Конституциявий суд учта кодексга киритиладиган тузатишларни тайёрлади



 
  Расм манбаси : ksu.uz

Конституциявий суднинг 2018 йил 14 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш ҳақида»ги қарори Norma экспертлари томонидан кўриб чиқилди.

Конституциявий судга фуқаро С.Якубжанов мурожаат қилган. У суд процессининг аудиоёзуви (овоз ёзуви) амалга оширилиши юзасидан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг (бундан кейин – МСИЮТК) 143-моддаси 2 ва 4-қисмларига шарҳ беришни сўраган. Уни аудиоёзув (овоз ёзуви) суд рухсати билан амалга ошириладими ёки бу суд мажлисида ҳозир бўлган шахснинг ҳуқуқими, деган савол қизиқтиради.

Конституциявий суд ишни кўриб чиқди...

МСИЮТКнинг 143-моддасида бир маънони англатадиган иккита турли атама қўлланилган. Иккинчи қисмида – «аудиоёзув», тўртинчи қисмида эса – «овоз ёзиб олиш». Бу қонунчилик талабларига мос эмас («Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси). Бу нимага олиб келди?

Қонунга кўра ишда иштирок этмаётган залда ҳозир бўлганлар, шу жумладан журналистлар ва жамоатчилик арбоблари процессни аудиоформатда (масалан, диктофонга) эркин ёзиб олишлари мумкин бўлиб чиқади. Бироқ моҳиятан асосий иштирок этувчи шахслар – ариза берувчи ва жавобгар, прокурор, давлат органлари вакиллари, шунингдек гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар бунинг учун судга илтимоснома тақдим этишлари ва унинг рухсатини олишлари керак. Бу билан уларнинг ҳуқуқлари чекланади.

Шундай қилиб, суд муҳокамасининг ошкоралиги принципига риоя қилинмасдан суд ишларини юритиш иштирокчиларининг ҳуқуқи чекланиб, уларга суд мажлисида овоз ёзиб олишга суднинг рухсати талаб этилиши, суд мажлиси залида ҳозир бўлганларга эса суднинг рухсатисиз овоз ёзиб олиш ҳуқуқи берилган.

Иқтисодий суд ишларини юритишда ҳам айнан шундай ҳолат мавжуд (ИПКнинг 165-моддаси). Фуқаролик процессида эса аксинча: иштирокчилар аудиоёзувни амалга ошириш учун судга илтимоснома тақдим этишлари ва унинг рухсатини олишлари зарур, қолган барча эса тарафларнинг (даъвогар ва жавобгарнинг) розилиги ва судьянинг рухсати билан овоз ёзиб олиши мумкин.

Оқибатда қандай қарор қабул қилинди?

Конституциявий суд қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Шу сабабли у Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодекслар ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиб, Қонунчилик палатасига киритади.

Таклиф этилаётган тузатишлардан мақсад – учала кодексда суд мажлисида овоз ёзиб олишни амалга ошириш ягона тартибини белгилаш ҳамда процесс иштирокчиларининг ҳуқуқи чекланишини бартараф этиш.

Шарҳ эълон қилинган пайтда қонун лойиҳаси матни очиқ манбаларда топилмади, дейилади хабарда.

2018-11-19 14:24:09  |  2338 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация