Пайариқда ўлимни қайд этган врачни марҳумнинг қариндоши дўппослади



 
  Расм манбаси : Daryo

Беморнинг жони узилганини дастлаб чақирув бўйича борган тез ёрдам шифокори қайд этган эди. Бироқ марҳумнинг қариндошлари унга ишонмай, касалхонага элтишади. Анестезиолог-реаниматолог Хуршид Абдурасулов ўлимни тасдиқлаганида марҳумнинг яқинларидан бири, Н.Э. уни уриб, икки бармоғи синдиради

15 февраль куни Пайариқ шаҳри «Гўзал» маҳалла фуқаролар йиғини Жалолиддин Мангуберди кўчасида яшовчи фуқаро Н.Э. туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Реанимация бўлимида навбатчиликда бўлган анестезиолог-реаниматолог шифокор Хуршид Абдурасуловни ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказган. Шунингдек, реанимация бўлими бошлиғи Абдумажид Эргашевни ҳақорат қилган.

Ушбу воқеа юзасидан «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев журналистик суриштирув олиб борди.

– 15 февраль куни тунги навбатчилик пайтида соат тахминан 21:00 атрофида тез ёрдам машинасида бемор аёл олиб келинди. Бемор бизнинг бўлимга олиб келинмасдан аввал вафот этган экан, – дейди реанимация бўлими бошлиғи Абдумажид Эргашев. – Биз беморнинг яқинларига у аллақачон вафот этганлигини айтиб, ҳамдардлик билдириб, уни олиб кетиш лозимлигини айтдик. Бироқ маст ҳолатда бўлган Н.Э. жанжал қилиб эшикларнинг ойналарни синдириб ташлади.

Маълум бўлишича, 58 ёшли аёл бир неча йиллар давомида қалқонсимон без касаллиги ва бронхиал астма касаллиги билан хасталаниб, даволаниб юрган экан. Бемор уйида астма касаллиги хуруж бериши натижасида жони узилган. Бемор вафот этганидан сўнг унинг яқинлари тез тиббий ёрдамни чақиришган. Тез тиббий ёрдам шифокори текширувдан ўтказиб, унда ҳаёт белгилари йўқлиги, бемор оламдан ўтганлигини айтиб уларга ҳамдардлик билдирган. Бироқ маст ҳолатда бўлган фарзандлари вафот этган одамга ёрдам беришни талаб қилган. Уларнинг важоҳати кучайиб бораверганидан сўнг тез ёрдам шифокори сунъий нафас берган. Кейин адреналин дорисидан юборган. Сунъий нафас берилганда ҳаво ошқозон ва қоринга қараб ўтган. Марҳума озгина қимирлаганда бояги ҳаво чиқиши натижасида қорин қисми худди нафас олгандек қимирлаган. Бу ҳолатни кўрган марҳуманинг фарзандлари сен нима деяпсан, мана нафас оляпти-ку, дея вафот этган одамни шифокорга олиб борасан, деб мажбурлаган.

– Беморни бақир-чақир билан олиб келди. Реанимацияга келиши билан уни аҳволини кўриб, вафот этганлигини айтдик. Ҳаттоки танаси совиб бўлганди. Ҳатто танада мурда доғлари ҳам пайдо бўлганди. Биз бемор ўлган эканлигини айтганимиз биланоқ маст ўғли жанжал қилиб эшикларнинг ойналарни синдириб ташлади, – дейди шифокор Хуршид Абдурасулов. – Бўлимдаги оғир касаллар ётган беморлар палатасидаги эшикнинг ойнасини ҳам синдириб ташлади. Биз у палатада ётган беморни аҳволини катта қийинчилик билан яхшилаб олгандик. Беморлар тинчлигини бузманг, деганимиздан сўнг бизга ёпишиб кетди. Натижада иккита бармоғимни синдириб олдим. Бошқа бўлимдаги шифокорларни ва ички ишлар ходимини чақириб, қийинчилик билан вазиятни бартараф этдик.

Мазкур ҳолат юзасидан чақирув асосида бемор хонадонига борган Пайариқ туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими шифокори билан ҳам суҳбатда бўлдик. Шифокор ўзини номини ошкор қилмасликни, ўша кунги воқеалар ҳамон кўз олдидан кетмаётганлигини билдирди.

– Борганимда беморни текшириб кўриб, вафот этганлигини айтдим. Аммо фарзандларининг қистови сабаб сунъий нафас бериб, юракка қувват берувчи дори қилдим. Бироқ беморда ўпка ва юрак фаолияти тикланмади, – дейди тез тиббий ёрдам шифокори. – Беморнинг фарзандлари уни шифохонага олиб борасан, деб босим ўтказганидан сўнг тиббиёт бирлашмасига олиб келдим.

Н.Э.нинг асоссиз жанжали, шифохонадаги тартибни бузгани ва беморларнинг ҳаётига хавф солувчи ҳолатларни келтириб чиқаргани учун жабрланувчи шифокор Хуршид Абдурасулов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Бироқ бўлган воқеа юзасидан қилган мурожаатини туман прокуратураси қабул қилмаган.

– Шифохонада содир бўлган жанжал юзасидан туман прокуратурасига тиббиёт бирлашмамиз номидан мурожаат қилдик. Аммо прокуратура бунақанги аризаларни қабул қилмаймиз, деб аризамизни қайтариб юборди, – дейди Хуршид Абдурасулов. – Шифокорларни одам ўрнида кўрмай қўйди. Туман тиббиёт бирлашмасида сўнгги пайтларда бунақанги ҳолатлар жуда кўп бўлмоқда. Наҳотки бундай ҳолатларнинг олдини олишнинг имкони бўлмаса?

Пайариқ туман ТТБ Реанимация бўлимида навбатчиликда бўлган анестезиолог-реаниматолог шифокор Хуршид Абдурасулов ҳамда реанимация бўлими бошлиғи билан боғлиқ ҳолатни ўрганиш жараёнида туман ИИБ Тергов бўлими томонидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилаётганлигига гувоҳ бўлдик. Туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ҳолат юзасидан атрофлича ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бориб, қонунбузарга нисбатдан тегишли тартибда чора кўрилишини билдириб ўтди, дейилади хабарда.

2019-02-18 19:17:10  |  2271 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация