Ноқонуний олиб кетилаётган 3,5 млн доллар чегарада тўхтатиб қолинди
Икки ҳолатда жами 3 млн. 534 минг 650 АҚШ долларини Қирғизистонга яширинча олиб ўтишга уринишган
ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона – Юқори Водил йўналиши бўйича ҳаракатланаётган “Нексия” автомашинаси Водил йўлининг «Новкент» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тўхтатилди. Машина кўздан кечирилганда, унинг иситиш мосламаси ичида 23 та ўрамда АҚШ доллари борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, ушбу пуллар мазкур машинада кетаётган Абдулҳай Муқадасовга тегишли бўлган.
“Нексия” автомашинаси эгаси, Водил қишлоғида яшовчи Алижон Деҳконбоевнинг айтишича, у 50 доллар эвазига Абдулҳай Муқадасовни Қўқон шаҳрига олиб бориб, ушбу валюталарни олиб келган.
Тезкор суриштирув давомида Алижон Деҳқонбоевнинг яшаш хонадонидан ҳам 24 та ўрамда бўлган АҚШ доллари олинди.
Шунингдек, Абдулхай Муқадасов ушбу валюталарни Қўқон шаҳрида Ўлмас Қодировдан олгани аниқланди ва у ҳам ушланди. Ноқонуний пулларнинг умумий миқдори 1 млн. 763 минг долларни ташкил қилди.
Яна бир ҳолат. Қирғизистонда туғилиб ўсган ва ҳозирда Фарғона вилояти Фарғона туманида истиқомат қилувчи 56 ёшли Абдураҳмон Ёрматовнинг автомашинаси ҳам кўздан кечирилганда 35 дона ўрам топилди. Улар очиб текширилганда 1 млн 771 минг 650 АҚШ доллари борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, Бувайда туманида яшовчи Нурали Жўраев ушбу пулларни Тошкентдан Фарғонага келтириб берган. Абдураҳмон Ёрматов эса уларни ноқонуний йўллар орқали Қирғизистон Республикасига ўтказиб бериши керак бўлган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қонунбузарлардан жами 3 млн. 534 минг 650 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш