“Йўлдан олиб ташланган” ИИБ мансабдори оқланди, “йўлтозаловчи” эса қамоқда...



 
  Расм манбаси : Xabar.uz

Жиноятчи «ясаш» фитнаси қурбони бўлган ва «жиноий шериги»га руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиш орқали қўлга киритилган “кўрсатувлар” асосида жиноий жавобгарликка тортилган яна бир жабрдийда оқланди.

Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари Умид Кличевнинг бошига тушганлари ҳақида ўқир эканмиз, «ҳатто столбаларни қамаш» мумкин бўлган кечаги кунлар ортда қолгани рост бўлсин, деймиз беихтиёр. Зеро, Xabar.uz айтоқчи, ўша “яқин ўтмишда айрим мансабдорлар учун бировни сохта айбловлар билан жавобгарликка тортишдан осони йўқ эди, гўё. Шу маънода қирққа тўлмай Гулистон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига муносиб кўрилиб, сўнг икки йил ўтмай вилоят ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосарлигига тайинланган У.Кличевнинг фаолияти кимларгадир ёқмаган кўринади. Уни сохта айблов билан «йўлдан олиб ташлаш» кўпам қийинчилик туғдирмагандир балки. Бироқ қасд қилганлар муродига етди, дейиш қийин. Чунки, У.Кличев ва унинг қатор ҳамкасб-сафдошларига «судланган» тамғасини босганларнинг ўзи ўта оғир жиноятларда айбланиб, узоқ йилларга озодлик маҳрум этилибди”.

Хуллас, У.Кличевга “ўзининг жиноий режасини амалга ошириш мақсадида А.Сидиқов билан 2017 йил 25 июнь куни Гулистон шаҳрининг 2-мавзесида («Оила бургер» кафе қаршисида) 41.000.000 сўм пулларни «қора бозор» нархида 1 АҚШ долларини 8.200 сўмдан ҳисоблаб, 5.000 АҚШ долларига айирбошлаган”лиги ва улар томонидан “бу каби ноқонуний ҳаракатларни бир неча марта такрорланганлиги айби қўйилган. Суд эса уни, гарчи айбини тан олмаса-да, А.Сиддиқовнинг босим остида берган кўрсатмасига таянган ҳолда Жиноят кодексининг 177-модда 3-қисми «а» бандига кўра (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) айбдор деб топиб, икки йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинлаган.

Аммо Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси протестига асосан Олий судда бу ҳукм бекор қилиниб, апелляция босқичида қайта кўриб чиқиш учун Жиззах вилоятига юборилган ва жорий йилнинг 21 февралида жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди апелляция инстанцияси Умид Валерьевич Кличевни (содир этилган жиноятга даҳли бўлмагани учун) оқлаш ҳақида ажрим чиқарган.

Энг муҳими, бу аччиқ тарих суд-ҳуқуқ тизими мутасаддиларини бугунги кунга ҳам теранроқ назар билан қарашга ундайди. Зеро, узоқ йиллар давомида чуқур илдиз отган бундай жирканч муаммонинг икки йил ичида таг-томири билан суғуриб ташланганлигига ишониш осон эмас...

Агар бошқачароқ фикрда бўлсангиз, илтимос, ичингизга ютманг, биз сиз учун холис минбар бўлишга ҳаракат қиламиз...

2019-03-04 22:24:41  |  2258 |   0  | 

1 изоҳлар

Март 14, 2019  17:33

1.Дилшод

Бундай холатларни йукотиш учун бази бир судяларни алмаштириш керак



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация