2018 йилнинг 9 ойида наркожиноятлар 11,9 фоизга камайди



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида республика ички ишлар органлари томонидан 3 минг 313 гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар аниқланди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу кўрсаткич 11,9 фоизга камайган.

Ҳисобга олинган наркожиноятларнинг таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг 31,9 фоизи транзит, 33,7 фоизи етиштириш ва 32,1 фоизи сақлаш жиноятлари эканлигини кўрсатади. Шунингдек, қўшни давлатлар орқали контрабанда йўли билан республикамиз ҳудудига кираётган 14 килограммдан зиёд героин, 163 килограммдан ортиқ опий, 28 килограммдан кўпроқ гашиш гиёҳвандлик воситаси тўхтатиб қолинди, деб ёзади ЎзА.

Буни аниқ мисоллар орқали кўрадиган бўлсак, жорий йилнинг 13-15 сентябрь кунлари ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири натижасида гиёҳвандлик воситаларини етиштириш ва тарқатиш билан шуғулланаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Ушбу жиноий гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида наша гиёҳвандлик ўсимлигини етиштириш мақсадида жиҳозлаб, сунъий тарзда марихуанани шу ернинг ўзида етиштириб, қуритиб, махсус қадоқларга яъни “Семечки” ёзувли писта маҳсулоти қадоғига ва гугурт қутисига жойланган марихуанани тарқатиш билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди.

Ёшлар орасида гиёҳвандлик моддаларнинг истеъмолини йўқ қилишга қаратилган қатор махсус профилактик ишлар ўтказиб келинаётгани қарамай, 15 нафар мактаб, коллеж ва олий ўқув юртлари ўқувчи-талабалари томонидан наркожиноятлар содир этилган. Мисол учун, жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида, Тошкент вилоятида яшовчи 11-синф ўқувчисидан истеъмол қилиш учун махсус тайёрланган 50 граммга яқин марихуана гиёҳвандлик воситаси олиниб, мактаб ўқувчиси ушбу гиёҳвандлик воситасини Тошкент шаҳрида яшовчи 43 ёшли фуқародан олганлиги аниқланди. Шу шахснинг яшаш уйидан, худди шундай “бўлак”ларга қадоқланган 500 граммга яқин марихуана гиёҳвандлик воситаси олинди.

Гиёҳвандлик воситасининг манбаси эса Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 38 ёшдаги шахс эканлиги аниқланиб, унинг яшаш уйидан ҳам қарийб 500 грамм қуритиб қўйилган марихуана гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи трансмиллий гуруҳларни аниқлаш, уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш, контрабанда йўлларини тўсиш, таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган ўсимликлар экилиши ва наркомания ёйилишининг олдини олиш мақсадда ўтказиб келинаётган кенг қамровли “Қорадори–2018” тадбири хусусида ҳам тўхталиб ўтсак. Республика бўйича 7 минг 477 кв.м. ер майдонида ёввойи наша ўсаётган 449 та ер майдони аниқланди. 555 нафар шахс ўз ҳудудларида ушбу ҳолатларга йўл қўйганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Тадбир мобайнида таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган ўсимликларни етиштириб, наркобизнес билан шуғулланаётган бир қатор шахслар аниқланиб, қўлга олинди.

2018 йилнинг 12 октябрь куни ИИВ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида Зангиота туманида яшовчи 51 ёшли А.Р.нинг уйидан жами 34 килограмм 156 грамм гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинди. Ҳозирда олинган гиёҳвандлик воситаларининг манбасини аниқлаш бўйича тезкор тергов ишлари давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимлари томонидан таркибида психофаол моддалари бўлган дори препаратларининг олди-сотдисига ҳам чек қўйиш мақсадида доимий тадбирлар ўтказилмоқда. Натижада республика бўйича ноқонуний муомалада бўлган жами 71 мингдан зиёд психофаол препаратлар далилий ашё сифатида олиниб, йўқ қилинди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган, аҳоли орасида “Шуҳрат чорраҳаси” номи билан барчага маълум бўлган ҳудудда ташкил этилган психофаол дорилар сотиладиган “қора бозор”нинг фаолиятига чек қўйиш мақсадида 66 маротаба тезкор тадбирлар ўтказилди. Натижада 341 нафар ҳуқуқбузар шахсга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилди, улардан таркибида психофаол моддалари бўлган 41 мингга яқин “Трамадол” ва 268 дона “Лирика” дори препарати далилий ашё сифатида олинди. Чунки психофаол дори воситалари ҳам гиёҳвандлик моддалари каби хавфли ҳисобланади.

Айтиб ўтиш керакки, 2018 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан психофаол дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш мақсадида ушбу дори воситалари гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари сифатида баҳоланди.

Эндиликда “Трамадол” дори воситаси билан муомала қилган ҳар қандай шахс Жиноят кодекснинг тегишли моддаларига мувофиқ, “Лирика” дори воситаларини ноқонуний сотгани учун эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларга биноан жазога тортилади.

2018-11-04 17:35:45  |  2187 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация