Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинади
22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтади.
Бу йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганига 70 йил тўлади. Дунёнинг 193 мамлакати қаторида Ўзбекистон ҳам мустақилликнинг илк йилларидаёқ қўшилган ҳужжатларидан бири ҳам айнан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳисобланади.
Шу муносабат билан 2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтади. Унда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Осиё қитъасида жойлашган давлатларнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи институтлари раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар ва бошқалар иштирок этиши кутилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази форумга пухта тайёргарлик кўрмоқда. ЎзА хабарига кўра, Осиё форуми якунлари бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясида давлатлар томонидан халқаро ҳужжатларга мувофиқ барча инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига риоя қилиш ва ҳимоя қилиш борасида самарали тизим яратишга оид мақсадлар кўзда тутилади.
Форум натижаларига кўра, Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Тошкентдаги қўшма баёнотини қабул қилиш ҳам режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд форуми президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 майда “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида“ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш