Сув, электр ва газ учун тўлов кечиктирилса – истеъмолчи дарҳол тармоқдан узилади
2018 йил 16 октябрдаги ЎРҚ–500-сон Қонун билан Уй-жой кодексининг 134-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Кодекс илгари қабул қилинган қонуности ҳужжатларнинг нормаларини ўзида жамлади, деб ёзади Norma.
Биринчидан, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари маиший истеъмолчиларининг тўлов муддатлари билан боғлиқ зиддиятлар бартараф этилди. Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2017 йил 16 ноябрдаги ПФ–5241-сон Фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 январдан бошлаб барча гуруҳ истеъмолчиларига ушбу хизматлар 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида кўрсатилмоқда.
Бироқ УЖКнинг 134-моддасида бошқа механизм – тўловларни ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай ҳар ойда тўлаш назарда тутилган эди. Яъни қонунда ҳақиқатда истеъмол қилинган сув ҳажми учун (ёхуд ўтган ой учун норматив бўйича) кейин ҳақ тўлашга рухсат берилган эди. УЖК ва ПФ–5241-сон Фармон ўртасидаги зиддият бартараф этилди. 2018 йил 17 октябрдан бошлаб сув ва канализация учун тўлиқ олдиндан ҳақ тўлаш талаб этилади.
Сув ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш приборларига эга бўлган маиший истеъмолчилар учун 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлашнинг аниқ механизми кейинроқ белгиланса керак.
Иккинчидан, маиший истеъмолчилар илк бор муддатни ўтказиб юборганларида сув таъминоти, канализация, электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилишига йўл қўйилмас эди. УЖКнинг 134-моддасида фуқароларга қарзни қоплаш учун 3 ойлик муддат берилган эди. Аслида Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 70-банди ва Табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 97-бандида бундан кам муддатлар (қарийб дарҳол) назарда тутилган эди. Қабул қилинган Қонунда белгиланишича, 2018 йил 17 октябрдан бошлаб коммунал хизматлар ва Мажбурий ижро бюроси 3 ойлик муддат ўтишини кутмасдан, маиший истеъмолчига нисбатан тўлиқ узиб қўйишгача бўлган чоралар кўришга ҳақли бўлади.
Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган, тузатишлар 2018 йил 17 октябрдан кучга кирди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш