Нопокликнинг умри қисқа ёхуд татимаган жирканч даромад



 
  Расм манбаси : Aferizm.ru

Жамиятимизда аёлга юксак таърифу ташбеҳлар берилиб, чексиз ҳурмат ва иззат кўрсатилади. Унинг мақоми муҳтарама она, суюкли ёр, меҳрибон ва покиза қиз сифатида бениҳоя улуғланади. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмас – бу юксак номга доғ тушириб, юзи шувут бўлиб қолаётган аёллар ҳам, афсуски, ҳаётда учраб туради.

Улар бойлик, мол-дунё топиш илинжида ўз ор-номуси, шаъни ва қадр-қимматини бозорга солиб, шаҳ­воний мақсадларда сотаётган кимсалардир. Ачинарлиси, бу кимсалар фар­зандларининг тарбиясига ҳам салбий таъ­сир ўтказади. Чунки улар ўзларининг яшаш­ хона­донларини кўнгил­хушликлар учун “ишқ макони”га айлантиради. Бу каби нохуш ҳолат­ларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбирлар олиб борилиб, уларнинг ахлоқсиз қилмишлари фош этилмоқда.

Масалан, Сожида Раззоқова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай пулни ор-номусдан устун қўйган аёллардан бири. У асли хоразмлик бўлиб, вақтинча ишсиз, пойтахтда оиласи билан яшайди. Ёш бўлишига қарамай, бирон-бир ҳунарнинг бошини тутай демайди. Балки маънавий бузуқ кимсаларга кўнгилхушлик қилишлари учун шароит яратиб, “хизмат ҳақи” олиб келган. Навбатдаги мижози унинг жирканч даромадига панд берди.

...Сожида телефон гўшагини кўтараркан, ўзини Темур, деб таништирган йигитнинг илтимосидан бироз дадилланди. Чунки бу йигит унинг телефон рақамини Одил берганлигини айтганда, кўнглидаги барча гина-кудуратлар эсдан чиқиб, суюниб кетди. Чунки сўнгги пайтда Одил билан ўртасидаги келишмовчилик сабаб Сожида турар жойини ўзгартириб кетганди. Одил мени унутмабди, деган хаёл билан Темурдан шубҳаланиб ўтирмади, ёрдам беришини айтди.

– Опажон, кўпдан бери яхши кўриб юрадиган қизим бор, шунга бир-икки соатга жой топиб беринг,  – деди Темур орсизларча.

– Одил айтган бўлса “хўп” дейишдан бошқа иложим йўқ, – деди Сожида хотиржам оҳангда.

– Хизмат ҳақингизга 300 минг сўм берсам, рози бўларсиз, – деди Темур савдосини аниқ қилиб.

– Бу камроқ, дердиму, лекин пулга муҳ­тожман, онам касал, даволатишим учун пул керак бўлиб турибди, – деди Сожида хўрсиниб.

Темур кечки пайт “маъшуқаси”ни олиб кўн­гил­хушлик қилгани боришини айтиб, телефон гўшагини қўйди. Сожида эса осонгина келаётган луқмадан ҳаво­ла­ниб, енгил нафас олди.

Бироқ халқимизда “нопокликнинг умри қис­қа”, деб бежиз айтишмаган. Сожидага харом йўл билан пул топиш татимади.

Сожида Раззоқова ўзининг ижара уйида маъ­навий бузуқ фуқароларнинг кўнгилхушлик қилишлари учун шароит яратиб бериш эвазига “хизмат ҳақи” олаётганида қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан С.Раззоқова қўшмачилик ва фо­ҳишахона сақлаш жиноятини содир этганликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилди.

Аҳрор ХАШИМХОНОВ,

жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси

(“Инсон ва қонун” газетасидан олинди).

2018-10-25 18:07:54  |  1928 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация