АЖ кузатув кенгаши аъзолари сонига доир талабни бекор қилиш ёки ўзгартириш таклиф қилинмоқда
“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида петиция пайдо бўлди.
Петиция муаллифи акциядорлик жамиятларининг кузатув кенгашлари аъзолари сонига доир талабни бекор қилишни ёки унинг энг камида 5 кишидан иборат бўлиши тўғрисида янги норма киритишни таклиф қилмоқда.
Қайд этилишича, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 76-моддасида: “Акциядорларининг сони беш юздан ортиқ бўлган жамият учун жамият кузатув кенгашининг сон таркиби етти аъзодан кам бўлиши, акциядорлари сони бир мингдан ортиқ бўлган жамият учун эса тўққиз аъзодан кам бўлиши мумкин эмас” деб белгиланган.
“Республикамизда кўплаб акциядорлик жамиятларида 1000 дан ортиқ акциядор мавжуд бўлиб, уларнинг катта қисми жуда оз миқдорда акцияга эга. Лекин улар сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил қилади. Ушбу акциядорларнинг катта қисмини вафот этган инсонлар, ёпилган корхона ва ташкилотлар ташкил қилмоқда. Кўпчилик акциядорлар оз суммадаги ўз акцияларини мерос сифатида қолдирмаган”, – дейилади мурожаатда.
Муаллиф фикрича, кузатув кенгаши аъзолари сонини мавжуд бўлмаган акциядорлар ҳисобига 9 та этиб ушлаб туриш акциядорлик жамияти ва акциядорлар манфаатларига мос эмас.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш