Андижон вилояти ҳокими мажбурий меҳнатга қарши қонунчиликни бузмоқда



 
  Расм манбаси : Sputnik

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов фармойиши билан вилоят ҳудудида шу йилнинг ноябрь-декабрь ойлари «Маънавият ойлиги» деб эълон қилинди.

Kun.uz хабарига кўра, вилоятда ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида хайрия ҳашари ўтказилиши кўрсатилган. Унда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар ходимларининг ихтиёрийлик асосидаги ёзма розилигига кўра бир кунлик иш ҳақлари хайрия ҳашарида ишлаб топилган маблағ сифатида ҳокимликнинг махсус ҳисоб рақамига туширилиши лозимлиги белгиланган.

Ҳашар доирасида турар-жой мавзелари, қишлоқлар, маҳаллалар, кўча ва йўллар ҳамда болалар спорт майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва бўяш, кўп қаватли бинолар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, тарихий обидалар, зиёратгоҳ ва қабристонларни, шунингдек, ариқ ва зовурларни тозалаш ҳамда қурилиш ва маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга ташиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш, шунингдек, кекса ва ногирон кишилар ҳолидан хабар олиш каби ҳомийлик ишлари ўрин олган.

Вилоят ҳокимининг фармойишида гарчи ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи ихтиёрийлик асосида ушлаб қолинади, деб ёзилган бўлсада, лекин вилоят ҳокими ўринбосари А.Эгамбердиев томонидан 9 ноябрь куни имзоланган хабарномада шаҳар ва туман ҳокимларига ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудуддаги корхона, бошқарма ва муассасаларда ишлаётган ишчи-ходимларнинг бир кунлик иш ҳақларини белгиланган тартибда вилоят ҳокимлигининг махсус ҳисоб-рақамига тўлиқ ўтказиб бериш учун 14 ноябрга қадар муҳлат берилган. «Тўлиқ ўтказиб бериш таъминлансин» деган иборанинг ўзи ушбу ҳашар қай даражада ихтиёрий-мажбурий ташкил қилинганини кўрсатиб турибди.

Айни вақтда Андижон вилоятида 1 миллион 263 минг 229 киши банд аҳоли мавжуд, шундан 414 минг 796 киши расмий сектор, яъни давлат ташкилотлари ходимларидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сонли қарорига кўра, умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда, фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади ва ўтказилади.

Шу билан бирга, автомобил йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоот томлари, махсус ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсоннинг ҳаёти ёки соғлигига хавф туғилиши юзага келувчи бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш қатъий тақиқланган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда одатда йилига икки марта умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Жорий йилда 18-19 март кунлари (Наврўз байрами арафасида) ва 18-19 август кунлари (Қурбон ҳайити байрами арафасида) Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан республика бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселекторда «қонун ва ҳужжатларга хилоф равишда ҳашар ҳамда шанбаликлар ташкил этиш амалиётига барҳам бериш» тўғрисида гапирган Бош вазир Абдулла Арипов ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этишда давом эттириш президент ва давлат сиёсатига қарши чиқиш эканини таъкидлаб ўтган эди.

2018-11-14 23:38:52  |  2257 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация