“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар бор”
"Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият яхшиланган, бироқ бир қатор масалалар ҳал қилиниши лозим" – Австрия Ташқи ишлар вазири Карин Кнайсл 22 ноябрь куни Брюсселда ўтказилган “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгаши йиғилиши якуни бўйича журналистлар билан учрашув чоғида шундай фикр билдирди. Учрашувда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам иштирок этди.
Turon24 хабарига кўра, Кнайсл хоним Ўзбекистонда ЕИ рўйхатидаги маҳбусларнинг кўпчилиги озод қилинганини айтган. “Менга маълум бўлишича, яна бир маҳбус озод этилмаган. Ушбу рўйхатга кирган маҳбусларнинг барчаси озодликка чиқарилса ва тўлақонли реабилитация қилинса, яхши бўларди”, – деди у.
Унинг айтишича, ЕИ Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари муаммоларини ечишга бўлган “конструктив ёндашуви”ни маъқуллайди. Яна у журналист Бобомурод Абдуллаев устидан олиб борилган суд жараёни эътиборсиз қолмаганини қўшимча қилди.
Шунингдек, сиёсатчи нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини соддалаштиришга қаратилган янги қонун қабул қилинганига қарамай, диний ва нодавлат ташкилотлари рўйхатдан ўтишда ва фаолиятини бошлашда қатор муаммоларга дуч келаётганига эътибор қаратди.
“ЕИ Ўзбекистонга инсон ҳуқуқларига қатъий амал қилишни таъминлашда ёрдам беришга тайёр. Биз доимо бу борадаги ҳолат бўйича мониторинг қиламиз. Янги қонунлар қабул қилинишини, асосийси, фуқаролар ҳуқуқларининг тўлақонли рўёбга чиқарилишида қонунларнинг амалда қўлланилишини кутиб қоламиз”, – деди у.
Кнайсл демократия ва инсон ҳуқуқларига кўмаклашиш Европа воситаси дастури доирасида ЕИ бюджетни кўпайтирганини айтди. “Фуқаролик жамиятининг мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларда иштирок этиши муваффақият калити эканлигига ишончимиз комил”, – деб гапини якунлади Кнайсл.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш