“Чашмаи Аюб” ёдгорлиги пештоқидан кошин бўлагини кўчириб, чет элга сотиб юборган жиноий гуруҳга суд ҳукми ўқилди
Араб ёзувидаги “Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: Авваллари сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Бас, энди уларни зиёрат қилаверинглар”. Бу иморат ҳижрий олти юз бешинчи йили қад ростлаган”, битигидаги “605” рақами ёзилган кошин бўлагининг дараги Буюк Британиядан чиқди. “Mayfair” галереясида 2017 йилда сотувга қўйилган ноёб парча Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг аралашуви билан мамлакатимизга қайтарилган
Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туман судида судланувчилар А.А., Г.З. Жиноят кодексининг 132-моддаси (Моддий-маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) 2-қисми билан (кўп миқдорда зарар етказиш), 169-модда (Ўғирлик) 4-қисми “а” банди билан (жуда кўп миқдорда зарар етказиш), 28, 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) 2-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказиш) билан айбландилар, деб ёзади Kun.uz.
“Chashmai Ayub” ёдгорлиги пештоқи.
Жиноят иши нимадан иборат эди?
Аниқланишича, судланувчилар аниқлаш имкони бўлмаган шахс билан олдиндан келишилган ва пухта режа асосида 2010 йилда Бухоро вилояти Вобкент тумани, Хайробод қишлоғида жойлашган давлат муҳофазасига олинган моддий-маданий мерос объекти – “Чашмаи Аюб” ёдгорлик хазирасини, гўёки ўз ҳисобидан ҳомийлик қилиш – таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаган. Лекин тегишли қонун ҳужжатларини бузган, хусусан Маданият вазирлигининг рухсатномасини олмаган.
2011 йилнинг ёз ойларида З.Г. томонидан ёлланган ишчилар ёрдамида, ёдгорлик пештоқидаги, номоддий маданий мерос объекти ҳисобланган кошин бўлакларига араб ёзувида битилган – “Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: Авваллари сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Бас, энди уларни зиёрат қилаверинглар”. Бу иморат ҳижрий олти юз бешинчи йили қад ростлаган”, дея ёзилган битикдан “605” рақами ёзилган кошин бўлагини кўчириб, ушбу ҳаракатлари билан ёдгорликка шикаст етказган, уни қайта реставрация қилиш баҳонасида ўғирлик эканини сездирмай Тошкент шаҳрига олиб келган. Ёдгорлик бўлагини А.А.га берган.
Шундан сўнг, кошин бўлагини туркиялик (аниқлашни имкони бўлмаган) шахсга сотиш учун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясида борт кузатувчиси бўлиб ишлаган И.А. билан жиноий тил бириктириб қонун ҳужжатларини бузиб, кошин бўлагини мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетган.
Қонунчилик бузилишига сабаб бўлган хатти-ҳаракат нималардан иборат, деган ҳақли савол туғилади.
Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августдаги 678-I-сонли “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида” ги Қонунининг 8-моддасида “Эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар ҳамда давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрига киритилган маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас”, деб кўрсатилган. Бундан ташқари, судланувчилар ушбу қилмишни божхона назоратини четлаб ва божхона назоратидан яшириб чет эллик – туркиялик номаълум шахсга етказиб берган.
Шундан сўнг, “Чашмаи Аюб”дан ўғирлаб кетилган кошин бўлаги Германия Федератив Республикаси орқали Буюк Британиянинг “Mayfair” галереясида 2017 йилда сотувга қўйилади. Бу аниқлангач, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг аралашуви билан кошин бўлаги мамлакатимизга қайтарилган.
Суд томонидан тайинланган экспертиза натижасида кошин бўлаги “Чашмаи Аюб” ёдгорлиги пештоқидаги бошқа кошин бўлаклари билан бир бутун яхлитлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектининг комплекс комиссиявий экспертизасининг хулосасига кўра, кошин бўлаги шартли равишда 450.000 минг АҚШ доллари дея баҳоланган.
Бундан ташқари, суд ашёвий далил сифатида бир дона тўппончани, 17 дона сариқ рангли патронлар, бир дона қора ствол мосламаси (глушитель)ни Тошкент шаҳар ИИБ ихтиёрига топширишни лозим топди.
Жиноят оқибатида келтирилган сарф-харажатлар А.А.нинг яқин қариндошлари томонидан бартараф этилган.
А.А. Жиноят кодексининг 132-моддаси 2-қисми, 169-моддаси 4-қисмининг “а” банди, 28, 182-моддаси 2-қисмининг “а” бандидаги жиноятларни амалга оширганлиги ўз исботини топди. Шу сабабдан 20.020.000 сўм миқдорида жарима ва 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчи Г.З.га қўйилган айблар ҳам исботланди. Суд уни Жиноят кодексининг 132-моддаси 2-қисми, 169-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан айбли деб топди. Судланувчига 4.290.000 сўм миқдорида жарима ва 5 йилга озодликни чеклаш (халқ тилида уй қамоғи) жазоси тайинланди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш