Суд раиси билан очиқ мулоқот ва адвокатларга услубий тавсиялар



 
  Расм манбаси : 

18 февраль куни Республика Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Услубий-маслаҳат кенгаши раиси ва “Advokat” журнали таҳрир кенгаши раҳбари Баҳром Саломов ва “Advokat” журнали бош муҳаррири Ойбек Мўминов адвокатлар билан учрашиб, соҳага доир муаммолар, режалар хусусида фикрлашиб олиш учун Наманган вилоятида бўлишди. Тадбирга вилоят суди раиси Алишер Усмонов ҳам таклиф этилган, аниқроғи унинг ўзи адвокатлар билан мулоқот қилиш истагини билдирган экан.

Бу барча айни муддао бўлди. Ахир суд-ҳуқуқ тизимига оид масалаларни журналист ва адвокатлар муҳокама қилганидан кўра суд органининг раҳбар мулозими билан муҳокама қилган яхши-да, барибир. Адвокатлар ўз касб фаолиятида дуч келаётган муаммоларнинг аксари бевосита ёки билвосита суд идорасига бориб тақалади. Қолаверса, бунақа учрашув ҳар куни бўлавермайди, адвокатларнинг эса гаплари йиғилиб қолган.

Кутганимиздек, йиғин очиқ, самимий ва қизғин руҳда ўтди.

Палатанинг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Баҳодир Каримов тадбирни очиб, биринчи сўзни вилоят суди раисига берди.

Яқинда Президент администрациясидан вилоят судига ишга ўтказилган Алишер Усмонов, лавозимида янги бўлса-да, асли суд-прокуратура органларидан суяги қотгани боис аҳволни яхши билар экан. Раис қисқа нутқида мамлакатимиз одил судлов тизими фаолиятини таҳлил қилди. Назаримизда, етарлича холис, танқидий назар билан ёндашди. Муаммоларни инкор этгани йўқ – тан олди, муҳим ва оғриқли нуқталарни санаб ўтди. Ҳатто, институционал ва процессуал ўзгаришларга баҳо бераркан, “бир суд – бир инстанция” тизимини жорий этиш катта хато бўлганини ва натижада ислоҳотлар бир қадар оқсаб қолганини айтди.

Нутқдан сўнг адвокатлар раисни саволларга кўмиб ташлашди. Суд биноси эшигидан кириб-чиқиш қоидаларидан тортиб, судьяларнинг билим ва малакасигача – ҳеч бир муаммо айтилмай қолмади.

Жумладан, бир савол қамоқ эҳтиёт чораси судьялар томонидан ниҳоятда суиистеъмол қилинаётгани ҳақида бўлди. Алишер Усмонов жавобида судьялар бу борада қарийб тўлиқ тергов органи измида қолаётгани ва амалда жазоловчи функциясини бажараётганини эътироф этаркан, этни жунжиктирувчи статистикани келтирди:

– 2022 йилда Наманганда жиноят ишлари бўйича судларга қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллашни сўраб 2029 та илтимоснома киритилган. Шундан 2024 та ёки 99,75 фоиз (!) илтимоснома қаноатлантирилган. Бошқа вилоятларда ҳам аҳвол тахминан шундай, нари борса бир фоиз ортиқ ёки кам бўлиши мумкин. Республика бўйича эса 97,8 фоиз ҳолларда судлар қамоқ эҳтиёт чорасини тайинлаган...

Адвокат Ўктам Жамолов адвокатларга нописандлик билан қарайдиган, нодонлик ёки кибр-ҳаво туфайли адвокатнинг процессуал мақоми ва мажбуриятларига зид хатти-ҳаракатлар содир этаётган судьяларга тўхталди. “Ўз фаолиятимда шунақа судьяларга бир неча бор дуч келдим. Бири менинг ҳимоям остидаги шахс билан шартномамни муҳокама қилиб, Бошқармага хат юборган эди. Яна бир ҳолатда эса суд мажлисига раислик қилаётган судья менга ишонч билдирган фуқарони ёнига чақириб: “Адвокатингизга қанча пул бергансизки, бу қадар куйиб-пишади?” деб сўраганида ҳанг-манг бўлиб қолганман. Наҳотки судья адвокатнинг мижоз билан шартномаси касб сири сифатида қонун билан қўриқланишини тушунмаса?..”, деди у.

Савол ва жавобларнинг барчасини қайд этишимиз шарт эмас, бизнингча. Зеро, адвокат халқининг суд идораси фаолиятига нисбатан қанақа эътирозлари борлиги маълум. Айни учрашув бошқа исталган вилоятда бўлган тақдирда ҳам худди шу саволлар янграган бўлур эди.

Вилоят суди раиси Алишер Усмонов барча саволларни дафтарига ёзиб олиб, ўз ваколатлари доирасидаги муаммоларни тез орада бартараф этишга, бутун тизимга тааллуқли масалаларни эса юқори турувчи раҳбарият билан муҳокама қилишга ваъда берди.

Ислоҳотлар 4-5 йилдан буён давом этаётган бўлса-да, ижобий ўзгаришларга эришиш жуда қийин кечаётганига қараганда том маънода мустақил ва холис суд ҳокимиятига эришиш учун ҳали кўп тер тўкиладиганга ўхшайди. Тажрибалардан маълумки, ислоҳотлар самараси ижрочиларга – кадрларга боғлиқ. Бинобарин, тизимда муносиб кадрларни кўпайтириш керак, бу эса вақт талаб қилади, айни чоғда судьяларнинг процессуал мустақиллигини таъминлашнинг қонунчиликка алоқадор ва ташкилий жиҳатлари узлуксиз такомиллаштириб борилиши лозим. Алишер Усмонов Олий суднинг янги раҳбарияти ва бошқа ваколатли идоралар вазиятдан хабардорлигини, уни бартараф этиш чораларини кўриш устида жиддий иш олиб борилаётганини билдирди. Очиғи, суд раиси масъулиятли ва соҳани ўзгартиришни чиндан хоҳлаётган раҳбар каби таассурот қолдирди, унинг тадбирдаги иштироки йиғилганларга, шу қаторда бизга ҳам бирмунча некбинлик берди.

“Ҳа, қиладиган иш ҳали кўп. Очиғи, биз чинакам одил судлов тизимини қуриш йўлининг бошида турибмиз холос, аммо бу йўлга кириб бўлганмиз ва энди орқага қайтиш йўқ. Оғир ва машаққатли бу жараённи албатта охирига етказамиз, бунинг учун сиз – адвокатлар билан тез-тез кўришиб, мана шундай очиқча гаплашиб туришимиз керак”, деди сўзи якунида А.Усмонов.

Суд раисидан кейин адвокат Баҳром Саломов адвокатура соҳасига оид сўнгги қонунчилик янгиликлари ҳақида маъруза қилди, хусусан, мамлакат президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ихтисослашган прокурорлар корпусини ташкил этишдан мақсад-муддаони тушунтириб, мазкур ташаббус судларга айблов хулосасини тақдим этиш ва протест келтиришда прокурорларнинг масъулиятини оширишига ва пировардида суд қарорларининг қонунийлиги яхшиланишига олиб келишини айтди. Шунингдек, нотиқ ўз сўзида адвокатларга касб малакасини ва фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш бўйича зарур маслаҳат ва тавсиялар берди.

– Биз адвокатларга одил судлов тизимида жуда катта вазифа юкланган. Қолаверса, айрим Ғарб мамлакатларидан фарқли ўлароқ бизда адвокатура соф тижорат ташкилоти эмас, яъни фойда олишни кўзламаймиз. Шундай экан, қонун билан олган ушбу мажбуриятимиз доирасида аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд қатламига ҳам имкон борича малакали юридик ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилишимиз лозим. Айниқса, ўзига тўқ, таниқли ҳамкасбларимизни бу борада фаолроқ бўлиб, ёшларга намуна кўрсатишга чақирган бўлур эдим, – дея сўзини якунлади Баҳром Саломов. 

“Аdvokat” журнали бош муҳаррири Ойбек Мўминов эса таҳририятнинг журнални том маънода соҳа минбарига айлантириш режасидан гап очиб, адвокатларни суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, қонунчилик ва амалиёт билан боғлиқ ва, умуман, адвокатлар учун долзарб бўлган ҳар қандай масалаларни ёритиш бўйича журнал билан узвий ҳамкорлик қилишга чақирди.

– Журналимиз адвокатлар фаолиятидаги муаммоларни, уларнинг ташвишларини акс эттириши керак. Токи ҳар бир адвокат уни варақлаганда ўз кўнглидаги гапларни ўқисин. Шу муносабат билан таҳририят муҳим мавзуларда мақолалар тайёрлаш учун адвокатларнинг талабига кўра вилоятларга мухбир жўнатишга тайёр, – деди у.

Услубий маслаҳат ва фикрлашув йўсинидаги бундай учрашувлар мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида давом этади.

Ўз мухбиримиз.

2023-02-20 21:07:44  |  1789 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация