Адвокат фикри: “Нотижорат ташкилот” мақоми адвокатура соҳасига ҳам, жамиятимизга ҳам катта зарар етказмоқда



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Кеча, 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида Tetra Tech DPK консалтинг компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, Tetra Tech АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг “Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳоти” лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашмоқда.

Tetra Tech компанияси лойиҳа директори Гарри Ледбеттер бошчилигидаги хорижлик меҳмонлар билан учрашув чоғида ўзбекистонлик етакчи адвокатлар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими ва, хусусан, адвокатура институти олдидаги муаммолар юзасидан ўз таклифлари билан ўртоқлашдилар.

Рустамбек Саидбеков, «RiM defence» адвокатлик фирмаси адвокати:

– Процессуал қонунчиликка ҳар бир суд актини (жиноий, маъмурий ва ҳкз.) эълон қилиш регламентлаштирувчи зарур ўзгартиш киритилса яхши бўларди. Мажбурий тартибда. Иложи бўлса, электрон шаклда. Боз устига, агар адашмасам, ҳозирда Олий суд “электрон суд юритуви”ни ишлаб чиқмоқда ва унда суд қарорларини эълон қилиш ҳақида сўз боради.

Иккинчи масала – судлардан маълумот олишдаги қийинчиликлар билан боғлиқ. Бизда судлардан маълумот олиш жуда мушкул. Олий суд ҳисоботи деган нарса борки, уни олиш бутунлай имконсиз.

Мазкур икки масала Олий суд вакиллари иштирокида муҳокама қилиниши керак.

2018 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда адвокатларнинг 40 фоизи – 50 ёшдан катта кишилар ташкил қилади. Эътибор беринг: 30 ёшгача бўлган адвокатлар атиги – 10 фоиз, ҳатто камроқ ҳам.

Ўзбекистонда жами 4000 нафар адвокат бор, аҳоли сони эса 33 млн.дан ортиқ. Меҳмонлар, норезидентлар ҳисоб эмас. Шу 4000 нафардан объектив сабабларга кўра кимлардир касбий фаолияти билан шуғулланмаяпти. Яна кимдир ҳали жуда ёш мутахассис, кимдадир малака етишмайди. Таҳлилларимга кўра, Ўзбекистонда битта адвокат 10 000 нафар аҳолига хизмат кўрсатяпти. Мисол учун, АҚШда, адашмасам, 10 000 аҳолига 125 адвокат тўғри келади. Янглиш айтган бўлсам тузатишингиз мумкин. Нега бу мавзуни кўтардим? Агар биз адвокатура таркибини кенгайтирмасак, ҳеч қандай қонунчилик такомиллашувларию институционал такомиллашувлар самара бермайди.

Адвокат ким ўзи? Менинг тушунчамдаги адвокат бу – қонунларнинг лозим равишда, эҳтимолки, кўпроқ, аҳоли манфаатлари учун татбиқ этилишини таъминловчи шахс.

Бизнинг миллий қонунчилигимиз етарлича баркамол, сифат жиҳатидан қўшни давлатларникидан яхшироқ деб ўйлайман. Лекин бизнинг мамлакатимизда миллий қонунчилик манфаатларини давлат манфаатлари нуқтаи назаридан ким ҳимоя қиляпти? Мен ҳозир эълон қиладиган маълумотларни аниқлаштиришни тавсия этган бўлардим, аммо аҳвол тахминан шундай: Бош прокуратура штат жадвалида 6 минг киши бор, судьялар корпусида 2400 дан ортиқ киши, булар фақат судьялар. Ҳар судья, янги қонунга кўра, катта ёрдамчи ва котибига эга. ИИВ тузилмаси 18 минг ходимни ўз ичига олади. Терговчи ёки суриштирувчидан тортиб унинг бошлиғигача – адвокат у ёки бу вазиятларда улар билан бевосита ишлашига тўғри келади.

Мамлакатимизда назорат қилувчи органлар институти мавжуд. Бу фискал органларда текширув рухсатномасига эга 20 мингдан ортиқ одам ишлайди.

Юқорида айтганимдек, адвокатларда суд ишлари сонига доир статистика йўқ, уни олиш имконияти ҳам. Бу ёқда ҳали давлат амалдорлари бор, майли, уларни қўятурайлик. Ҳолбуки, адвокат улар билан ҳам ишлаши керак.

Кўряпсизми, атиги 4000 адвокат қанақанги улкан ресурс қаршисида қолганини?!

Қонунчиликка қандай ўзгартириш киритилмасин, ҳеч ким ҳеч қачон қонун ҳукмронлигини адвокатчалик таъминлаб беролмайди. Аммо адвокатнинг эса ўзи камёб бўлиб қолди!

Шу муносабат билан аниқ таклифим бор: Солиқ кодексининг 391-моддаси билан Ўзбекистонда адвокатлик тузилмалари нотижорат ташкилоти мақомини олган – бу тартибга барҳам бериш керак. Зеро, адвокатликнинг моддий жозибадорлигини, даромаддорлигини оширсак, адвокатуранинг фаолият сифатида жозибадорлик даражасини кўтарган бўламиз. Бир чеккаси шу туфайли ёшлар адвокатликка қизиқмай қўйган. 391-модда бир тарафдан бизни барча солиқлардан озод қилган, фақат битта – жисмоний шахснинг даромад солиғидан ташқари. Ундан келиб чиқадиган – бюджетга мажбурий ажратмалар ҳам бор. Ҳозирда шуларнинг ўзи адвокат даромадининг 42 фоизини чегириб қоляпти. Адвокат нима қилади? Хизмат ҳақини оширишга ҳаракат қилади, мижоз эса бунга тайёр бўлмайди. Натижада малакали адвокат хизмати чегараланиб қоляпти, диққат қилишларингизни сўрайман: сунъий равишда чегараланяпти.

P.S. Адвокатнинг мулоҳазаларига жавобан Палата раиси Алим Эрназаров қўшимча қилиб, солиқ ва тўловларни камайтириш орқали адвокат гонорарини ошириш масаласини ўз фаолият дастурига киритганини ва бу борада ваколатли давлат органлари билан мулоқот бошланганини маълум қилди.

2018-11-28 16:11:41  |  2493 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация