Адвокат лицензиясининг амал қилишини тўхтатиш ёки тугатиш масаласини суд ҳал қилади



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга киритилаётган бутун бир боб шу амалиёт тартиб-қоидаларига бағишланган

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Рус тилида тайёрланган мазкур лойиҳада Ўзбекистонда адвокат лицензиясининг амал қилишини суд қарори асосида тўхтатиб туриш ва тугатиш амалиётини жорий этиш назарда тутилган.

Ҳужжат қабул қилинган тақдирда Кодекс “Адвокатлар лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатишга доир ишларни юритиш” номли 23-1-боб билан тўлдирилади.

Лойиҳага кўра, адвокатга гувоҳнома берган адлия идораси ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси қуйидаги ҳолларда адвокат лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туришни сўраб, судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади:

– адвокат Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси бошқармаси ёки адлия органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларини бажармаса ёки лозим даражада бажармаса;

– адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонунчилик талаблари, Адвокатларнинг касб одоби қоидалари, адвокатлик сири ва адвокатлик қасами бузилганлиги аниқланса.

Адвокат лицензиясининг амал қилишини тугатишни сўраб маъмурий судга фақат Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси хулосасига асосан қуйидаги ҳолларда ариза бериши мумкин бўлади:

– адвокат олти ой давомида узрли сабабларсиз ўз профессионал мажбуриятларини бажармаса;

– лицензия олишда сохта ҳужжатлардан фойдаланилгани аниқланса;

– лицензия бериш тўғрисидаги қарорнинг ноқонунийлиги аниқланса;

– лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб қўйилган шахс томонидан лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар суд белгилаган муддатда бартараф этилмаган тақдирда;

– адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонунчилик талаблари, Адвокатларнинг касб одоби қоидалари, адвокатлик сири ва адвокатлик қасами тизимли равишда ёки бир марта қўпол бузилганида, адвокат шаъни ва қадр-қимматини бадном қилувчи қилмиш содир этилганида.

Қўшимча қилинаётган 189-5-моддага кўра, суд адвокат лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатишга доир маъмурий иш кўриладиган суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида иштирокчиларни Кодекснинг 124-моддасида қайд этилган тартибда хабардор қилади. Айни чоғда адвокатга суд мажлиси вақти ва жойини маълум қилиш суд томонидан ариза берувчи зиммасига юкланиши ҳам мумкин.

189-6-моддада айтилишича, адвокат лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатишга доир маъмурий иш ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўрилиши лозим.

Ишни судда кўриш натижаларига кўра адвокат лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш ёхуд ариза берувчининг талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор чиқарилади.

Адвокат лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида суд қарори, агар апелляцион шикоят (протест) берилмаса, қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун ўтгач қонуний кучга киради. Шикоят берилган тақдирда эса қарор, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги суд қарори эса қабул қилинган кунидан қонуний кучга эга бўлади.

***

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, адвокат лицензиясининг амал қилиши Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари қарори асосида тўхтатиб турилади ёки тугатилади. Ҳудудий малака комиссиялари қарори устидан Палата ҳузуридаги Олий малака комиссиясига шикоят қилиш мумкин. Олий малака комиссияси ишни кўриб чиқиб, интизомий жазони ўз кучида қолдиради, енгиллаштиради ёки бекор қилади.

***

Лойиҳа муҳокамаси 27 июлга қадар давом этади. Адвокатлардан муҳокамада фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришларини сўраб қоламиз.

2019-07-15 13:21:28  |  2776 |   0  | 

1 изоҳлар

Макур ўзгартиришда, "... адвокат томонидан,агарда, адлия органи ва адвокатлар палатасининг ваколатлари доирасидаги қарори, адвокатлик фаолиятига дахлдор бўлса ва қонунга мувофиқ бўлса ҳамда адвокатлик фаолияти юритишга тўсқинлик қилмаса.."., деган жумлани қўшиш керак. Иккинчидан, адвокатлик фаолиятини тугатиш тўғрисидаги суд қарорини дарҳол кучга кириши (аппелятив ҳуқуқдан маҳрум қилиш) тўғрисидаги талаб, нафақат умумий суд ишларини юритиш тамойилига, балки шу мазмундаги халқаро ҳуқуқ нормалари талабига мос келмайди деб ҳисоблайман. Учинчидан, қонунга ўзгартиришларни, аввало, адвокатлик мақомини уни иммунитетини такоммиллаштиришдан бошлаш мақсадга мувофиқ бўлади.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация