тикланганини тасдиқласа-да, ўзининг 24 февраль куни прокуратура идораларига қолдирган шикоятларига ҳамон жавоб олмаганидан норозилигини ҳам яширмади. Яъни, Фарғона шаҳри ИИОФМБ 4-сонли милиция бўлими бошлиғи томонидан адвокатнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилингани ва бир фуқаронинг милиция бўлимида ноқонуний тарзда ва ёмон шароитда ушлаб турилгани юзасидан прокурутура органларига қилган мурожаатига кўра милиция бўлими бошлиғига нисбатан тегишли чора кўрилмаган.
Қолаверса, адвокатнинг айтишича, ҳуқуқларининг тикланишига ҳам Фарғона шаҳри ИИОФМБ 4-сонли милиция бўлими бошлиғининг алоқаси йўқ. “Бугун ҳимоям остидаги шахснинг уйдагилари келишиб, кечаги куни уни Фарғона шаҳридаги қамоқхонага олиб кетишганини маълум қилишди, — дейди адвокат. — Бугун бориб келишимизнини сўраган эди, бугун улар билан биргаликда Фарғона шаҳридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонаси – Фарғона тюрмаси деб ном олган жойга бордик. Ўша ерга белгиланган тартибда гувоҳнома ва ордеримни кўрсатиб кирдим ва ҳимоям остидаги шахс билан кўришиш ва гаплашишга муяссар бўлдим. Шу ерда ҳимоямдаги шахсдан терговчиси кимлигини, ким томондан тергов қилинаётгани ҳақидаги маълумотни олиб, бугуннинг ўзида терговчиси билан кўришдим. Бу Фарғона шаҳар, 2-милиция бўлими катта терговчиси Жўрабоев Музаффаржон билан бугун кўришдим. Жиноят иши билан тегишли тартибда лозим жойлари билан танишдим, ўзимга керакли жойлардан нусхалар олдим”.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш