71 фуқарони чув туширган собиқ автосалон ходими 9 йил “олди”



 
  Расм манбаси : ЎзА

«Фарғона авто савдо» омбор мудири бўлиб ишлаган И.Телябаев машина сотиб олмоқчи бўлган кишилардан алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан 9 млрд сўмдан ортиқ пулни қўлга киритган

Фарғона вилоятида автомобиль олиш истагида бўлган 73 фуқарони чув туширган «Фарғона авто савдо» МЧЖнинг омбор мудири вазифасида ишлаган И.Телябаевга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Жиноят ишлари бўйича Сўх тумани судининг 2018 йил 3 декабрдаги ҳукмига кўра, Илҳом Телябаев алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш йўли билан жуда кўп миқдордаги ўзганинг мулкини қўлга киритганликда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 168-моддаси 4-қисмининг «а» банди билан айбдор деб топилиб, тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Суднинг ҳукмига кўра, И.Телябаев «Фарғона авто савдо» масъулияти чекланган жамиятида омбор мудири вазифасида ишлаб келгани ҳолда хизмат вазифаларига жамият томонидан сотилаётган автомашиналар учун тўловларни қабул қилиш ва автомашиналар савдоси билан шуғулланиш кирмасада олдиндан жиноий режа тузган. У асосан жабрланувчилар билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатларидан фойдаланиб, улардан нақд пул шаклида автомашиналар учун тўловларни қабул қилиб олиб, айримларига автомашина сотиб олиб бериш, айримларига фойдаси билан пулларини қайтариб бериш орқали бошқа шахсларнинг ишончига кирди. 2017 йил июль ойидан 2018 йил май ойига қадар жами 71 нафар жабрланувчиларнинг 9 млрд 329 миллион сўмдан ортиқ пуллари ва мулкларини такроран, алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш жиноятларини қасддан содир этган.

Иш бўйича 14 нафар жабрланувчилар томонидан уларга етказилган 1 миллиард 749 миллион сўм моддий зарардан ихтиёрий воз кечилган бўлиб, қолган жабрланувчиларга етказилган 7 миллиард 579 миллион сўм моддий зарарни судланувчидан ундириш белгиланди.

Суд жиноятларни содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамиятига хусусий ажрим билан муносабат билдирди.

2018-12-06 17:20:22  |  2067 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация