Ҳайдовчиларнинг мастлигини аниқлашнинг янги тартиби ишлаб чиқилди



 
  Расм манбаси : dtecinternational.com

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратуранинг “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича текширув Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда текширилган, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан сертификатланган транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита – алкотестер ёрдамида амалга оширилади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича тиббий текширув бевосита ДЙҲХХ ходимлари иштирокида туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими масъул ходимлари томонидан ўтказилади.

Қуйидагилар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда эканлигини аниқлаш учун текширув ўтказишга асос бўлади:

ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан алкоголли ичимликнинг ҳиди келиши;

ҳайдовчи бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши);

ҳайдовчи нутқининг бузилганлиги;

ҳайдовчи қўл бармоқларининг қалтираши;

ҳайдовчи юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ДЙҲХХ ходими томонидан техник восита ёрдамида қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилади.

Текширув олдидан ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини техник воситанинг ишлаш тартиби билан таништиради, зарур ҳолларда ҳайдовчининг талабига асосан техник воситага тегишли ҳужжатларни кўрсатади.

Текширув камида икки нафар холис иштирокида амалга оширилади, ДЙҲХХ ходими томонидан кузатув камераси (body camera)дан фойдаланган ҳолатда амалга ошириладиган текширувлар бундан мустасно.

Текширув жараёнида ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчиси ва бошқа фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, уларга нисбатан хатти-ҳаракатлари тушунарли ва қонун талаблари асосида бўлиши, шунингдек санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиши лозим.

Текширув ўтказишда ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаво намунасини техник воситани қўллаш йўриқномасига асосан олади.

Транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими ҳайдовчига нисбатан алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги факти юзасидан маъмурий баённома расмийлаштиради.

Транспорт воситаси ҳайдовчиси техник восита ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд унда техник восита орқали текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими транспорт воситасини бошқараётган шахснинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимига олиб боради.

Транспорт воситаси ҳайдовчиси текширувдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда ДЙҲХХ ходими унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 136-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштиради.

Техник восита ёрдамида ўтказилган текширув натижаларига асосан, транспорт воситаси ҳайдовчиси алкоголли ичимлик таъсиридан маст ҳолатда эканлиги аниқланмаган, бироқ унинг гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлиги белгилари мавжуд бўлган тақдирда шахс тиббий текширувга олиб борилиши лозим.

Транспорт воситаси ҳайдовчисининг маст ҳолатда эканлиги техник восита ёрдамида ёки туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган текширув натижалари асосида тасдиқланган тақдирда ДЙҲХХ ходими томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилади.

Маъмурий баённомага текширув техник восита ёрдамида ўтказилган тақдирда текширув натижалари бўйича ушбу воситадан чоп этилган маълумот, туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими ходимлари томонидан тиббий текширув ўтказилганда эса тиббий хулоса илова қилинади.

2018-11-15 17:54:46  |  2796 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация