АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ СЎЗ ЭРКИНЛИГИНИ ИНКОР ЭТАДИМИ?



 
  Расм манбаси : КазТАГ

Шубҳасиз, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ўзлари чоп этаётган ахборотларнинг тўғрилиги ҳамда уларни баён этиш шаклининг одоб доирасида бўлиши учун жавобгардирлар. Қонунчилик амалиётида ОАВ орқали шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказилганлиги, туҳмат ёки ҳақорат қилинганлигидан ҳимояланиш учун турли фуқаровий-ҳуқуқий ҳамда жиноят-ҳуқуқий жавобгарлик институтлари ишлаб чиқилган. Буни шу билан изоҳлаш мумкинки, оммавий ахборот воситаларида тарқатилган ахборот ҳақиқатан ҳам халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган инсоннинг айрим ҳуқуқларини, масалан, шаъни, қадр-қиммати ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқини, турар жойи дахлсизлигини, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси) бузиши мумкин. Аммо ОАВ томонидан бузилиши мумкин бўлган ҳуқуқларнинг саноғи чегараланган (Яъни ОАВда тарқатилган ахборот туфайли инсоннинг ҳамма ҳуқуқлари ҳам бузилавермайди — Таҳририят). Бу қаторга, масалан, ҳибсга олинган шахснинг адвокат олиш ҳуқуқини ёки шахснинг республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, мамлакатга келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқини киритиш мумкин эмас (Янаям тушунарлироқ қилиб айтганда, ОАВ бирор шахс томонидан қайсидир адвокат ёлланганини, шахснинг бир манзилдан бошқасига кўчиб ўтганини, қайсидир мамлакатга кириб келгани ёки чиқиб кетганини ошкор қилса, бу унинг ҳуқуқларига дахл қилиш бўла олмайди — Таҳририят).

Афсуски, шунга ўхшаш ҳаракатни амалга оширишга уринишлар ҳам бўлмоқда (Яъни юқорида келтирилган мисолдаги каби ҳолатларда ҳам ОАВни айблашга уриниш ҳоллари учраб турибди — Таҳририят). Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасини иқтибос қилиб-қилмай, оммавий ахборот воситаларини «айбсизлик презумпцияси принципини бузиш»да айблашлар бўлаётганини ҳам тилга олиш лозим. Жумладан, бу иддао бир неча назарий тадқиқотларда жаранглаганидан сўнг, матбуотнинг кескин танқидий мақолаларига нишон бўлган айрим мансабдор шахсларнинг баёнотларида ҳам пайдо бўлмоқда. Шу тарзда аста-секин ва изчиллик билан матбуотни айбсизлик презумпциясини бузишда айблашлар одат тусига (ҳатто қонунларга ҳам — Таҳр.) кириб бораверади. Бунга эса Ўзбекистон Республикасининг «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунини мисол қилиб келтириш мумкинки, унинг «Журналистнинг мажбуриятлари» номли 6-моддаси 3-бандида журналистнинг «айбсизлик презумпциясига амал қилиши» шартлаб қўйилган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ОАВ тарқатадиган ахборот айбсизлик презумпцияси принципини бузиши мумкинлиги суд амалиётида, доктрина сифатида ва айниқса қонунчиликда мустаҳкамланиши ҳамда тан олиниши жуда хавфли ҳолат бўлиб, бу матбуот, телевизор ёки радиодаги ҳар қандай танқидни, айбловни қонунга хилоф деб эълон қилиш имконини беради. Натижада эса, конституциявий демократик институт ҳисобланадиган, демократик республика тизимида халқ иродасини ифодалаши, ҳокимиятнинг фаолиятини ойдинлаштириши ва эркин ёритиши зарур ва лозим бўлган ОАВ «тиш-тирноқсиз» қолиб, мақтов мақолалар ва чиқишлар билан чегараланишга мажбур бўлади. Бундай аҳвол, ўз навбатида,  мамлакатдаги бошқарув тизимининг демократик табиатига шубҳа билан қарашга асос беради (Шунга кўра мазкур тадқиқот-мақолада таниқли журналист, ОАВ фаолиятига доир ҳуқуқлар билимдони бўлган муаллиф томонидан “айбсизлик презумпцияси” ўзи нима эканлиги, унга кимлар амал қилиши кераклиги, унинг ОАВга, сўз ва фикр эркинлигига дахлдорлик даражаси миллий қонунчилигимиз, халқаро меъёр ҳамда тажрибалар асосида таҳлил қилинади — Таҳр.).

I. АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ КИМГА ТААЛЛУҚЛИ?

Аввало Асосий Қонунимизнинг 26-моддасига расмий шарҳга мурожаат қилайлик: «Айбсизлик презумпцияси (лотин. preasumptio – фактнинг тескариси исботлангунича юридик жиҳатдан тўғри ҳисобланиши)… жиноят-ҳуқуқий қонунчилик принципининг асосини ташкил этади ҳамда одил судловнинг асосий принципларидан бири ҳисобланади» [1] (Яъни, айбсизлик презумпцияси Конституциямизга кўра фақат жиноят-судлови иштирокчиларига дахлдор тамойил саналади — Таҳририят). Оммавий ахборот воситалари эса жиноят-судлов жараёнида институт тариқасида қатнашмайди. Демак, уларга нисбатан жиноят судлови тамойиллари қўлланилиши мумкин эмас.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал қонунчилиги ҳам айбсизлик презумпцияси тамойилини жиноят процесси принциплари сирасига киритади (Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг Иккинчи боби 23-моддаси). Демак, жиноят процесси қатнашчиси бўлмаган ОАВдан жиноят процесси принципига «амал қилиш»ни талаб қилиш ЖПКга кўра ҳам нотўғридир.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида «айбсизлик презумпцияси» меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида ифодаланган. 26-модданинг 1-бандига эътибор қаратамиз: «Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, у айби аниқланмагунча айбдор ҳисобланмайди». Иқтибос қилинган матндан ҳам кўриниб турибдики,  мазкур модда унинг амал қилиш доирасидаги шахсларни аниқ белгилайди – бу «жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахс», яъни «айбланувчи»дир. «Айбланувчи» атамасининг моҳияти эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 45-моддасида очиб берилган:

«Айбланувчи ушбу Кодексда белгиланган тартибда айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши ҳақида қарор чиқарилган шахсдир. Айбланувчи судда – судланувчи деб, ҳукм чиқарилганидан кейин эса, маҳкум ёки оқланган шахс деб аталади».

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддасининг асл моҳиятига риоя этадиган бўлсак, айбсизлик презумпцияси шахсга нисбатан унинг Жиноят-процессуал кодексда белгиланган тартибда айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши ҳақида қарор чиқарилган пайтдан бошлаб бутун жиноят-судлов процесси давомида амал қилади. Айблов ҳукми чиқарилгач эса мазкур модданинг 1-бандида кўзда тутилган «иши судда қонуний тартибда кўриб чиқилиб, айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди» деган меъёр, яъни айбсизлик презумпцияси шарти ўз-ўзидан бекор бўлади (рад қилинади). Зеро, энди у айбдор ҳисобланади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, «айбланувчи» атамасини ҳар қандай тарзда кенгайтириб изоҳлаш ва унга доир меъёрларни бошқаларга нисбатан ҳам қўллаш ғайриқонунийдир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг юқорида кўрганимиз 26-моддасида белгиланган қоидаларни «гумон қилинуви»га, яъни “жиноят содир этгани тўғрисида маълумотлар бор бўлса-да, бу маълумотлар уни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун етарли бўлмаган шахс”га (Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 47-моддаси) ҳам тегишли деб ҳисоблаш мумкин эмас.

Шунга қарамасдан, гарчи Конституция матни билан тасдиқланмаган бўлса-да, озодликдан маҳрум этилган шахснинг ҳуқуқларини кафолатлаш нуқтаи назаридангина айбсизлик презумпцияси тамойилини гумон қилинувчига нисбатан қўллашни оқлаш мумкин.

Аммо айбланувчи ҳамда гумон қилинувчидан ташқари шасларнинг жиноят содир қилганлиги таъкидланса, “кучга кирган айблов ҳукми йўқ” деган важ билан бундай шахсларга нисбатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси қоидалари (яъни айбсизлик презумпцияси — Таҳририят) қўлланилиши кераклиги борасидаги талқин ақл бовар қилмас даражада кенг талқиндир.

Энди Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-бандидаги шахсни оғир ва ўта оғир жиноят содир қилганликда айблаб қилинган туҳмат масаласини ўрганиб чиқайлик. Аввало бу ерда кўриб турибдики, «айблаш» атамасини фақат “айбланувчига нисбатан айбловнинг моҳиятини ифодалаган расмий ҳужжат ҳавола этилиши” тариқасидагина тушуниш мумкин эмас. Яъни у кимнингдир жиноят содир этилишига алоқадорлиги борасидаги ҳар қандай шахснинг гапига ҳам тегишли.

Демак, агар ўша жиноят содир этилишига алоқадорлик ҳақидаги айблов тасдиқланмаса, мазкур шахснинг гапи унинг тарқатилиш шаклига кўра “нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш” (ЖКнинг 139-модда 2-банди) сифатида ёки “оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб” туҳмат қилганлик (ЖКнинг 139-моддасининг 3-банди) сифатида жиноий ҳаракат сифатида малакаланиши мумкин. Аммо, шунга қарамасдан, унинг хатти-ҳаракати «айбсизлик презумпциясини бузиш» сифатида талқин қилиниши мумкин эмас. Чунки унинг айблови ҳеч қачон айбланаётган шахснинг жиноят-процессуал жараёнидаги «айбланувчи» мақомини юзага келтирувчи асос бўлолмайди (Янаям соддароқ қилиб айтганда, бу ўринда ўша айтилган (тарқатилган) гапда “жиноятда иштирок этган” дейилаётган шахс ЖПКда назарда тутилган “айбланувчи” мақомидаги шахс эмас).

Хуллас, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Асосий Қонун ҳисобланади, демак, у юридик таомилга изчил риоя қилган ҳолда яратилгандир. Шунинг учун Конституциянинг 26-моддасида фойдаланилган «жиноят содир қилганликда айбланаётган» айбланувчи тушунчасининг ўзбек қонунчилигида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 45-моддасидаги ягона юридик атама сифатидаги маъносидан бошқа маънода — маиший ва омма ишлатадиган маъноларда қўлланишини тасаввур қилиш мумкин эмас.

Шундай қилиб, ҳар қандай шахс ҳам ўзига нисбатан айбсизлик презумпциясига амал қилинишини даъво қилиши мумкин эмас — фақат жиноят процессида иштирок этишга жалб қилинган айбланувчигина айбсизлик презумпцияси ҳимояси остида бўлиши лозим.

II. АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИГА КИМ АМАЛ ҚИЛИШИ КЕРАК?

Навбатдаги масала «жиноят содир этганликда айбланаётган шахс иши қонуний тартибда, ошкора судда кўрилиб, айби аниқланмагунча, айбдор ҳисобланмайди» деган қоиданинг «ҳисобланмайди» деган тушунчасига келиб тақалади. Албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддасининг грамматик таҳлили айбланувчини айбсиз «ҳисоблаши» шарт бўлган шахслар доирасини аниқлаш имконини бермайди. Шунга қарамасдан, бу доира чекланган экани шубҳасиздир. Аммо бу чегарани қандай аниқлаймиз?

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, айбсизлик презумпцияси жиноят-судлов процесси тамойилидир ва унгагина тааллуқлидир. Шунга қарамай, ҳатто жиноят-судлов процессининг ўзида ҳам айбсизлик презумпциясидан қатор чекинишлар кўзда тутилган. Масалан, ҳуқуқ-тартибот идораларига бирор-бир шахсни жиноий жавобгарликка тортишни сўраб ариза ёзган жабрланувчи ҳукм чиқмай туриб ҳам айбланувчининг айбдор эканлигини таъкидлайди, яъни ўз аризасида айбланувчини жиноят содир этганликда тўғридан-тўғри айблаб кўрсатади. Аммо, шунга қарамасдан, жиноят-судлов процессининг бу қатнашчисини «айбсизлик презумпциясига амал қилмаганлик»да айблаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Шунингдек, судланувчини ҳали айбдорлиги тўғрисида ҳукм чиққунича ва кучга киргунича айбдор ҳисобламаслик масъулиятидан прокурор ҳам озод қилинган, акс ҳолда у суддан судланувчини айбдор сифатида жиноий жавобгарликка тортишни талаб қила олмаган бўлар, натижада айбловнинг бутун тизими йўққа чиқарди. Булардан кўриниб турибдики, айбсизлик презумпцияси ҳатто жиноят-судлов процесси доирасининг ўзида ҳам мутлоқ кучга эга эмас.

Шунга қарамай, процессда иштирок этмайдиган шахслардан айнан кимлар айбсизлик презумпциясига риоя қилиши керак деган масала миллий қонунчилигимиз доирасида баҳслилигича қолмоқда. Бу, ўз-ўзидан, жаҳон тажрибасига мурожаат этишни тақазо этади. Бунда эса биз учта халқаро ҳуқуқий ҳужжатга эътиборни қаратишимиз лозим бўлади — Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро Пакт ҳамда Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисида Европа конвенцияси.

Амалиётга назар ташласак, айбсизлик презумпцияси масаласи асосан ОАВда жиноий фаолият фактлари ёритилганида ёки мансабдор шахсларнинг жиноятчилик борасидаги чиқишлари туфайли юзага келмоқда. Бу эса Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Комиссиясининг назаридан четда қолмаган — Комиссия мансабдор шахсларнинг процессдан ташқарида айбланувчи ҳамда судланувчининг айбдорлиги борасида мулоҳаза билдиришлари юзасидан ягона мезонларини ишлаб чиққан.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси 11-моддаси 1-банди ҳам, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро Пактнинг 6-моддаси 2-банди ҳам, шунингдек Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисида Европа конвенциясининг 6-моддаси 2-банди ҳам бир-бирига ўхшаш бўлиб (жузъий фарқлар қавс ичида берилган), Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси 1-бандига монанддир: «Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда (қонунга биноан), ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди (ҳисобланмаслик ҳуқуқига эга)…». Шунинг учун, тан олиш керакки, мазкур халқаро актларга нисбатан халқаро комиссия томонидан берилган шарҳлар Асосий Қонунимизнинг 26-моддасига нисбатан ҳам тўғри ва адолатлидир.

«Агар инсоннинг айбдорлиги қонунга биноан исботланган бўлмаса, давлатнинг мансабдор шахслари аввалгидай айбсизлик презумпцияси принципига амал қилишлари керак. Шундан келиб чиқадики, мансабдор шахсларга гумон қилинаётганларнинг айбдорлиги ҳақида судгача баёнот бериш ман қилинади. Комиссия (Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Комиссияси – К.Б.) тушунтирадики, бу қоида давлат айбловчиларига ҳам тааллуқлидир. Шунга қарамай, Комиссия давлатнинг мансабдор шахслари жамоатчиликка жиноят ишлари бўйича тергов ишларининг бориши тўғрисида ахборот беришлари, у ёки бу шахс жиноят содир этганликда гумон қилинаётганлигини айтишлари, у ёки бу шахс жиноят содир этганлигини тан олганлиги тўғрисида ахборот беришлари мумкин деб ҳисоблайди. Аммо бу мансабдор шахслар айни пайтда иш ҳали судда кўриб чиқилиши зарурлигини айтишлари лозим, шунда бу (яъни уларнинг ахборотлари — Таҳририят) Конвенциянинг (Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясининг – К.Б.) 6-моддаси 2-бандини (айбсизлик презумпцияси принципини – К.Б.) бузиш деб баҳоланмайди».

Ушбу таҳлилдан кўриниб турибдики, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Комиссияси, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясининг 6-моддаси 2-банди талаби эътиборидан, жиноят содир қилганликда айбланувчи шахсни давлат мансабдор шахслари томонидан судгача айбдор деб ҳисобланишидан изчил ҳимоя қилади. Бу ҳимоя прокурорга ҳам тааллуқли бўлиб, у ҳам судланувчини фақат судлов пайтидагина ошкора айблаши мумкин, аммо суд бошлангунча ошкора айблаши мумкин эмас.

Энди мазкур мажбуриятлар фақат мансабдор шахсларга юкланганлигидан келиб чиқадиган бўлсак, улар мансабдор бўлмаган бошқа шахсларга юкланиши мумкин эмаслигини айта оламиз. Бу ҳолатда мантиқ шундан иборатки, барча санаб ўтилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам инсоннинг сўз, фикр ва эътиқод эркинлигини кафолатлайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида кафолатланишича, «ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир (1-банд)». Худди шу жойнинг ўзида, яъни 29-модданинг 2-бандида «чеклаш»ларга ҳам изоҳ берилади: «Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин».

Шундан ҳам кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлигини айбсизлик презумпцияси талаби билан чеклашни кўзда тутмаган. Мансабдор ва бошқа шахслар томонидан содир қилинган жиноятлар тўғрисида берилган ахборотлар, фактлар ва фикрлар эса «давлат сири ёки бошқа сирларга тааллуқли» ҳисобланиши мумкин эмас. Демак, қандайдир шахсни ёки доираси чекланмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси маъносида кимнидир айбсиз «ҳисоблаш»га мажбурлаш фикр эркинлигига дахл қилиш бўлади. Зеро ҳар бир шахс у ёки бу шахснинг айбдорлиги тўғрисида ўз фикрига эга бўлиш ҳуқуқига эгадир. «Айбланувчи» мақомини бериш маъносидаги «айбдор ҳисоблаш» эса фақат давлатнинг ваколатига киради. Хусусий шахс ҳеч кимни «айбдор ҳисоблаши» мумкин эмас, унга бундай ваколат берилмаган, у бировни фақат ўз фикрига кўра жиноятчи аташи мумкин, холос. Кимнингдир жинояти тўғрисида ўз фикрини билдиришни ман қилиш ёки бу фикрни билдиргани учун жавобгарликка тортиш эса инсонни ўз фикридан қайтишга мажбурлаш саналади ва сўз эркинлиги ҳуқуқини бузиш ҳисобланади.

Сўнгги фикрларимизнинг барчаси инсоннинг ўз фикрини билдирган ҳолатига тегишлидир. Зеро, агар инсон мансабдор шахс сифатида иш юритаётган бўлса, у тарқатаётган ахборотнинг ҳуқуқий мақоми тамоман ўзгача бўлади. Чунки бундай ҳолатда у ўз фикрини эмас, давлат томонидан берилган ваколатлари доирасидаги расмий нуқтаи назарини ифодалаётган бўлади. Бошқача айтганда, унинг нуқтаи назари давлатнинг нуқтаи назари бўлади, яъни унинг фикрида масаланинг ҳуқуқий томонлари ҳамда ҳуқуқий оқибатлари намоён бўлади. Бундан келиб чиқадики, мансабдор шахс жиноят содир қилганликда айбланувчи шахс ҳақида фикр билдираётганида у токи айбдорлиги тўғрисида ҳукм чиқиб, кучга киргунича айбсиз ҳисобланишини инобатга олиши лозим, яъни айбланувчини айбсиз «ҳисоблаш»га мажбурдир. Аммо бошқа шахсларга бу мажбурият юклатилмаган.

Шунга қарамай, қайд этиб ўтишимиз керакки, ҳуқуқ назарияси соҳаси мутахассислари айбсизлик презумпциясини оммавий ахборот воситалари тарқатадиган ахборотларга нисбатан қўллайдиганлар ҳам бор. Жумладан, «Судопроизводство в России» асарида шунга дуч келамиз: «...шахснинг айбдорлиги тўғрисидаги ҳеч кимнинг ва ҳеч қандай фикрлари ҳамда хулосалари қонуний чиқарилган ҳукм кучга киргунча юридик аҳамиятга эга эмас; уларга ҳуқуқ позициясидан ҳам, ахлоқий қимматлардан келиб чиқиб ҳам йўл қўйиш мумкин эмас. Гап оғзаки ва ёзма арзу ҳоллар, интервьюлар, ОАВ нашрлари ҳақида бормоқда. Улар айбсизлик презумпцияси принципига зид бўлиб, қонунларни бузиш ҳисобланади, зеро жамоатчилик фикрини чалғитади, айбланувчини муддатидан олдин, гоҳида бекордан-бекор обрўсизлантиради, судларга салбий таъсир кўрсатади».

Аммо бу нуқтаи назар юқорида келтирилган Европа Комиссиясининг худди шу мажбуриятларни фақат мансабдор шахсларга юклатиш борасидаги фикрларига ва халқаро ҳуқуқий меъёрларга тўғри келмайди. Унда бу гапларни қандай тушуниш керак?

Бу фикрни таҳлил қилишдан аввал «ахлоқий қимматлар»ни мунозаралар доирасидан четга қўйиб турсак. Зеро, ҳуқуқий муаммони «ҳуқуқ позицияси»дан келиб чиқиб ҳал этган маъқулдир.

Аввало муҳтарам олимларнинг «шахснинг айбдорлиги тўғрисидаги ҳеч кимнинг ва ҳеч қандай фикрлари ҳамда хулосалари қонуний чиқарилган ҳукм кучга киргунча юридик аҳамиятга эга эмас»лиги ҳақидаги таъкидларига қўшилмасдан илож йўқ. Аммо айнан шу фикрнинг ўзи уларнинг кейинги фикрларини рад этади, чунки айнан “шахснинг айбдорлиги қонуний тартибда аниқланмасдан, ҳукм чиқарилмасдан ва у кучга кирмасдан ҳуқуқий оқибатларнинг юзага келганлиги”гина айбсизлик презумпциясининг бузилиши ҳисобланади. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 4-моддаси 2-бандида баён этилган қоидага кўра ҳам: «Ҳеч ким суднинг ҳукми бўлмай туриб жиноят содир қилишда айбли деб топилиши ва қонунга хилоф равишда жазога тортилиши мумкин эмас». Бу қоидадан келиб чиққанда эса айбсизлик презумпциясининг икки ҳолатдан иборат бўлган моҳиятини очиб бериш мумкин:

1) муайян жиноят таркибининг аниқланиши ва шахснинг айбдор деб топилиши қонунга аниқ риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим;

2) шахс фақат суднинг айблов ҳукмига кўрагина айбдор деб тан олинади, қораланади, жазоланади ёки қонунда кўзда тутилган бошқа жазо чораларига мустаҳиқ этилади.

Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, оммавий ахборот воситалари жиноят таркибини аниқлаш ва шахсни айбдор деб топиш ваколатига эга эмас, шунинг учун ОАВнинг жиноят содир қилганлик ёки бошқа қонунбузарликлар тўғрисидаги ахборотлари шахснинг айбдор деб ҳисобланиши ҳамда қораланиши, жазоланиши ёки бошқа жазо чораларига тортилишига олиб келмайди. Журналист прокурор ёки судья эмас ва унинг мақоласи, эшиттириши ёки кўрсатуви айблов ҳукми бўлолмайди.

Презумпция, яъни шахснинг айбсизлиги тўғрисидаги асос тариқасидаги фараз уни бирор-бир жавобгарликка тортишга имкон бермайди, яъни айбсизлик презумпцияси шахсни айбловнинг ҳуқуқий оқибатлари юзага келишидан сақлайди, аммо айбловнинг ўзидан асрамайди. Яъни, Конституцияда бевосита таъкидланганига кўра, айбланувчи “иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча...” айбдор ҳисобланмайди, холос. Бундан англашиладики, мазкур шахснинг айби аниқланиши презумпцияни рад этади. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси (85-95 моддалар) тергов ва суриштирув органларининг, терговчи, прокурор ва суднинг ишни қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги ҳақиқатни топиш, айбланувчининг айбдорлиги ёхуд айбсизлигини аниқлаш мақсадида далилларни излаш, аниқлаш ва йиғиш мажбуриятини кўзда тутади.

Энди бошқа бир масалага эътибор қаратайлик. Биз таҳлил этаётган айбсизлик презумпцияси қоидасининг ўзида (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси 1-бандининг иккинчи қисмида) айбсизлик презумпцияси тамойили билан бирга одил судловнинг яна бир принципи – судловнинг ошкоралиги, жиноий ишнинг судда очиқ кўрилиши тамойили ҳам акс этган («судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча…»). Ўзбекистон Республикаси ЖПКда эса мазкур тамойил 19-моддада ўз аксини топган бўлиб, жиноят процессининг ошкоралиги жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда махсус превентив функцияларни амалга оширишнинг муҳим шартидир. Демак, одил судловни амалга ошириш учун ҳам, инсон ҳуқуқларини (шу жумладан, айбланувчилар, гумон қилинувчилар ҳамда жабрланувчилар манфаатларини) ҳимоя қилиш учун ҳам ошкоралик муҳим аҳамиятга эга. Бу эса жиноят-судлов процессини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг қатнашишини таьминлашни тақазо этади. Аксинча, «айбсизлик презумпцияси принципини бузишга йўл қўймаслик» баҳонасида журналистларни четга суриш жамоатчиликни чалғитишга имкон яратиб, халқни унинг номидан бошқараётган давлат ҳокимияти фаолиятидан хабардор бўлиш имконидан маҳрум қилади.

Зеро, коммунофашистик ўтмишимизнинг қайғули «тажриба»ларидан ҳам биламизки, айнан ёпиқ судлар, «фавқулодда трибуналлар», «тройка»лар золим тузумга ҳурфикрли инсонларни, ҳақгўйларни қатағон қилиш, айбсизларни қамаш ва отиш, оммавий қирғин ўтказиш имконини берди. Агар ўша даврларда ҳам сўз эркинлиги бўлганида, суд мажлисларида ошкоралик таъминланганида, ОАВ эркин фаолият юритганида минглаб айбсиз одамлар ОГПУ-НКВД-КГБ қўлида қурбон бўлиб кетмас эди.

III. АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИНИНГ ЖОЗИБАСИ?

ОАВ нашрлари томонидан айбсизлик презумпцияси бузилиши ҳақидаги иддаолар суд амалиётида ҳам учрайди. Бу иддаоларга эса кўпинча қайсидир бир шахснинг, муаллиф фикрича, гўё ноқонуний ёки жиноий фаолиятидан дарак берувчи маълумотлар ошкор этилгани, бу шахснинг «ўғри», «порахўр», «фирибгар» ва ҳатто «қотил» деб аталгани сабаб бўлади.

Аслида бу маълумотлар билан шаъни, қадр-қиммати асоссиз, ноўрин поймол этилганларнинг ўзларини ҳимоя қилишлари учун қонуний йўллар мавжуд. Агар маълумотлар ростдан ҳам нотўғри бўлса у тегишли шахс томонидан рад қилиниши, ҳақиқат ошкор қилиниши мумкин. Ахборот тарқатишда жиноят таркиби мавжуд бўлганида эса муаллиф туҳматчи ёки ҳақоратчи сифатида жазога ҳам тортилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99 ва 100-моддалари эса ОАВ ва муаллиф устидан фуқаролик даъвоси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини беради. Зеро, шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, ишчанлик обрўси, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, номга бўлган ҳуқуқи, тасвирга бўлган ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳамда туғилганидан бошлаб ёки қонунга мувофиқ фуқарога тегишли бўлган бошқа номоддий неъматлар тортиб олинмайди ва ўзга усул билан бошқа шахсга берилмайди. Вафот этган кишига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматлар қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бошқа шахслар, шу жумладан ҳуқуқ эгасининг ворислари томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя этилиши мумкин (99-модда). Фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра, фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини ҳатто унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади. Агар фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Башарти, бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади. Оммавий ахборот воситаларида фуқаронинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи маълумотлар эълон қилинганида у айни ўша оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаган тақдирда эса суд қоидабузарга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда ундириладиган жарима солишга ҳақлидир. Аммо жаримани тўлаш қоидабузарни суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган ҳаракатларни бажариш вазифасидан озод этмайди. Ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотларни рад этиш билан бир қаторда уларнинг тарқатилиши оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳам ҳақлидир. Бу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1021 ҳамда 1022-моддаларига биноан ва мувофиқ амалга оширилади.

Бундан ташқари, муайян шартлар мавжуд бўлганда, жабрланувчи маълумотларни ошкор этган муаллифни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг «Туҳмат» жинояти тўғрисидаги 139-моддасига (агар ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва шахсни шарманда қиладиган маьлумотлар тарқатилган бўлса) ёки ЖКнинг 140-моддасига (агар шахснинг қадр-қиммати беодоблик билан таҳқирланган бўлса) мувофиқ судга бериши мумкин.

Бу чоралар, шубҳасиз, ўзини оқлайди ва оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлар масъулиятсизлигининг олдини олишга хизмат қилади. Аммо, воқеъликдаги ҳайратланарли ҳолат шундаки, ўзини таҳқирланган деб ҳисоблайдиган шахслар кўпинча шунча ҳуқуқлари қолиб ўзгача йўл тутишади – даъво аризасида ёки ўзининг оммавий чиқишида унга нисбатан «айбсизлик презумпциясига амал қилинмаганлиги»ни, «суднинг ҳукми бўлмасдан туриб» уни «жиноятчига чиқарган»ликларини таъкидлайдилар. Албатта бу йўл шаън ва қадр-қимматини тиклаш борасида деярли самарасиз эканини «даъвогар» тушунади. Зеро, Ўзбекистон қонунчилигида мазкур «жиноят», яъни “айбсизлик презумпцияси принципига амал қилмаганлик” учун ҳеч қандай жазо санкцияси кўзда тутилмаган. Хўш, унда нега бу иддао даъвогарларнинг тили учида туради?

Гап шундаки, бу усул ўзига нисбатан ўғрилик, фирибгарлик ёхуд жиноятчилик ва ҳоказолар ҳақида айблов ҳукми чиқмаганлиги ёки ҳали кучга кирмаганлигини рўкач қилиб, айбноманинг моҳиятини очмай туриб ҳимояланиш имконини беради. Чунки даъвогар фуқаролик даъвоси тартибида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини поймол этувчи маълумотларни тарқатганлик учун судга берса, бу иш айбловнинг моҳиятини аниқлашга қаратилади ва бу жараёнда жавобгар айбловнинг ҳаққонийлигини исботлаб бериши ҳам мумкин бўлади. Худди шунингдек, жиноят иши процессида ҳам жабрланувчи тарқатилган маълумотларнинг нотўғрилигини ўзи ёки прокурор ёрдамида исботлаши лозим бўлади. «Айбсизлик презумпцияси принципи бузилди» деган иддао билан мурожаат қилаётган жабрланувчи, яъни оммавий ахборот воситаларида танқид қилинган шахс эса бундай йўл билан ўзига қўйилган айбловларнинг моҳиятан кўриб чиқилшидан ўзини олиб қочаётган бўлади. Ёки у бундай ҳимояланишга тайёр бўлмайди.

IV. ЖИНОЯТ КОДЕКСИ АТАМАЛАРИ ВА ЖУРНАЛИСТ МАТНИНИНГ ТИЛИ

Ҳақиқатан ҳам журналист, ўзининг далилланган фикрига таянган ҳолда, маълум бир шахсларнинг маълум бир жиноятлар (талон-тарож, порахўрлик, совуққонлик, қотиллик ва ҳоказо) таркибини ташкил қилувчи ҳаракатлар содир қилганликлари тўғрисидаги ўз тахминлари ва талқинларини ошкор этиши мумкин бўлган далилларнинг зарур ва етарли ҳажми тўғрисида баҳслашиш мумкин. Айни пайтда, шубҳа йўқки, журналистика мезонларига кўра бу далилларнинг шамойили жиноят-судлов процесси қоидалари талабларига қараганда у қадар жиддий бўлмаслиги мумкин. Чунки, бир томондан, журналистда терговчи ва судники сингари далилларни йиғиш, қайд этиш учун зарур бўлган ҳуқуқий воситалар мавжуд эмас, аммо, иккинчи томондан, газетанинг мақоласи, радио ёки телевидениенинг хабари, шукрки, тилга олинган шахсни жиноий, маьмурий ёки бошқа бир юридик шаклда жавобгарликка тортадиган ҳукм эмас.

Бошқа томондан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддасига кўра: «Муайян жиноят тўғрисида матбуот, радио ва телевидение, ҳужжатли кинофильмлардаги, шунингдек оммавий ахборот воситаларига йўлланган, лекин эълон қилинмаган хатлардаги хабарлар жиноят ишини қўзғатишга сабаб бўлади». Бундан кўринадики, Ўзбекистон Республикаси ЖПК оммавий ахборот воситаларига мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилгунича жиноий ҳаракатлар тўғрисида хабар бериш ҳуқуқини билвосита бериш баробарида бундай хабарларни текшириш вазифасини бевосита прокуратурага юклайди. Демак, ОАВ нашрларида, радио ва телевидениеда ошкор этилган ғайриҳуқуқий ҳаракатларни фош қилувчи маълумотларни текшириш прокуратуранинг ҳуқуқи ва бурчидир. ОАВ хабарларига нисбатан айбсизлик презумпциясини қўллаш эса ЖПКнинг мазкур моддасига ҳам зид келади. Яъни агар айбсизлик презумпциясини қўллаш мумкин бўлганида журналистларни содир этилган ёки этилаётган жиноятлар тўғрисида хабар бериш, жиноятчиларни ўз номи билан аташ имконидан маҳрум этар, мазкур модда моҳиятини йўқотар эди.

Албатта, масъулиятни ўзига олган журналистнинг ҳали суд бўлмасидан туриб (эҳтимол, суд умуман бўлмас ҳам) ёки бу шахсни жиноят содир қилганликда, дейлик, порахўрликда айблайдиган мақоласини берган газета ёки шундай кўрсатувни эфирга узатган телетаҳририят ҳам оз ёки кўп даражада таваккал қилади, яъни муаллиф билан жавобгарликни бўлишади. Демак, айбсизлик презумпциясини ОАВга қўллаш, уларни ўз-ўзидан, бундай хабарларни, тўғри-нотўғрилигидан қатъи назар, эълон қилиш ҳуқуқидан маҳрум этади. Ҳолбуки, оммавий ахборот воситалари ҳар қандай ахборотни, шу жумладан содир қилинган ва қилинаётган жиноятлар тўғрисидаги маълумотларни ҳам бериш ҳуқуқига эга бўлишлари лозим (бусиз уларнинг кераги ҳам йўқ) ва шундан сўнггина улар бу ахборотлар нотўғри бўлган ҳоллар учун масъулиятни ҳам зиммаларига ола билишлари керак.

V. АРАЛАШИШМИ ЁКИ ТАЪСИР ЎТКАЗИШ?

Суд амалиётида «айбсизлик презумпцияси принципини бузганлик»ка нисбатан чора қўллашга боғлиқ ҳолатга судларнинг ўзи катта таьсир ўтказиши мумкин. Зеро, ачинарлиси, ҳатто судьялар ҳам ҳали қонуний кучга кирмаган ҳукм ёки қарор ҳақида фикр билдириш ҳамда ОАВ орқали судга таъсир ўтказиш ноқонуний эканлиги борасида фикр билдирадиларки, бу ҳам оммавий ахборот воситаларини айбсизлик презумпциясига амал қилмаганликда айблашга ўхшаб кетади. Бундай низога эса одатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 236-моддаси («Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш») ҳуқуқий асос қилиб олинади. Зеро, мазкур модда «тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни ишнинг ҳар томонлама ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга ёхуд адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш» жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини кўзда тутади. Натижада мазкур модда ОАВни ва журналистларни судьяларга ва халқ маслаҳатчиларига мақолалар, радиоэшиттиришлар ёки телекўрсатувлар орқали руҳий таъсир ўтказишда айблаш ҳамда анчайин оғир жазога — уч йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосига мустаҳқиқ қилиш имконини яратади.

Бошқа томондан, менинг назаримда, инсонлар тақдирини ҳал қиладиган муҳим лавозим бўлган судьяликка ўзига ишонадиган, қонунни пухта биладиган, матбуотдаги мақолаларга чув тушмайдиган, фақат қонунга кўра ҳукм чиқара оладиган даражада жасур, иродали кишилар тайинланиши лозим. Янада аниқроқ айтганда, иродаси суст, ташқи таъсирларга бериладиган, бўш-баёв кишилар судья қилиб тайинланмаслиги керак. Элнинг бир ҳовучинигина ташкил этадиган «таъсирчан» судьяларни асраш баҳонасида «айбсизлик презумпциясига амал қилиш» ёки «судга таъсир ўтказмаслик»ни рўкач қилиб бутун халқнинг оғзини беркитиш, халқнинг «кўзи, қулоғи ва тили» ҳисобланган оммавий ахборот воситаларига танқид қилишни ман этиш жуда аянчли бўлмаганида ҳам кулгилидир.

Ҳақиқатан судья ҳам, бошқа тирик одамлар сингари, ОАВ орқали тарқатилган ахборотларни қабул қилиш-қилмасликда эркли бир инсондир. У ишни кўриш давомида доим жиноят ишига доир фактларга тааллуқли бир-бирига қарама-қарши фикрларга, турли тахминлар ва фаразларга дуч келади. Шундай экан, ишда иштирок этувчи томонлар ёки учинчи шахсларнинг ОАВ орқали судьяга, халқ маслаҳатчиларига ёки бошқа бировга таъсир этиши мумкин бўлган ўз фикрларини билдиришларида ҳеч бир ёвузлик яширин эмас. Қолаверса, судья ҳукмни оммавий ахборот воситалари чиқишлари асосида эмас, фақат «қонуннинг барча талабларига амал қилинган ҳолда ва қонун асосида» (Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 455-моддаси) чиқаради.

Афсуски, Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддаси 3-қисмида ҳам юқоридаги каби яна бир таҳдидли қоидани жойлашга ҳаракат қилинган: «Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг ҳал қилув қарори ёхуд ҳукми қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёки судга ўзгача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади».

Шу ўринда эътироф этадиган бўлсак, тергов ва суриштирув сирини сақлаш масъулияти ишда иштирок этувчи сифатида тергов ва суриштирув материалларидан хабардор бўлган, уларни ошкор қилмаслик ҳақида терговчи томонидан ёзма огоҳлантирилган шахсларга юклатилган. Юқорида судга «таъсир ўтказиш» тўғрисида ўз мулоҳазаларимизни юқорида билдирдик. Худди шундай, жиноят содир этилгач ҳам жиноий иш очгунича (қанча жиноятлар қайд этилмай, очилмай ҳам қолади) ойлаб, йиллаб тергов ва суриштирув олиб борилади, суд бўлади, ҳукм чиқарилади. Ҳукм ҳам кучга киргунча шикоят қилиниб, ойлаб, йиллаб турли инстанцияларда кассация, назорат тартибида кўрилади. Агар шуни инобатга олсак, эрталабки янгилик пешинда эскириб турган бир замонда жиноятлар ҳақида бир неча ойлар ўтгач ёзишдан нима муддао қолади?! Қолаверса, жамиятда содир бўлаётган воқеаларни жамоатчиликдан бекитиш тузумнинг демократизмига хизмат қилмаслиги ҳам дунё тажрибасидан маълум.

АЙРИМ ХУЛОСАЛАР

Халқаро ҳуқуқий меъёрларга ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларига кўра, шахснинг айбдорлиги судда қонуний тартибда, ошкора кўрилиб, аниқланмагунча давлатнинг мансабдор шахслари айбсизлик презумпциясига амал қилишлари лозим, яъни мансабдор шахслар томонидан судгача айбланувчи шахснинг айбдорлиги ошкора баён этилиши ман қилинади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан сўз, фикр ва эътиқод эркинлиги кафолатланган журналистлар ёки оммавий ахборот воситаларининг бошқа муаллифлари, фуқаролар эса жамиятдаги ўзларини қизиқтирадиган барча ҳодисалар, шу жумладан жиноятлар тўғрисида ўз фикрларини бемалол айтишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддасининг «жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар қандай шахс» деган ифодасида кўзда тутилган айбланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида белгиланган тартибда айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши ҳақида қарор чиқарилган пайтдан бошлаб айбсизлик презумпцияси ҳимоясига олинади.

ОАВнинг фош этувчи, танқидий мақолалари, кўрсатув ва эшиттиришларидан «жабрланган» мансабдор ва бошқа шахслар «суд ҳукми бўлмаса-да айблагани учун» журналистларни жавобгар ҳисоблаш ўрнига айбловларнинг моҳиятан муҳокама этилишини талаб қилишлари керак. Ҳолбуки, «жиноят содир этганлик мақомини бериш» маъносидаги «ҳисоблаш» ҳуқуқи ва мажбурияти фақат давлатнинг ваколатли мансабдор шахсларига берилган. Журналист кимнидир «фирибгар», «жиноятчи», «порахўр» ва ҳоказо «ҳисоблаши» мумкин эмас, у шундай аташи мумкин, холос. Айни пайтда, аксарият ҳолларда журналист бу сўзларга Жиноят кодексидагидан ўзгача маъноларни юклайди. Бундан ташқари, журналист ўзига маълум шахсларнинг қонунбузарликлари тўғрисидаги ўзи қўлга киритган маълумотларни ошкор қилувчи ахбороти унда тилга олинган шахсни бирор-бир жавобгарликка тортишга асос бўлмайди.

Айбсизлик презумпциясининг моҳияти ва мақсади эса айнан айбланувчининг суд ҳукми кучга кирмагунича жавобгарликка ва жазога тортилишидан ҳимоя қилишдадир, асло оммавий ахборот воситаларининг оғзини тақа-тақ беркитишда эмас.

Изоҳ

1. «Коментарии к Конституции Республики Узбекистан» // Тошкент, «Адолат», 1997. Б.104).

Карим БАҲРИЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

журналист.  

2020-06-02 19:53:53  |  4065 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация