2024 йилда бажариладиган асосий вазифалар белгилаб олинди



 
  Расм манбаси : 

20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида Палата бошқарувининг жорий йилдаги ва янги сайланган раис Шуҳрат Садиковнинг ваколат давридаги биринчи йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда 2024 йил ва умуман яқин истиқболда бажарилиши кўзда тутилган асосий вазифалар белгилаб олинди.

Бошқарув, тафтиш комиссияси аъзолари ҳамда Адвокатлар палатаси масъул ходимлари иштирок этган йиғилишни Палата раиси Шуҳрат Садиков олиб борди.

Дастлаб, кун тартибига мувофиқ, Палатаси раиси Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари штатлар жадвали ва 2024 йил учун харажатлар сметаси лойиҳаси бўйича маълумот берди. Ушбу масала юзасидан Адвокатлар палатаси бош бухгалтери Шерзод Усмоновнинг маърузаси тингланди. Бошқарув аъзолари штатлар жадвали ва 2024 йил учун харажатлар сметаси лойиҳасини бир овоздан маъқулладилар.

Шуҳрат Садиков Палата раиси ўринбосарлари сонини 4 нафардан икки нафарга қисқартиришни ва уларнинг ҳар бирини параллел равишда муҳим йўналишлардан бирига масъул қилиб белгилашни таклиф этди ва ўз номзодларини тавсия қилди. Бошқарув аъзолари томонидан:

Адвокатлар палатаси раисининг биринчи ўринбосари, Касб этикаси бўлими бошлиғи этиб – Сергей Валерьевич Иргашев;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раисининг ўринбосари, Адвокатларни касбий тайёрлаш бўлими бошлиғи этиб – Аслиддин Ахтамович Махаммадиев сайланди.

Маълумот учун, С.Иргашев 2008 йилдан бери адвокатлик фаолияти билан шуғулланади, 2009 йилдан бугунга қадар Тошкент шаҳридаги “KVESTOR” адвокатлик бюроси адвокати. 2010 йил 9 декабрдан ўриндошлик асосида Адвокатлар палатасининг Адвокатлар томонидан қонун ҳужжатларига ва адвокатларнинг касб-этикаси қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш бўлими етакчи масалаҳатчиси, 2012 йил 10 январдан мазкур бўлим бошлиғи, 2019 йил 25 январдан эса Палата раиси ўринбосари – Адвокатларнинг касб этикаси департаменти бошлиғи лавозимларида ишлаган.

А.Махаммадиев 2013 йилда адвокатура соҳасига кириб келган, Тошкент шаҳридаги “LEGAL DEFENCE” адвокатлик бюросида адвокати. Палатада 2010 йил августдан бери фаолият юритади. Дастлаб Адвокатлар томонидан қонун ҳужжатларига ва адвокатларнинг касб-этикаси қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш бўлимида маслаҳатчи, етакчи маслаҳатчи, 2019 йил март ойидан бошлаб ўриндошлик асосида Адвокатларни касбий тайёрлаш департаменти бошлиғи лавозимларида ишлаб келган.

Йиғилишда, шунингдек, Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Этика комиссияси тўғрисидаги ҳамда Илмий-услубий маслаҳат кенгаши тўғрисидаги низомлар янги таҳрирда қабул қилинди. Этика комиссияси таркибини тажрибали адвокатларни жалб этган ҳолда раис буйруғи орқали шакллантириш, иш режасини тузиш ва амалга ошириш муддатларини белгилаш кўзда тутилмоқда. Илмий-услубий маслаҳат кенгаши таркиби эса олимлар ва тажрибали адвокатлардан тузилади. Кенгаш ўз фаолиятини самарали олиб бориш учун долзарб масалалар рўйхатини тузади ва бунда адвокатлар иштирокини таъминлаш чораларини кўради.

Бошқарув йиғилишида 2024 йил якунига қадар Адвокатлар палатаси рамзи негизида адвокатлар кўкрак нишонини таъсис этиш таклифи илгари сурилди. Палатанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Илёс Юсупов нишонни доим тақиб юриладиган таниқ белгиси этиб белгилаш, хизмат кўрсатган устоз адвокатлар учун эса алоҳида нишон таъсис этиш мақсадга мувофиқлигини айтди. Бошқарув аъзолари ушбу таклифни маъқулладилар.

Шунингдек, йиғилишда Адвокат палатаси ҳузурида “Адвокат TV” жамоатчилик гуруҳи тузишга қарор қилинди. Блогер адвокатлар жалб этиладиган мазкур гуруҳ адвокатларнинг ижобий тажрибаларини оммалаштириш, адвокатлар фаолиятига оид муаммоли масалаларни ёритиш, аҳолини ҳуқуқий билими ва маданиятини оширишда интернет тармоғидан кенг фойдаланиш билан шуғулланади. Йиғилишда гуруҳга Бошқарув аъзоси, адвокат Аъзам Жўраев раҳбарлик қилиши белгиланди.

Палата раиси адвокатларнинг касбий ҳимояси масаласига алоҳида тўхталди. Маълумки, Адвокатлар палатаси раисининг 2024 йил 10 январдаги 01-қҳ-сонли буйруғи билан  Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида адвокатларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишни ташкил этиш тўғрисида низом тасдиқланган эди. Низом билан адвокатларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ ножўя ҳолатлар (таъқиблар, чеклашлар, тажовузлар)дан ҳимоя қилиш чораларини кўриш ҳудудий бошқармалар раҳбарлари зиммасига юклатилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлиги ҳудудий бошқармалар бошлиқлари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгиланди.

Раис Шуҳрат Садиков адвокатлар ўз фаолиятида дуч келаётган аксар муаммолар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат органлари ва суд тизимидаги алоҳида шахсларнинг ҳуқуқий савияси билан боғлиқлигини таъкидлаб, ҳудудий бошқармалар раҳбарларига ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Шу ўринда Навоий ҳудудий бошқармаси бошлиғи Аҳад Нарзиев тизимли муаммоларга эътибор қаратди, хусусан давлат органлари мансабдор шахсларининг адвокат сўровларига жавоб бермаслиги ҳолатларини ва бунинг учун уларни жавобгарликка тортишдаги қийинчиликлардан сўз очди. Палата раиси ушбу масала бўйича ваколатли идоралар билан иш олиб борилаётганини билдириб, ҳудудий бошқармалар муайян муаммони ўз имкониятлари доирасида ҳал эта олмаган тақдирда Палата марказий аппаратига мурожаат қилиши мумкинлигини эслатди.

Адвокат Тўлқин Саматов эса прокурор кеч келиши сабабли суд жараёни чўзилиб кетиши одат тусига киргани ҳақида гапириб, Адвокатлар палатаси прокурор ёки унинг ёрдамчиси худди адвокатлар каби ВКА орқали ишдан узилмаган ҳолда суд мажлисларида иштирок этиши амалиётини жорий этиш тўғрисида таклиф билан чиқиши мақсадга мувофиқ бўлишини айтди.

Йиғилишда адвокатлар ҳисоботи ҳажмини кўпайтирмаган ҳолда статистик ҳисобот шаклини қайта ишлаб чиқиш ва 2024 йил якуни бўйича электрон тарзда топширишга эришишга келишилди.

Бошқарув йиғилишида адвокатура ва адвокатлик фаолиятига оид ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда адвокатура ролини кучайтириш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва ваколатли идораларга киритиш масаласини ҳам атрофлича муҳокама қилди. Бу борада ишлар Палатанинг қонунчилик масалалари бўлими, Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Илмий-услубий маслаҳат кенгаши аъзолари, Бошқарув аъзолари ва ташаббускор адвокатларни жалб этган ҳолда йўлга қўйилиши белгиланди.

Бошқарув аъзолари “Йилнинг энг яхши адвокати” танловини ўтказиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Якунда танловни такомиллаштириш ва бир неча босқичда ўтказишга келишиб олинди. Палата раиси Шуҳрат Садиков фаол блогер адвокатлар учун алоҳида номинация жорий этиш таклифини берди, шунингдек ҳуқуқнинг муайян соҳасига ихтисослашган ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишида мунтазам фаолият юритаётган адвокатларнинг тажрибаларидан келгусида адвокатлар малакасини оширишда фойдаланиш режаланаётганини маълум қилди.

Йиғилишда яқин истиқболга оид барча муҳим масалалар муҳокама этилди ва таклифлар ўртага ташланиб, якуний қарор қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз.

2024-01-22 12:01:20  |  2983 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

2 изоҳлар

Сентябрь 19, 2024  20:05

1.Asass

Dsdsdfdfd

Сентябрь 13, 2024  18:09

2.Холисхон

Мени кизим шу Москва СИНЕРГИЯ Университет и ни диплом и ни олди, Узбекистонда ишлайоладими?



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация