1-СОНЛИ ТЕРГОВ ҲИБСХОНАСИДА АДВОКАТЛАР УЧУН ХОЛИ УЧРАШУВ ХОНАСИ АЖРАТИЛЯПТИ



 
  Расм манбаси : 

Эртадан, яъни 2021 йилнинг 17 февраль кунидан эътиборан адвокатларнинг ҳимояси остидаги шахслар билан алоҳида ажратилган хоналарда (карантин чора тадбирлари кучайтирилгунга қадар муқаддам фойдаланувда бўлган бинонинг 2-қаватида жойлашган адвокатлар учун учрашувлар хонаси) холи учрашишларига рухсат бериладиган бўлди.

 

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, адвокатларга бундай шароит яратилиши Палатанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва ИИВ ЖИЭББ 1-сонли тергов ҳибсхонаси раҳбарияти ўртасида йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик тадбирлари натижасидир.

Маълумки, Жиноят-процессуал кодекснинг 53-моддаси ҳамда “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси талабига кўра адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс (гумонланувчи, айбланувчи, маҳбус) билан “холи” учрашиши ва бунда “махфийлик таъминланган” бўлиши керак.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида (2018.12.05) “холи ва махфийлик таъминланган” деган тушунча аниқлаштирилди:

“адвокатларнинг ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио ва видеокузатув қурилмалари бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақланиб қолиниши шарт” (2-банд, 1-хатбоши).

Аммо, мазкур шароитнинг ўзига хос талаблари ҳам бор. Жумладан, адвокатлар ўз ҳимояси остидаги шахслар билан ҳоли учрашувлари чоғида Касб этикаси қоидалари ҳамда муассасада ўрнатилган ички тартиб қоидаларга амал қилишлари, шу жумладан адвокатлар томонидан ҳимоя остидаги шахснинг яқин қариндошлари томонидан берилган фотосуратлар, хатлар ва бошқа ёзишмаларни, тақиқланган нарса ва буюмлар, учрашув чоғида тановвул қилиш учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва салқин ичимликларни етказмасликлари; сақланувчи шахсларнинг яқин қариндошлари билан уяли телефон воситалари орқали суҳбатлашишлари учун имконият яратмасликлари лозим. 

Палата Матбуот химати хабарида таъкидланишича, Палата бошқармаси ва Тергов ҳибсхонаси бошлиқларининг ўзаро суҳбатлари ва музокаралари чоғида адвокатларнинг ҳимояси остидаги шахслар билан учрашувлари чоғида қонун ҳужжатларида кўзда тутилган барча шарт-шароитлар яратиб берилишига, шу жараёнда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, муаммолар ва зиддиятли вазиятлар биргаликда ҳал қилинишига келишиб олинди.

Шунингдек, хабарда айтилишича, Палата ҳудудий бошқармаси раҳбарияти Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи барча адвокатлар номидан соҳа вакилларига ўз ваколати доирасида барча зарур шарт-шароитларни яратиб бераётган ҳибсхона муассасаси бошлиғи А.Мажидов ва ҳибсхонанинг барча меҳнат жамоасига самимий миннатдорчилик билдирган.

2021-02-16 21:53:21  |  4839 |   0  | 

1 изоҳлар

Холи учрашиш



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация