"Ватандош" тушунчасига аниқлик киритилди



 
  Расм манбаси : Zamin.uz

25 октябрда президент Шавкат Мирзиёев хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида давлат сиёсати Концепциясини тасдиқлаган эди. Қарорнинг тўлиқ матни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 27 октябрда эълон қилинди, деб хабар беради Тuron24.

Қарорда айтилишича, ватандош деб:

Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида доимо истиқомат қиладиган ёки таълим олиш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, оилавий сабаблар ва бошқа шароитлардан келиб чиқиб вақтинчалик чет элда юрган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

хорижга чиққан ва чет эл фуқаролигини олган, Ватанига маънавий ва маданий нуқтайи назардан мансубликни ҳис қилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан маданий-гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган Ўзбекистондан чиқиб кетган шахслар ва уларнинг авлодлари;

этник, тил ва маданий-тарихий нуқтайи назардан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган ҳамда Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқада бўлиш хоҳишида бўлган хорижда истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳисобланади.

Яъни, масалан, қозоғистонлик ёки афғонистонлик ўзбеклар ёки қорақалпоқлар ҳам ватандош ҳисобланади.

Ватандошларнинг манфаатларини ифода этадиган жамоавий маданий ва миллий марказлар, ассоциациялар, талабалар жамиятлари, мактаблар, фондлар ва тадбиркорлик тузилмалари ватандошлар ташкилотлари деб тушунилади.

Ватандошларга қуйидагилар таклиф этилмоқда:

Ватандошлар учун кириш визалари, шу жумладан, кўп маротабалик ва узоқ муддатли визалар соддалаштирилган ҳолда расмийлаштирилади.

Соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролиги берилади.

Шунингдек, хориждаги ўзбекларга Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишлари бўйича таълим олишлари учун грантлар ҳам ажратилади.

Бундан ташқари, улар ишлайдиган оммавий ахборот воситаларини аккредитациядан ўтказиш соддалаштирилади.

Муносиблари давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирланади ҳамда Ўзбекистон қонунчилиги асосида рағбатлантириб борилади.

Вақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома берилади.

Юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш, ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам берилади.

Давлат тасарруфидаги бўш турган объектлар ва ер майдонлари ватандошларга тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиб берилади.

Ватандошларнинг ўқиши, иши ва бошқа ижтимоий масалалари тўлиқ ёки қисман молиялаштирилади.

Юқори малакали мутахассислар Ўзбекистоннинг давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилинади.

Хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларга муносабат Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейингина ўзгарган эди. Ватандошлар билан алоқалар ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Ушбу соҳада давлат сиёсатини такомиллаштириш топшириғи 2017-2018 йиллардаги Давлат дастурига киритилган эди.

Шавкат Мирзиёев 2017 йилда АҚШга сафари чоғида илк марта хориждаги ўзбеклар билан учрашган ва уларни Ўзбекистонда ишлашга таклиф қилган. Шундан бери Ўзбекистондаги турли давлат ташкилотлари ва идораларига хорижда ишлаган ватандошлар раҳбарлик ва маслаҳатчи лавозимларига тайинланиб келади.

Суратда: Нью-Йоркдаги Credit Exim компанияси асосчиси, ўзбекистонлик тадбиркор Дилмурод Асқаров.

2018-10-29 14:59:22  |  2251 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация