"МЖтК ва ЖКга киритилган ўзгартиришлар "VPN"дан фойдаланувчиларга қарши қаратилмаган"
"Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ташаббуси билан жиноий ва маъмурий қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар анонимайзер, прокси-сервер ва "VPN"дан фойдаланувчиларга қарши йўналтирилмаган", – деб маълум қилди Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари бўйича қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев Turon24 агентлигига берган интервьюсида.
“Гап телекоммуникация тармоқларига қасддан рухсатсиз кириш ҳақида бормоқда. “Рухсатсиз кириш” тушунчаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига ҳам киритилган. Биз ҳеч қандай янгилик яратмадик. Шундай бўлганда ҳам ушбу таъқиб муайян доирада мавжуд бўлар эди”, – деди депутат.
“Яъни, шахс махсус воситалар орқали телекоммуникация тармоғига атайлаб киради ва ундан интернетнинг халқаро трафигига ноқоқуний равишда уланиш учун фойдаланади. Буни тасодифан амалга оширишнинг иложи йўқ”, – деб таъкидлади қўмита раҳбари.
Илҳом Абдуллаевнинг таъкидлашича, Жиноят кодексининг янги моддасида (2787-модда. Телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) ўрнатилган ҳимоя тизимларини четлаб ўтган ҳолда телекоммуникация тармоғидан фойдаланиш ва халқаро трафикни ўтказиш мақсадида телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, шунингдек, мазкур мақсадлар учун мўлжалланган махсус дастурий ёки аппарат воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун шароит яратиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Депутатнинг сўзларига кўра, телекоммуникация тармоқларига рухсатсиз уланиш ҳолатлари сўнгги вақтларда жуда кўпайиб кетди ва бу қонунчиликка ўзгартиришлар киритишга сабаб бўлди.
Қўмита раҳбари, шунингдек, ушбу жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилиги мумкинлигини ҳам айтди. “VPN технологияларини сиз бир гуруҳ шахслар келишуви билан бажара олмаслигингиз аниқ, гап жиноятнинг бошқа тури ҳақида бормоқда”, – деди депутат.
Август ойида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими – ҚҲТБ порталида телекоммуникация тармоғига ноқонуний кирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини эълон қилди. Таклиф этилган ўзгаришлар жамоатчиликнинг салбий муносабатига сабаб бўлди. Киритилган ўзгартиришларни фойдаланувчиларнинг VPN-тармоқ ва прокси-серверлар орқали маълумот олишини чеклашга уриниш сифатида қабул қилишди. Кейинчалик АКТ вазирлиги ушбу хабарни рад этиб, ўзгартиришлар айрим ОАВларда нотўғри шарҳланганини айтди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш