Фуқаролик ишлари бўйича судларга ваколатларнинг бир қисми қайтарилди



 
  Расм манбаси : Norma.uz

2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ–496-сон Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар беради Norma.

Масаланинг тарихига назар: 2018 йил 1 апрелгача фуқаролик ишлари бўйича судлар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятлар бўйича ишларни суд ишини юритишнинг алоҳида тури сифатида кўриб чиқар эди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс кучга кириши билан маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ишлар махсус ташкил этилган маъмурий судларга топширилди. Бир вақтнинг ўзида Фуқаролик процессуал кодекснинг янги таҳриридан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан шикоятларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши тўғрисидаги боб чиқариб ташланди. 

Ана шу тааллуқлиликни қайта тақсимлаш жараёнида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келмайдиган қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни қайси судлар кўриб чиқишлари кераклиги ҳақидаги масала ҳал этилмай қолди. Масалан, ХУМШнинг мажбурий бадаллар миқдорларини белгилаш тўғрисидаги қарорлари устидан шикоятларни. Судлар ўртасида тааллуқлилик юзасидан ихтилофлар юзага келди.  

Қабул қилинган ҳужжат билан тушунмовчиликларга барҳам берилди. Ушбу тоифадаги ишлар фуқаролик ишлари бўйича судларга тааллуқли эканлиги белгиланди. Шу билан бирга, энди улар даъво ишини кўриш тартибида кўриб чиқилади. Даъво аризаси фуқаронинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида унга маълум бўлган пайтдан эътиборан 3 ой ичида (даъво муддати) судга берилиши мумкинлиги белгиланди. Бу илгари амал қилган қоидага ўхшаш, бироқ мазкур ҳуқуқий муносабатлар бўйича олдиндан маъмурий шикоят бериш имкони йўқлиги сабабли юқори турувчи ташкилот шикоятни қаноатлантиришни рад этган кундан бошлаб бир ойлик муддат ёхуд уни кўриб чиқишнинг бир ойлик муддати ўтиши ҳам бўлмайди. Даъво аризаси беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.

Даъво аризасида қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

1) низолашилаётган қарорни қабул қилган корхона, муассаса, ташкилот, жамоат бирлашмасининг номи ёки низолашилаётган ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахснинг фамилияси ва исм-шарифининг бош ҳарфлари;

2) низолашилаётган қарорнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, низолашилаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой;

3) даъвогарнинг фикрига кўра, низолашилаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли бузилаётган ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги маълумотлар;

4) даъвогарнинг фикрига кўра, низолашилаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қайси қонун ҳужжатига зид бўлса, ўша қонун ҳужжати;

5) даъвогарнинг қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби.

Даъво аризасига ФПКнинг 191-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек низолашилаётган қарорнинг матни илова қилинади.

Суд низолашилаётган қарорнинг ёки унинг айрим қисмларининг, ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қонунийлигини, низолашилаётган қарорни қабул қилган корхона, муассаса, ташкилот, жамоат бирлашмасининг ёхуд низолашилаётган ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахснинг ваколатларини текширади, шунингдек низолашилаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган-бузмаганлигини аниқлайди. Ишни кўриш натижалари бўйича даъво аризаси қаноатлантирилса, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида қуйидагиларни кўрсатади:

1) низолашилаётган қарорни қабул қилган корхона, муассаса, ташкилот, жамоат бирлашмасининг номи ёки ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, низолашилаётган қарорнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, низолашилаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой;

2) низолашилаётган қарорнинг тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб ёки ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қонунга хилоф деб топилганлиги;

3) суд харажатларининг тақсимланиши.

Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 2018 йил 12 октябрдан кучга кирди.

2018-10-16 11:53:44  |  2816 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация